Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Президент болалар тиббиётида бўладиган ўзгаришларни маълум қилди

Президент болалар тиббиётида бўладиган ўзгаришларни маълум қилди

Ўзбекистон аҳолисининг 11 миллион нафарини 18 ёшгача болалар ташкил этади. Президент Шавкат Мирзиёев болалар тиббиётини ривожлантириш зарурияти ҳақида алоҳида таъкидлади.

«Афсуски, туман ва шаҳар поликлиникаларида болалар бўлими мавжуд эмас. Оқибатда, бирламчи бўғинда болаларга манзилли ва малакали тиббий хизматлар кўрсатилмагани учун, уларни даволаш ихтисослашган шифохоналар зиммасига тушмоқда.

Аҳолининг кўплаб эътирозлари ҳам, поликлиникаларда болалар учун шароит йўқлиги билан боғлиқ.

Энди, бу тизимни ўзгартириш вақти келди», — деди Шавкат Мирзиёев.

Президент томонидан маълум қилинишича, 2022 йил 1 майдан бошлаб:

  • барча кўп тармоқли марказий поликлиникаларда болалар бўлими ташкил этилади;
  • 17 мингдан зиёд тиббиёт бригадаларига яна қўшимча 8,5 мингта болалар ҳамшираси ва доя (акушер) штатлари берилади;
  • Улар оналарга болаларнинг соғлом бўлиб дунёга келишидан тортиб, вояга етгунига қадар, тўғри парвариш қилишни ўргатади;
  • болалар учун профилактик кўриклар дастури қайта кўриб чиқилиб, 18 ёшгача бўлган болаларни педиатр, стоматолог, эндокринолог, ортопед каби энг зарур мутахассислар томонидан манзилли кўрикдан ўтказиш тизими жорий қилинади.

«Маълумки, 2021 йилдан болалар учун овқатни бойитадиган қўшимчалар, витамин А ва гижжага қарши анти-гель-минт препаратларни бепул бериш йўлга қўйилди.

Ушбу ишларни давом эттирган ҳолда, 2022 йил 1 июлдан бошлаб, 3-15 ёшли болаларга йод препаратлари давлат томонидан бепул тарқатилади.

Бу орқали, келгуси беш йилда болаларда буқоқ, камқонлик касалликларини 30 фоизга камайтиришга, уларнинг ақлий ва жисмоний соғлом ривожланиши учун катта асос яратилади», — деди Шавкат Мирзиёев.

Давлат раҳбари томонидан таъкидланишича, бу мақсадлар учун, жорий йилда 60 миллиард сўм йўналтирилади.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг