Пандемия даврида Ўзбекистонда ишсизлар сони 2 миллионга яқинлашди – вазир
Ўзбекистонда пандемиядан олдин ишсизлар сони ўртача 1 миллион 350 мингга яқин эди, пандемия даврида ишсизлар сони қарийб 2 миллионга яқинлашди. Бундан ташқари, Ўзбекистонда 550 мингга яқин меҳнат муҳожири бошқа давлатларга ишлаш учун чиқиб кета олмаган.
Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири Нозим Ҳусанов Халқаро пресс-клубнинг Фарғона вилоятига бағишланган сонида Ўзбекистондаги ишсизлик даражаси ҳақида маълумот берди.
«Барча давлатларга пандемия ўзининг салбий таъсирини кўрсатди. Ўзбекистонда ҳам пандемиядан олдин ишсизлар сони ўртача 1 миллион 350 мингга яқин эди, пандемия бошлангач қатор корхоналар фаолияти тўхтатилди ва ишсизлар сони қарийб 2 миллионга яқинлашди», — дея статистик маълумотларни маълум қилди вазир.
Таъкидланишича, бу рақамлардан ташқари меҳнат муҳожирларига тегишли статистикалар ҳам мавжуд. Айни пайтда Ўзбекистонда 550 мингга яқин фуқаро бошқа давлатларга ишлаш учун чиқиб кета олмаган.
«Улар бир неча йиллар давомида бошқа давлатларда ишлаб келишган ва қўлларида ҳунари, касби бор. Олдимизда турган вазифа эса шундай фуқароларнинг бандлигини таъминлашдан иборат.
Ижтимоий соҳа объектларини қуриш учун Инқирозга қарши кураш жамғармасидан 3,6 триллион сўм маблағ йўналтирилган. Ҳар бир вилоятда 50-60та ижтимоий соҳа объектлари қурилиши бошланди», — деди Нозим Ҳусанов.
Вазирнинг қайд этишича, ҳудудлардаги Бандлик марказлари орқали четга чиқиб кета олмаган меҳнат муҳожирлари яшаб турган ҳудудларида қурилаётган объектларга ўз касблари бўйича ишга жалб қилинмоқда.
«Шунингдек, Тошкент шаҳри вилоятлар билан ҳам боғланган. Масалан, ўтган ойда Сергели туманидаги қурилаётган биноларга 1,5 мингга яқин меҳнат муҳожирларини қонуний тарзда ишга олдик. Улар ҳозир 1,5 миллон сўмдан 4,5 миллионгача ойлик маош оляпти», — дея қўшимча қилди вазир.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter