Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Каримберди Тўрамурод

Қўрқсанг – ёзма! Ёздингми – қўрқма!

«Ўзбекистон» санаторийлари Амир Олимхонникими?

«Ўзбекистон» санаторийлари Амир Олимхонникими?

Фото: «Tonkosti.ru»

Сочи, Кисловодск ва Ялта шаҳарларининг ҳар бирида «Ўзбекистон» номли сиҳатгоҳлар бор. Уларда дам олган кишилар ўзлари билан бир олам таассуротларга қўшиб, албатта, бу сиҳатгоҳлар билан боғлиқ турли афсона ва ривоятларни ҳам олиб келишади. Улардан энг кўп тарқалгани бу сиҳатгоҳлар ва улар жойлашган ерлар Бухоро ҳукмдори Амир Олимхоннинг мулки экани ва ҳозир ҳам улар Ўзбекистонга тегишли экани ҳақидаги гап.

Бу нарса қанчалик ҳақиқат? Бугун шу ҳақда суҳбатлашамиз.

Сочидаги «Ўзбекистон»

Фото: Архитектура Сочи

Сочидаги «Ўзбекистон» санаторийсининг тантанали очилиш маросими 1977 йилнинг 7 январида бўлиб ўтган. Демак, бошидан айтиб қўяверамиз: бу сиҳатгоҳнинг Амир Олимхонга алоқаси йўқ.

Ҳаммаси ўша пайтдаги Ўзбекистон раҳбари Шароф Рашидовнинг ташаббуси ва бу ишнинг бошида туриб, Москванинг рухсати билан сиҳатгоҳ учун ер олиш, лойиҳа чиздириши билан бошланган. Рашидовнинг ўзи Сочига бориб, сиҳатгоҳ барпо этиладиган жойни қадамлаб айланиб чиққан ва ўз таклифларини берган. Рашидов сиҳатгоҳ қурилиши учун Ўзбекистон ҳисобидан катта маблағ ажратган ва жуда кўп усталар, рассомларни юборган. Ўзбекистондан борган дурадгорлар, наққошлар, ёғоч ўймакорлиги санъати усталари шарқона услубдаги сиҳатгоҳни қисқа муддатларда қуриб, безаб бўлишган.

Сиҳатгоҳнинг лойиҳасини В.Шавернев, А.Потребич, Б.Усмонов ва Д.Латиповлар билан ҳаммуаллифликда чизган И.Ярошевский ва В.Очинскийларга  Ҳамза номидаги Ўзбекистон давлат мукофоти берилган.

Сиҳатгоҳга шахсан Шароф Рашидов тавсияси билан «Ўзбекистон» номи берилган.

Афсуски, маълум сабабларга кўра сиҳатгоҳнинг лойиҳаланган иккинчи қисми қурилмасдан қолиб кетган...

Сочидаги «Ўзбекистон» иттифоқ тарқалгач, анча вақт ҳеч кимга керак бўлмай ётди ва нурашни бошлади. Охир-оқибат у хароба ҳолига келиб қолди.

Бугунги кунда «Ўзбекистон» сиҳатгоҳи қўшни – Россия ИИВга қарашли «Салют» санаторийси таркибига киритилган ва фақат кўп қаватли биносигина олимпиада ўйинлари муносабати билан таъмирланган.

Кисловодскдаги «Ўзбекистон»

Фото: «uzbekistan-kmv.ru»

Бу сиҳатгоҳ 1932 йилнинг 7 ноябрида Октябр тўнтаришининг 15 йиллиги шарафига тантанали суратда очилган. Демак, бу сиҳатгоҳнинг ҳам Амир Олимхонга алоқаси йўқ.

Бу сиҳатгоҳ дастлаб бир қаватли ёзги уйлар кўринишида барпо этилган. Уруш йилларида бу ер ҳарбий госпиталга бўшатиб берилган.

Бу сиҳатгоҳ ҳам 1971 йилдан бошлаб Н.Қоржибеков бошчилигидаги тошкентлик архитекторлар томонидан лойиҳаланиб, қайта қурилган. Асосий ишлар 1980-йилларда амалга оширилган ва бу сиҳатгоҳнинг обод бўлишида ҳам давлатимизнинг ўша пайтдаги раҳбари Шароф Рашидов жонбозлик кўрсатган.

Бугунги кунда ҳам «Ўзбекистон» сиҳатгоҳи Ўзбекистон Президенти маъмурияти қошидаги тиббий марказга қарашли. Сиҳатгоҳнинг бош шифокори, шунингдек, кўплаб мутахассислар ҳам Ўзбекистон фуқаролари. Албатта, сиҳатгоҳда фаолият юритаётган врачлар, ҳамширалар орасида Россия фуқаролари ҳам оз эмас.

Кисловодскдаги «Ўзбекистон» сиҳатгоҳи 1,5 гектар майдонни эгаллаган ва у йил бўйи ишлайди. Сиҳатгоҳ бир йўла 170 кишига хизмат кўрсатади.

Ялтадаги «Ўзбекистон»

Фото: «Tonkosti.ru»

Ялтадаги «Ўзбекистон» сиҳатгоҳи жойлашган бинолар 1907 — 1911-йиллар давомида рус архитектори Н.Тарасов томонидан лойиҳалаштирилиб, шарқона (мавритания) услубида, Керч тошларидан қурилган.

Мана шу сиҳатгоҳнинг Амир Олимхонга алоқаси бор.

Сиҳатгоҳ жойлашган ҳудудни ҳақиқатан ҳам 1898 йилда Амир Олимхоннинг отаси, Бухоро ҳукмдори Саййид Абдулаҳадхон Россия ҳукуматидан сотиб олган. Саййид Абдулаҳадхон ёз ойларини Ялтада ўтказишни хуш кўрар эди. Шунинг учун ҳам бу ерда ўз қароргоҳини барпо этишни ихтиёр этди. Дастлаб сотиб олган ерида ажойиб боғ барпо қилди. Бу боғни амир Дилкушо деб атади. Кейинчалик бирин-кетин тўртта қаср бино қилди. Барчасини Бухородан юборилган халқ усталари шарқона услубда қурди ва безатди. Афсуски, бугунги кунгача Саййид Абдулаҳадхон қурдирган бинолардан биргина қаср сақланиб қолган.

1911 йилда Саййид Абдулаҳадхон вафот этгач, Бухоро тахти ҳам, унинг Ялтадаги қароргоҳи ҳам унинг ўғли Амир Саййид Олимхон мулкига айланди.

1917 йилги тўнтаришдан кейин барча нарса йўқсиллар мулки деб эълон қилингани сингари Амир Олимхоннинг ёзги қароргоҳи ҳам халқ мулки дейилди. Хайриятки, амирдан қолган дея тўпга тутилмади ва бу ерда 1921 йилда Ялта Шарқ музейи очилди.

Ўша пайтдаги шўронинг катталарида оз-моз инсоф бўлганми ёки бизнинг катталар қаттиқ туриб, ҳақини талаб қилганми, Саййид Абдулаҳадхоннинг Россия императоридан олган васиқаси кучини кўрсатганми, ҳайтовур, 1924 йилнинг 23 майида қабул қилинган Қирим МИҚ президиуми қарори билан Амир Олимхоннинг мулки абадий фойдаланиш учун Ўзбекистон меҳнаткашлари ихтиёрига берилди. Эътибор беринг: абадий!

Ана шундан кейин бу ер «Ўзбекистон» санаторийси номини олди ва ҳар йили юртдошларимиз бу ерда дам олиб, саломатлигини тиклаб келадиган бўлишди.

1924 — 1927-йилларда бу ер дам олиш уйи, яъни «дом отдиха» эди. 1927 — 1969-йилларда сил касалини даволайдиган санаторийга айланди. 1969 йилдан бошлаб, сиҳатгоҳ асаб ва жисмоний касалликлар бартараф этиладиган санаторий сифатида фаолиятини давом эттирди.

Уруш даврида сиҳатгоҳ, айниқса амир қасри жиддий шикастланди. Фашистлар қуёш ваннаси қабул қиладиган иншоот, метеостанция ва бошқаларни йўқ қилдилар. Боғни ҳам вайрон қилдилар. Саййид Абдулаҳадхон йиққан ноёб осори атиқалар, мафтункор суратлар ҳам ўша йиллари ўғирлаб кетилди.

Ялтадаги «Ўзбекистон»да ҳам асосан 1970 йилдан кейин Шароф Рашидов жонбозлиги билан катта таъмирлаш, ободончилик ишлари амалга оширилди.

Яна бир нарсани қайд этиш лозимки, Бухоро амири Саййид Абдулаҳадхон Ялтани жуда яхши кўрар, бу шаҳарнинг ободончилиги учун жуда катта маблағлар сарфлаган эди. Унинг шаҳар маъмурлиги учун қилган хизматларини Ялта шаҳрининг раҳбарлари ҳам муносиб қадрладилар ва Саййид Абдулаҳадхонни Ялтанинг фахрий фуқароси деб эълон қилган эдилар. Ялтадаги кўчалардан бири унинг номи билан аталган эди...

Айтганча, Бухоро амири Железноводск шаҳрида ҳам қаср қурдирган эди.

«Ўзбекистон» сиҳатгоҳи Амир боғида жойлашган, аммо амирнинг қасрига Қора денгиз флотининг «Ялта» санаторийси «кириб олган»...

Ялтадаги «Ўзбекистон» сиҳатгоҳи ҳам йил бўйи ишлайди ва бир йўла 240 дам олувчига хизмат кўрсата олади.

«Пулинг бўлса халтада, дам оласан Ялтада»

Халқ бу иборани бекорга тўқимаган. Ялтадаги оромгоҳларни Бухоро амири қурганда ҳам, шўролар бу масканларни халқнинг дам оладиган сиҳатгоҳлари деб эълон қилганда ҳам, ҳатто Шароф Рашидов қурган ё обод қилганда ҳам «халтасида» пули бўлмаган оддий одамлар бу жойларда дам ололмаган. Амир замонидан бери у жойларда бойлар, кейинчалик партия ва давлат арбоблари, раис бобо, райком бобо, обком боболар, энг ками ОблОНО, РайОНО мудирлари бўлган боболар дам олишган.

Фақат мустақилликка эришганимиздан кейингина том маънода халқ дам оладиган масканларга айланган ўша оромгоҳларда пул топишга ақли етган тадбиркорлар, ишбилармонлар, тижоратчилар ҳам дам оладиган бўлди. Аммо шунда ҳам истаган киши бориб, дам олиб кела олмайди. Сабаби, бориб келиш, самолёт чиптасининг ўзи фалон пул, сиҳатгоҳнинг йўлланмаси ҳам писмадон пул. Мисол учун Ургут туманининг бутун бошли Жаласой деган қишлоғидан Амир Олимхон замонидан бери раис бободан бошқа фақат бир киши,  яъни ушбу сатрлар муаллифи «Ўзбекистон» санаторийсида дам олган ва у ҳам бўлса машаққатли меҳнати шарофати билан...

Сўнгсўз ўрнида

Ким ва қачон қурдирганидан қатъи назар Қора денгиз бўйидаги дам олишга мос бу учала шаҳарда ҳам фаолият юритаётган «Ўзбекистон» сиҳатгоҳлари юртимизнинг бир бўлагидек, халқимиз фахрланишига арзийдиган иншоотлардир.

Ўзбекистон мустақилликка эришгач, бу сиҳатгоҳларни таъмирлаш, обод қилиш ишларига алоҳида эътибор берилмоқда ва уларда ҳар йили минглаб юртдошларимиз дам олиб, ўз саломатликларини тиклаб қайтишмоқда.

Минг марта гапиргандан кўра бир марта кўрган афзал дейдилар. Яхшиси, ўзингиз боринг ва бу шаҳарларнинг, «Ўзбекистон» сиҳатгоҳларининг гўзаллигини ўз кўзингиз билан кўринг!

Сиҳатгоҳларнинг маъмурлари Кавказнинг шунақа жойларини кўрсатишадики, йўлбошловчилар шунақа ривоят ва афсоналарни айтиб беришадики, бу жойларни севиб қоласиз ва такрор-такрор боришни одат қиласиз.

Ишончимиз комилки, мақолани ўқиб, ёзда «Ўзбекистон» сиҳатгоҳларидан бирига боришни ният қилдингиз. Ниятингизга етинг! Кейин ўз таассуротларингизни бизга ёзиб юборишни ҳам унутманг!

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг