Президент энергетика тизимининг қишга тайёрлигини текширди
Президент Шавкат Мирзиёев 22 ноябрь куни «Ўзбекнефтгаз» акциядорлик жамиятида бўлиб, энергетика тизимининг қиш мавсумига тайёргарлиги билан яқиндан танишди.
Йил бошида келган аномал совуқдан хулоса қилиб, тизим салоҳияти оширилди. Аввало, ички имкониятлар тўла ишга солиниб, тармоқлар модернизация қилинди. Қолаверса, хорижий шериклар билан ҳамкорликда иш олиб борилди. Муассаса, корхона ва турар жойлардаги долзарб масалалар ўрганилиб, бартараф этилди. Бу ишлар ҳар бир маҳаллагача етиб борди.
– Бу йил энергетика тизимини яхшилашга барча манбалардан 14,5 триллион сўм бердик. Қандай хомашё, буюм, техника керак бўлса, олиб берилди. Энди соҳа раҳбарлари масъулиятни тўлиқ зиммасига олиб, аниқ режа қилиши ва энергия етказиб беришни кафолатли таъминлаши зарур, – деди Шавкат Мирзиёев.
Жорий йилнинг ўтган даврида 675 мегаваттли электр қувватлари ишга тушди. Республика бўйича 100 та подстанция, 11,5 мингта трансформатор ва 34 минг километр тармоқлар янгиланди.
Аҳоли ва корхоналарни табиий газ билан барқарор таъминлаш мақсадида қўшимча 5 миллиард куб метр кафолатли газ манбалари ҳал қилинди. Ерости омборларида етарлича газ захираси жамланди.
Президентимиз совуқ кунларда энергия ресурсларига бўлган талабни кафолатли таъминлаш мутасаддиларнинг ҳисоботини эшитди.
Энергетика вазири ажратилган маблағ эвазига жорий йилда қилинган ишлар ва яратилган захира, кунлик истеъмол ва уни таъминлаш мўлжаллари тўғрисида ахборот берди.
Қайд этилганидек, энергетика тизими 1 декабрдан 24 соатлик иш тартибига ўтади. Яқин ойларда 1 минг 700 мегаваттли 8 та қуёш ва шамол электр станцияси, Сирдарёда 500 мегаваттли газ турбинаси ишга туширилади. Сурхондарёдаги Шарғун конида 900 минг тонна кўмир қазиб чиқариш бошланади.
Шунингдек, суюлтирилган газ, мазут, трансформатор, кабел ва бошқа зарур воситаларнинг захираси тайёрлаб қўйилган.
Давлатимиз раҳбари энергия манбаларини барқарор етказиб бериш, шу билан бирга, тўлов интизомини таъминлаш муҳимлигини таъкидлади. Ноқонуний уланишларга чек қўйиш, об-ҳавога қараб, илиқ кунларда энергия ресурсларини иқтисод қилиш бўйича кўрсатмалар берилди.
Тадбирда «Ўзтрангаз», «Ҳудудгазтаъминот», «Ҳудудий электр тармоқлари», «Иссиқлик электр тармоқлари» акциядорлик жамиятлари раҳбарлари ҳам ахборот берди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter