Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Ўзбек хирургияси тарихида илк маротаба бир пайтнинг ўзида юрак ва буйракда ноёб операция ўтказилди

Ўзбек хирургияси тарихида илк маротаба бир пайтнинг ўзида юрак ва буйракда ноёб операция ўтказилди

Фото: ССВ матбуот хизмати

Академик В. Воҳидов номидаги Республика ихтисослаштирилган хирургия илмий-амалий тиббиёт марказида бир вақтнинг ўзида юрак коронар-шунтлаш ва буйрак трансплантацияси амалиёти ўтказилди. Миллий хирургиямиз тарихида илк ноёб операция ўзбек кардиожарроҳ ва трансплантологлари томонидан мустақил бажарилди, дейилади Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати хабарида.

Давронбек Ғойибов 47 ёшда. Юқори қон босими, бош оғриғи, кўз хиралашиши ва доимий чарчоқ каби асоратлардан азият чекиб келган бемор ўзида сурункали буйрак етишмовчилиги борлигидан хабар топади ва диализ муолажаларини ола бошлайди.

Қолаверса, Даврон ака кўп йиллардан бери қандли диабет, гипертония касаллиги билан кардиолог ва эндокринолог назоратида ҳам турарди. Буларнинг барчаси унинг аҳволини янада оғирлаштирди.

Натижада сентябр ойида Хирургия марказига буйрак кўчириб ўтказиш бўйича мурожаат қилади. Беморга ўз қизи Зебинисо Ғойибова донорлик қиладиган бўлди.

«Буйрак трансплантацияси жуда узоқ вақт давом этиши сабабли буни хастанинг юраги кўтара олмаслиги мумкин эди», — деди марказнинг бўлим мудири, профессор Фазлиддин Баҳриддинов. — Чунки текширувлар давомида бемор юрагининг учта жойида жиддий муаммо аниқланди. Операция давомида юрак танага қон етказиб бера олмасдан, инфаркт юзага келиши хавфи бор эди. Шунинг учун ҳам режалаштирилган амалиёт икки босқичда ўтиши белгиланди.

Биринчи босқичда юракда коронар-шунтлаш амалиёти бажарилиб, унга параллел равишда буйрак кўчириб ўтказишга қарор қилинди.

Мутахассисларнинг таъкидлашича, бундай мураккаб амалиёт дунё бўйича йилига атиги 5-10 марта амалга оширилади. Ўзбекистон ҳудудида эса ҳали бундай операция бажарилмаган. Хирургия марказида ташкил этилган комиссия аъзоларининг рухсати билан бошланган ушбу юқори технологик ноёб муолажа муваффақиятли якунланди.

Ҳозир бемор ва донорнинг аҳволи яхши, уларни тиббий стандартлар бўйича даволаш жараёни давом эттирилмоқда, дейилади хабарда.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг