Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Ўзбекистонда айрим крипто-биржалар фаолияти чекланганига изоҳ берилди

Ўзбекистонда айрим крипто-биржалар фаолияти чекланганига изоҳ берилди

Интернет тармоғидаги ахборот ресурсларини мониторинг қилиш жараёнида бугунги кунда Ўзбекистон фуқароларига крипто-активлар билан савдоларни амалга ошириш ва айирбошлаш бўйича хизматлар кўрсатувчи, мамлакат ҳудудида хизматлар провайдерлари фаолиятини амалга ошириш учун тегишли лицензияга эга бўлмаган турли электрон платформалар фаоллиги ошиб бораётгани аниқланган. Бу ҳақда Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги маълум қилмоқда.

Қайд этилишича, мазкур платформалар крипто-активларни сотиб олиш, сотиш ва (ёки) айирбошлаш билан боғлиқ хизматларни таклиф этиб, мамлакат ҳудудида қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда серверларини ўрнатилишини кўзда тутмаган ҳолда фуқароларнинг шахсий маълумотларини сўраб олмоқдалар.

Шу билан бирга, улар крипто-активлар билан операцияларни амалга ошириш учун ҳеч қандай юридик жавобгарликни ўз зиммаларига олмайди, транзакцияларнинг қонунийлигини, шунингдек, Ўзбекистон фуқароларининг шахсий маълумотларини тўғри сақланиши ва махфийлигини кафолатламайди.

«Юқоридагиларни инобатга олган ҳолда, қонунчилик талабларига мувофиқ хизматлар провайдерлари лицензиясига эга бўлмаган электрон платформалар (крипто-биржалар ва электрон айирбошлаш майдончалари)дан фойдаланиш белгиланган тартибда чекланди», – дейилади Агентликнинг айрим крипто-биржалар фаолияти чеклангани тўғрисида берган изоҳида.

Aгентлик, шунингдек, фуқаролардан ҳушёр бўлишларига, мамлакат ҳудудида фаолият юритиш учун ўрнатилган тартибда лицензияга эга бўлмаган электрон платформалар хизматларидан фойдаланмасликка ва эҳтиёт чораларини кўришларига, шу жумладан, шахсий маълумотларни сизиб чиқиши натижасида маълумотларнинг фирибгарлар томонидан фойдаланишга олиб келишига йўл қўймасликка чақирмоқда.

Маълумот учун, Президентнинг 2018 йил 3 июлдаги ПҚ-3832-сон қарори билан 2023 йил 1 январдан бошлаб Ўзбекистон фуқаролари ва юридик шахслари крипто-активларни сотиб олиш, сотиш ва (ёки) айирбошлаш бўйича операцияларни фақат миллий провайдерлар орқали қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оширишлари мумкинлиги белгилаб ўтилган.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг