Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Ўзбекистон фуқаролари Туркияда қайси паспорт билан вақтинча яшаши мумкин?

Ўзбекистон фуқаролари Туркияда қайси паспорт билан вақтинча яшаши мумкин?

Фото: «Google.com»

Охирги вақтларда, жумладан 2019 йил 18 июн куни ижтимоий тармоқларда Ўзбекистон фуқароси томонидан эски биометрик паспортлар билан боғлиқ хабар тарқатилди. Унда билдирилишича, «Туркиянинг Миграция идораси (Göç İdaresi) эски биометрик (яшил рангли) паспортларга эга фуқароларимиз учун мазкур мамлакатда вақтинча туриш ҳужжатини 2019 йилнинг 1 ноябр кунигача бўлган муддатга расмийлаштирмоқда ҳамда ундан кейинги муддатлар учун янги биометрик (қизил рангли) паспортлар талаб этилмоқда».

Шу муносабат билан, Ўзбекистон Республикасининг Туркия Республикасидаги элчихонаси консуллик бўлими маълум қиладики, Ўзбекистон Республикаси фуқаросининг 2011 йил намунасидаги биометрик паспорти (яшил рангли) Туркияда бўлиш ва ҳаракатланиш учун мазкур паспортнинг амал қилиш муддати тугагунига қадар ҳақиқий ҳисобланади. Бу ҳақида, Туркиянинг тегишли мутасадди ташкилотлари Ўзбекистоннинг Анқарадаги элчихонаси томонидан Туркия Ташқи ишлар вазирлиги орқали расман хабардор қилинган.

Мазкур масалада, муаммо чиққан ҳолатларда, фуқароларимизнинг элчихона консуллик бўлимига мурожаатлари асосида консуллик бўлими Туркиянинг тегишли идоралари билан қўшимча тарзда алоқага кириши натижасида кўп ҳолларда масала ижобий ҳал этилган. Шунинг билан биргаликда, «Ўзбекистон Республикаси фуқаросининг 2011 йил намунасидаги биометрик паспорти (яшил рангли) Туркияда бўлиш ва ҳаракатланиш учун мазкур паспортнинг амал қилиш муддати тугагунига қадар ҳақиқий ҳисобланиши» тўғрисида Туркия Ташқи ишлар вазирлигига такроран расмий нота юборилган.

Зикр этилган хабарларда келтирилган «Ўзбекистон Республикасининг Туркиядаги элчихонаси томонидан нотўғри нота юборилган», «эски биометрик паспортлар муддати тугагунча амалда бўлиши турк томонига билдирилмаган», «янги нота юбориш учун Рамазон таътилларининг ўтиши кутилган» каби иддаолар ҳақиқатга зиддир.

Ҳозирда Ўзбекистон Республикасининг Туркиядаги элчихонаси ушбу масалага ойдинлик киритиш мақсадида Туркиянинг тегишли идоралари билан музокаралар олиб бормоқда.

Бу жараён давомида фойдаланиш учун Ўзбекистон Республикасининг Туркиядаги Элчихонаси томонидан Туркиянинг тегишли идораларига тақдим этиш мумкин бўлган расмий маълумотнома тайёрланиб қуйида илова қилинмоқда. Уни фуқароларимиз тегишли идораларда эркин қўллашлари мумкин.

Шунинг билан биргаликда, зарурат туғилган ҳолатларда фуқароларимиз Ўзбекистон Республикасининг Анқара шаҳридаги Элчихонаси консуллик бўлимига ёки/ҳамда Туркиянинг Истанбул шаҳридаги Ўзбекистон Республикасининг Бош консулхонасига бевосита мурожаат қилишлари мумкин.

Ўзбекистон Республикасининг Анқара шаҳридаги Элчихонаси консуллик бўлимига телефон орқали маслаҳатлар олиш учун (0312) 441-17-46 телефон рақамига қўнғироқ қилиш мумкин. Шошилинч ва фавқулодда вазиятларда дам олиш кунлари Элчихона навбатчи (0312) 441-38-71 телефон рақамига қўнғироқ қилиш мумкин. Эл.почта манзили: uzconsul.ankara@gmail.com. Факс: +90 312 442 70 58.

Ўзбекистон Республикасининг Истанбул шаҳридаги Бош консулхонасига телефон орқали маслаҳатлар олиш учун (+90212) 323-20-37 телефон рақамига қўнғироқ қилиш мумкин. Бош консулхона манзили: Levent Mah. Levent Cad. Lale Sok. No:8 Beşiktaş/İSTANBUL. Телефон: +90212 323 20 37. Факс: +90212 312 20 40. Эл.почта манзили: uzbekconsul@yahoo.com.

Фуқароларимизга қулайлик таъминлаш мақсадиди Элчихона ва Бош консулхонада навбатчилик йўлга қўйилган бўлиб, мурожаатлар доимий равишда, шу жумладан дам олиш кунлари ҳам ўз фаолиятини давом эттирмоқдадир.

Қадрли ватандошлар!

Элчихона ва Бош консулхона Туркиядаги фуқароларимизнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилишда ўз фаолиятини самарадорлигини ошириш учун тегишли чора-тадбирларни амалга оширмоқда. Биз сизлардан бу борада амалий ҳамкорлик кутиб қоламиз. Тегишли таклиф ва мулоҳазаларингиз учун олдиндан миннатдорчилик билдирамиз.

Хорижий юртда ўзаро ҳамжиҳатлик, бир-биримизга ёрдам, муштарак ҳурмат ва ишонч асосида мулоқот қилиш, текширилмаган маълумотлар, нотўғри хабарларнинг ноўрин тарқатилишини биргаликда олдини олиш муаммоларни тезкор ва самарали ҳал этишда қўшимча имкониятлар яратишига ишонамиз.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг