Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Ойни этак билан ёпиб бўлмайди. Ёки яна «Андижоннома» ва ороми бузилган ҳоким ҳақида...

Ойни этак билан ёпиб бўлмайди. Ёки яна «Андижоннома» ва ороми бузилган ҳоким ҳақида...

Кеча Андижон вилояти мутасаддиларининг пайтавасига қурт тушгани рост. Вилоят ҳокимининг ороми бузилганини-ку, айтманг... Ахир, айнан унинг «Андижоннома» таҳририятига сирли ташрифи ва салом-аликни насия қилиб жўнаворгани, кўп ўтмай таҳририят биноси бузилишига оид хабарлар урчиши ортидан шу даргоҳда заҳмат чекиб юрган журналистларнинг мамлакат Президентига мурожаат қилгани ҳазилакам гапми?! Бу ҳақда оммавий ахборот воситалари, хусусан, «Xabar.uz»да бонг урилгани-чи?!

Хабарлар мўлжалга теккани аниқ. Йўқса, вилоят ҳокимлиги тезкорлик билан расмий муносабат билдирмаган, ҳокимлик курсисига ўтирганидан бери «Андижоннома»нинг аҳволи, унда меҳнат қилаётган ходимларнинг ҳолидан бир марта бўлсин хабар олмаган Шуҳрат Абдураҳмонов ҳамма ишини йиғиштириб, уларни қидиришга тушмаган бўларди-да.

Ҳар не ишда ҳикмат бор деган гап тўғри. Мана, «Андижоннома» ходимларининг Президентга мурожаат қилгани ҳақида хабар берилиши ортидан ҳоким кечанинг ўзида (вақт алламаҳал бўлганига қарамай!) таҳририят аъзолари билан учрашибди. Хўб яхши. Учрашув аввалида «Xabar.uz»га маълумотни ким берди? Мақолани ёзган ким?» қабилида қисти-басти қилинганини айтмаганда, мулоқот яхши ўтибди.

Ҳоким  учрашувда нималар деган, қандай ваъдалар берган, шу баробарида журналистлар қандай масалаларни ўртага ташлаган – буларнинг баёнига ҳожат йўқ. «Келинни келганда кўр, сепини ёйганда кўр» деганларидек, берилган ваъдаларнинг амалдаги ифодасига қараб, бир нима дейиш мумкин.  Ҳозир гап бунда эмас.

Гап шундаки, кечанинг ўзида вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати ҳоким билан учрашган ҳамкасбларимиздан қисқа-қисқа интервьюлар уюштириб, ижтимоий тармоққа жойлашга ҳам улгурибди! Қойил демай илож йўқ. Ғалати тарафи, ҳоким ҳузуридан чиққанлар «Андижоннома» таҳририяти биноси бузилишига оид хабарлар асоссизлиги, уни эълон қилишда шошма-шошарликка йўл қўйилганини бири олиб, бири қўйиб иддао қилишган?! Тавбангдан кетайликки, айни мазмундаги хабарлар Андижондан чиққани рост, «Андижоннома» таҳририяти ходимларининг Президентга мурожаат қилгани ҳам инкор этиб бўлмас факт! Ҳатто ҳокимликнинг ўзи расмий муносабатида бино бузилиши мумкинлигини тасдиқлаб турибди. Шундай экан, хабарларнинг нимаси асоссиз, нимаси ёлғон?! Бор нарсаларни инкор этишнинг ўзи бориб турган ёлғончилик эмасми?!

Албатта, бу ўринда ҳамкасбларимизни «айтадиям, қайтадиям» қабилида иш кўрганликда айблаш фикридан йироқмиз. Кутилмаганда «пластинка тескари айланиши» ҳоким билан учрашувнинг қувватидан дарак, аслида. Яъниким, нима бўлсаям ҳокимга гап тегмасин, унинг раҳнамолигида катта ишлар амалга оширилмоқда, билиб-билмай Президентга қилган мурожаатимиз вилоятимизнинг ойдек гўзал жамолига соя ташлаши мумкин экан, биз билмабмиз, узр-узр, минг узр... 

Майли, истеҳзо ўз йўлига, бироқ ҳақиқат шуки, маҳаллий журналистларни «тескари гапиртиришга» мажбурлаш вилоятда оммавий ахборот воситаларига бўлган муносабатни яна бир карра кўрсатиб қўйди! Яна бир гапки, кўтарилган масалага шу тариқа «шўрпахта» қўйилган бўлса, биз рози. Аммо вазият минг бежалиб, унга бошқача либос кийдирилмасин, ойни этак билан ёпиб бўлмайди.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг