Ўзбекистон аҳолисининг ярим йиллик даромади 618 трлн сўмдан ошди
2026 йилнинг январ–июн ойларида Ўзбекистон аҳолисининг умумий даромадлари дастлабки ҳисоб-китобларга кўра 618,3 трлн сўмни ташкил этди. Миллий статистика қўмитасига кўра, инфляция таъсири ҳисобга олинганда аҳоли умумий даромадларининг реал ўсиш суръати ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 109,2 фоизни ташкил қилди.
Шу даврда аҳоли жон бошига тўғри келадиган умумий даромад 16,1 млн сўмга етди. Номинал ўсиш суръати 114,5 фоиз, реал ўсиш эса 107,3 фоизни ташкил этган. Реал ўсиш кўрсаткичлари истеъмол нархлари индекси асосида ҳисобланган бўлиб, нархлар ўзгаришининг таъсири инобатга олинган.
Илк ярим йиллик якунларига кўра, аҳоли даромадларининг асосий қисми бирламчи даромадлар ҳиссасига тўғри келди. Уларнинг улуши 73,3 фоизни ташкил этган бўлса, трансфертлар ҳиссаси 26,7 фоиз бўлди.
Тақдим этилган инфографикага кўра, аҳоли умумий даромадларининг энг катта қисми мустақил равишда банд бўлишдан олинган даромадларга тўғри келмоқда. Бу кўрсаткич умумий даромадларнинг 33,8 фоизини ташкил этган.
Ёлланма ишчиларнинг даромадлари 29,3 фоизни, шахсий истеъмол учун ўзида ишлаб чиқарилган хизматлардан олинган даромадлар 6,4 фоизни ташкил қилди. Мол-мулкдан олинган даромадлар эса 3,8 фоиз улушга эга бўлди.
Бу кўрсаткичлар аҳоли даромадлари таркибида меҳнат фаолиятидан олинадиган тушумлар асосий манба бўлиб қолаётганини кўрсатади.
Жон бошига умумий даромадлар бўйича энг юқори кўрсаткич Тошкент шаҳрида қайд этилди. Пойтахтда ушбу рақам 45,2 млн сўмга етган. Кейинги ўринларда Навоий вилояти 21,7 млн сўм ва Бухоро вилояти 17,3 млн сўм билан республика ўртача кўрсаткичидан юқори натижа қайд этган.
Энг паст кўрсаткичлар эса Сурхондарё вилоятида 10,9 млн сўм, Наманган вилоятида 11,4 млн сўм ва Сирдарё вилоятида 11,4 млн сўм атрофида бўлган. Шунингдек, Қорақалпоғистон Республикаси, Қашқадарё, Жиззах, Фарғона, Самарқанд, Андижон, Хоразм ҳамда Тошкент вилоятларида ҳам жон бошига даромад республика ўртача даражасидан паст қайд этилди.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter