Озарбайжон омбудсмани икки муҳим масала бўйича баёнот берди
Озарбайжон Республикасининг инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Сабина Алиева Халқаро терроризм қурбонларини ёдга олиш куни муносабати билан баёнот берди.
«БМТ Бош ассамблеясининг 2017 йил 19 декабрдаги резолюциясига мувофиқ таъсис этилган Халқаро терроризм қурбонларини ёдга олиш куни ҳар йили дунё бўйлаб 21 август куни нишонланади. Ушбу санани таъсис этишдан кўзланган мақсад террор қурбонларини ёдга олиш, уларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг ҳақ-ҳуқуқлари ва асосий эркинликларини тўлақонли юзага чиқаришдан иборатдир», – дейилади баёнотда.
С.Алиева узоқ йиллар давомида қўшни давлатнинг террор сиёсатидан азият чеккан мамлакат вакили сифатида қўпорувчилик ҳаракатларининг барча шаклларини қоралаган ҳамда халқаро ҳамжамиятни ушбу офатга қарши курашни кучайтиришга ундаган.
Озарбайжон омбудсмани яна бир масала – ишғолдан озод қилинган ҳудудларда мина портлаши оқибатида қурбонлар сони ошиб бораётгани юзасидан ҳам баёнот берган. Хусусан, 20 ва 21 август кунлари Лочин туманида мина портлаши оқибатида икки нафар Озарбайжон аскари жароҳатланган. Қайд этилишича, миналарнинг харитаси йўқлиги шу каби оғир оқибаталарга олиб келмоқда. С.Алиева бу борада ҳам халқаро ҳамжамиятни фаолликка ундаган.
Эслатиб ўтамиз, Озарбайжоннинг инсон ҳуқуқлари бўйича вакили 2021 йил 16 июнь куни Тошкентда ўтказилган Иқтисодий ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатлар омбудсманларининг 4-йиғилишида қатнашган ҳамда Олий Мажлиснинг инсон ҳуқуқлари бўйича вакили Феруза Эшматова билан ҳамкорлик алоқаларини муҳокама қилган эди.
Икки давлатнинг инсон ҳуқуқлари масъуллари жорий йил май ойида Бурса шаҳрида ташкил этилган Туркий тилли давлатлар омбудсманлари йиғилиши доирасида ҳам учрашган.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter