Ўзбекистонда ўрмон ҳудудларини кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди

Жиззах шаҳрида Экология вазирлиги ҳузуридаги Ўрмон ва яшил ҳудудларни кўпайтириш, чўлланишга қарши курашиш агентлиги томонидан “Ўрмон агентлигига юклатилган энг муҳим вазифаларнинг 2025 йил январь – июнь ойларидаги ижроси якуний натижалари ва йил охирига қадар амалга ошириладиган ишлар муҳокамаси”га бағишланган ҳайъат йиғилиши ўтказилди.
Йиғилишда Агентликнинг бошқарма ва бўлим бошлиқлари, тизим ташкилотлари, ҳудудий давлат ўрмон хўжаликлари масъуллари ҳамда ОАВ вакиллари иштирок этди.
Тадбирни Агентлик директори Эркин Муҳиддинов кириш сўзи билан очиб, тизимда бажарилган ишлар ҳақида маъруза қилди.
“Барчангизни ҳисобот йиғилишида кўриб турганимдан мамнунман. Биринчи ярим йилликда соҳада бир қатор ишлар амалга оширилди. Бугун ҳар бир йўналиш бўйича давлат ўрмон хўжаликларида қилинган ишларни таҳлилий кўриб чиқамиз”, – деди Э. Муҳиддинов.
Тадбирда сўз олган Агентлик директори ўринбосарлари – Ғ.Қаршибоев ва Ғ.Қурбоновлар мақсадли ўрганишлар давомида аниқланган камчиликлар ва уларни бартараф этиш тадбирлари, ўрмонлар ҳудудини кенгайтириш, ижара муносабатларини тўғри йўлга қўйиш каби масалалар юзасидан фикр-мулоҳазаларини билдирди.
Якунда соҳада узоқ йиллардан буён меҳнат қилиб келаётган бир гуруҳ ходимлар "Табиат ҳимоячиси" кўкрак нишони билан тақдирланди.
“Smart Forestry” – ахборот тизими жорий этилади
“Smart Forestry” — Кореянинг KFWP гранти асосида яратилаётган, ўрмон хўжалиги соҳасини рақамлаштиришга қаратилган миллий платформа. Мақсад мониторинг, таҳлил ва электрон хизматлар орқали самарадорликни ошириш. Тизимнинг бошланғич жараёни 2025 - йил якунига қадар ишга туширилади.
Ҳар бир бажарилган иш жараёни тизимда очиқ кўриниб туради. Бунинг натижасида коррупция ҳолатларининг олди олинади. Бу ҳақида ҳайъат йиғилишида Ўрмон агентлиги директори Эркин Муҳиддинов маълум қилди.
Жиззахда маҳаллий иқлим шароитига мос кўчатлар етиштирилмоқда
Ҳайъат йиғилиши доирасида тадбир иштирокчилари Жиззах давлат ўрмон хўжалиги тасарруфидаги кўчатхона билан яқиндан танишишди.
Шаҳар марказида жойлашган ушбу кўчатхона 16 гектар майдонни эгаллаган бўлиб, унинг 7 гектарида игнабаргли, 9 гектарида эса бошқа манзарали дарахтлар ва бутасимон гуллар парвариш қилинаяпти. Мутахассисларнинг айтишича, хўжаликда агротехник тадбирлар ўз вақтида сифатли амалга оширилмоқда. Шу сабабли етиштирилган кўчатлар анча харидоргир.
Қайд этилишича, ҳозирда ўрмон хўжалигида кўчат етиштиришнинг инновацион ечимлари йўлга қўйилган бўлиб, Туркия, Сербия, Полша давлатларидан келтирилган, маҳаллий иқлим шароитига мос мевали ва манзарали дарахт кўчатлари ҳам етиштирилмоқда.
“Яшил тўлов” электрон тизими ишга туширилади
“Smart Forestry” ахборот тизимининг бир қисми ҳисобланувчи ушбу инновацион ечим жорий этилиши натижасида кўчат ва ўрмон маҳсулотларининг онлайн савдоси йўлга қўйилади.
Ижара муносабатлари – ер участкалари бўйича тўловлар, қарздорликлар ҳисоботи автоматлаштирилади. Онлайн геохарита таҳлилида ерларнинг ҳолати, кўчатхоналар, туризм йўналишлари каби маълумотлар янгиланиб борилади.
Ҳайъат йиғилишида ушбу янгиликлар ҳақида таҳлилий фикрлар билдирилди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter