Президент Ўзбекистондаги янги элчилардан ишонч ёрлиқларини қабул қилди
28 июль куни Кўксарой қароргоҳида хорижий давлатларнинг Ўзбекистонга янги тайинланган элчиларининг ишонч ёрлиқларини топшириш маросими бўлиб ўтди.
Президент Шавкат Мирзиёев Италия, Фаластин, Саудия Арабистони, Кувайт, Жазоир, Малайзия, Покистон, Озарбайжон ва Қозоғистоннинг фавқулодда ва мухтор элчиларидан ишонч ёрлиқларини қабул қилди.
Давлат раҳбари дипломатларни Янги Ўзбекистондаги фаолияти бошлангани билан табриклар экан, бугунги мураккаб геосиёсий шароитда дипломатиянинг ўрни ва аҳамияти ҳар қачонгидан ҳам ортиб бораётганини таъкидлади. Шунингдек, ҳар бир мамлакат билан ўзаро манфаатли ҳамкорликни кенгайтириш бўйича устувор вазифаларга алоҳида тўхталди.
Жумладан, Италия билан «яшил» энергетика, металлургия, кимё саноати, қишлоқ хўжалиги, соғлиқни сақлаш, фармацевтика, таълим ва туризм соҳаларида амалга оширилаётган лойиҳалар юқори баҳоланди. Шунингдек, Ломбардия ва Тоскана ҳудудлари билан ҳамкорликни кенгайтириш муҳимлиги қайд этилди.
Фаластин элчиси билан мулоқотда Ўзбекистон Исроил–Фаластин можаросини «икки халқ учун икки давлат» тамойили асосида ҳал этиш тарафдори экани яна бир бор тасдиқланди. Шунингдек, мамлакатимиз Тинчлик кенгашига таъсисчи давлат сифатида Ғазони қайта тиклашга кўмаклашишга қаратилган ташаббусларни қўллаб-қувватлаётгани таъкидланди.
Саудия Арабистони билан ҳамкорлик намунавий даражага чиққанлиги, икки давлат ўртасида умумий қиймати 25 миллиард долларлик инвестиция лойиҳалари портфели шакллангани қайд этилди. Тиббиёт, фармацевтика ва «яшил» энергетика соҳаларидаги ҳамкорликни кенгайтириш, шунингдек, Ҳаж ва Умра зиёратлари учун яратилаётган шароитлар юксак баҳоланди.
Кувайт билан инвестиция, инфратузилма, соғлиқни сақлаш ва таълим соҳаларида янги қўшма лойиҳаларни амалга ошириш, нефть-кимё тармоғи ҳамда давлат-хусусий шериклик механизмларини ривожлантириш бўйича катта имкониятлар мавжудлиги қайд этилди.
Жазоир билан нефть-газ, энергетика, тоғ-кон саноати, қишлоқ хўжалиги ва туризм соҳаларида ҳамкорликни кучайтириш, Ҳукуматлараро қўшма комиссия ташкил этиш ҳамда Имтиёзли савдо битимини имзолаш муҳим вазифалар сифатида белгиланди.
Малайзия билан ярим ўтказгичлар саноати, нефть-кимё, ислом молияси ва зиёрат туризми каби истиқболли соҳаларда шерикликни кенгайтириш бўйича катта салоҳият мавжудлиги таъкидланди.
Покистон билан стратегик шериклик муносабатларини янада чуқурлаштириш, Тошкент–Карачи тўғридан-тўғри авиақатновларини ривожлантириш, Трансафғон транспорт йўлагини амалга ошириш, саноат кооперацияси, энергетика, тўқимачилик, фармацевтика ва туризм соҳаларида ҳамкорликни кенгайтириш устувор вазифалар сифатида қайд этилди.
Озарбайжон билан муносабатлар стратегик шериклик ва иттифоқчилик даражасига чиққанлиги, савдо айланмаси 40 фоизга ошгани, қўшма корхоналар сони қарийб 450 тага етгани маълум қилинди. Томонлар инвестиция портфелини яқин йилларда 10 миллиард долларга етказишни мақсад қилган.
Қозоғистон билан ҳам савдо ҳажмини 10 миллиард долларга етказиш, қиймати 8 миллиард долларлик қўшма инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш ҳамда «Марказий Осиё» халқаро саноат кооперацияси марказини тўлиқ ишга тушириш устувор вазифалар сифатида белгиланди.
Маросим якунида Президент Шавкат Мирзиёев янги тайинланган элчиларга дипломатик фаолиятида муваффақият тилаб, уларни Ўзбекистон ҳудудлари ва хусусий сектор билан фаол ишлашга, мамлакатда амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳамда бунёдкорлик жараёнлари билан яқиндан танишишга чақирди. Элчилар эса Ўзбекистон билан кўп қиррали ҳамкорликни янада ривожлантириш учун бор имкониятларини сафарбар қилишларини билдирдилар.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter