Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Ўзбекистонда электр энергияси узилиши сабаблари айтилди

Ўзбекистонда электр энергияси узилиши сабаблари айтилди

Ўзбекистон ёқилғи-энергетика соҳасида мураккаб вазият юзага келгани сабабли деярли барча ҳудудларда куннинг маълум вақтида электр энергиясини узишга мажбур бўлинмоқда. Бу ҳақда Энергетика вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.

Жумладан, июнь ойида жами 34,8 млн кВт·соат мажбурий чеклов киритилган бўлса, мазкур кўрсаткич июль ойининг ўтган 31 куни мобайнида 175 млн кВт·соатни ташкил қилди. Ёз фаслига ўтилганидан бери жами 210 млн кВт·соат мажбурий чеклов қўлланилган (ойига 400 кВт·соат истеъмол кўрсаткичини олсак, бу 525 минг абонентнинг ойлик истеъмоли дегани).

Тошкентда 542 та трансформатор подстанцияси ва 592,36 километр электр узатиш тармоқлари мукаммал, 923 та трансформатор ҳамда 702,3 километр ҳаво тармоғи жорий таъмирланди. Паст кучланишли электр тармоқларини янгилаш дастурига мувофиқ, 930,6 км паст кучланишли электр узатиш тармоқлари ҳамда 228 та трансформатор пунктлари янгиланди.

«Сағбон», «Юнусобод», «Қўқон», «Карвон», «Қорасув», «Яланғоч», «Тузел» ва «Сергели-35» подстанцияларидаги 9 та кичик қувватли трансформатор катта қувватлисига алмаштирилди.

Айни пайтда ҳам Yunusobod city, Tashkent city, «Олмос», «Янги Ўзбекистон» ҳамда «Янгиҳаёт» индустриал зоналари учун подстанциялар қуриш ҳамда уларни электр энергияси билан таъминлаш учун янги электр узатиш тармоқларини бунёд қилиш ишлари пудратчи ташкилотлар томонидан давом этмоқда.

Бу ишларни хавфсиз бажариш ва электр монтёрларнинг соғлиғи ҳамда ҳаётига туғилиши мумкин бўлган хатарларнинг олдини олиш мақсадида куннинг маълум вақтларида тегишли ҳудудлардаги истеъмолчилар электр таъминотидан вақтинча узиб қўйилмоқда, дея қайд этди вазирлик.

Июль ойида эса, асосан, республикада об-ҳавонинг ҳаддан ташқари исиб кетгани электр энергетикасини узлуксиз ҳамда йўқотишларсиз етказиб беришда қийинчилик туғдирмоқда.

«Мазкур ҳолат биргина Ўзбекистонга хос эмас. Бугун дунёнинг қарийб барча бурчагида аномал иссиқ ҳарорат ҳукм сурмоқда. Охирги ҳафталарда, айниқса, Ўрта Ер денгизи минтақасида, Америка Қўшма Штатлари жанубида ва Хитойнинг айрим ҳудудларида жазирама кузатилди. Греция ҳамда Жазоирдаги 40 даража иссиқ ўрмон ёнғинларига сабаб бўлди», — дейилади хабарда.

Энергетика вазирлиги маълумотларига кўра, кучли иссиқ ҳарорат эса совитиш мақсадида электр энергиясидан фодаланишнинг каррасига ошишига олиб келмоқда. Натижада кабеллар куйиб кетяпти, трансформаторлар ишдан чиқмоқда. Авария оқибатларини бартараф этиш эса ҳам катта маблағ, ҳам кўп вақт йўқотилишига сабаб бўлмоқда.

Авария юз бермаслиги учун эса бир нечта фидерларни тармоқдан мажбурий ўчириб қўйиб, қатор хонадонлар, бюджет ташкилотлари ва тадбиркорлик субъектларини вақтинча узиб туриш — энг мақбул чора.

«Бу кутилмаган авариявий ҳолатларнинг олдини олишга ҳамда маблағ ва вақт тежалишига хизмат қилади. Оддий айтганда, қайсидир ҳудудни қуёш тиғида ташқаридан, ортиқча юклама туфайли эса ичидан қизиб кетган кабелни совитиш мақсадида икки-уч соатга тармоқдан узиб туриш кейинчалик кабел ва трансформаторнинг ёниб кетиши ҳамда истеъмолчилар 10−12 соатлаб электр энергиясиз қолишларидан кўра афзалроқ ечимдир», — дея қайд этди вазирлик.

«Тўғри, истеъмолчи ҳамиша ҳақ. Қолаверса, сиз, азизларни узлуксиз ва барқарор электр энергияси билан таъминлаш — бизнинг бурчимиз», — дея таъкидлади вазирлик. Бу борада тизим ташкилотлари томонидан жуда катта ишлар қилиняпти. Хусусан, охирги пайтларда кунлик ишлаб чиқариш ўртача 107,8 фоизни, ойлик ишлаб чиқариш ўртача 106,2 фоизни, йиллик кўрсаткич эса 101,8 фоизни ташкил қиляпти.

Бундан ташқари, бир қатор янги ишлаб чиқариш қувватлари — Сирдарё вилоятининг Ширин шаҳрида қуввати 1500 МВт бўлган иссиқлик станциясининг 500 кВ кучланишли 2 та электр узатиш тармоғи, Бўстонлиқ туманида қуввати 200 кВт бўлган «Испайсой» микроГЭСи ҳамда Яшнобод туманида 30 мингдан зиёд хонадонни электр энергияси билан таъминлайдиган янги «Олмос» подстанцияси ишга туширилди.

Шу билан бирга, истеъмол ҳажми ҳам юқори бўлмоқда. Масалан, бугунги кунда ўртача истеъмол кунига 11,2 минг МВтга тенг бўлмоқда. «Ҳатто куннинг айрим пайтларида, асосан, иссиқ ҳарорат забтига олган чоғда электр энергияси сарфи ишлаб чиқарилган электр энергияси ҳажмига тенг, баъзан талаб ундан ҳам ортиб кетаётир», — дейилади хабарда.

Июлда суткалик истеъмолда икки марта рекорд кўрсаткич қайд этилган. Хусусан, 12 июль куни республика бўйича жами истеъмол 247,5 млн кВт·соатни ташкил қилган бўлса, 26 июль куни 250,7 млн кВт·соатга етиб, суткалик рекорд яна бир карра янгиланди.

«Бундай вазиятда энергия тежамкорликка қатъий риоя қилиш, хонадонларда ҳам барча хонани эмас, атиги биттасини совитиш, ишлатилмаётган электр ускуналарини тармоқдан суғуриш, зарурат бўлмаган ҳолларда, айниқса, кундуз кунлари лампочкаларни ўчириб қўйиш энг мақбул йўлдир», — дея таъкидлади вазирлик.

Энергетика вазирлиги аҳолидан тизим ташкилотлари томонидан амалга оширилаётган мажбурий чораларни тўғри тушуниш ҳамда қўллаб-қувватлашни сўраган.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг