Президент янги қарор қабул қилди
2021 йилда янги иш ўринларини ташкил этиш ва аҳоли бандлигига кўмаклашиш бўйича давлат дастури тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори қабул қилинди.
Аҳоли бандлиги ва даромадларини оширишга ҳар томонлама кўмаклашиш, ишсизлар, айниқса, ёшлар ва хотин-қизлар, меҳнат бозорига илк бор кириб келаётган битирувчилар бандлигини таъминлаш бўйича янги таъсирчан механизмларни жорий этиш, эҳтиёжманд аҳолини меҳнат фаолиятига жалб қилишда қулай шарт-шароитлар яратиш, шунингдек, янги иш ўринларини ташкил этган тадбиркорлик субъектлари фаолиятини янада рағбатлантириш мақсадида:
Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги томонидан Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги, Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги, Молия вазирлиги, Давлат солиқ қўмитаси, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари билан биргаликда ишлаб чиқилган, қуйидагиларни ўз ичига олувчи 2021 йилда янги иш ўринларини ташкил этиш ва аҳоли бандлигига кўмаклашиш бўйича давлат дастури маъқулланди.
Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармаси маблағлари ҳисобидан 2021 йилда аҳоли бандлигига кўмаклашиш учун қуйидаги миқдорларда субсидия, нафақалар ва микрокредитлар ажратиш прогноз кўрсаткичлари 3-иловага мувофиқ тасдиқланди:
субсидиялар ажратиш учун – 92,3 миллиард сўм;
ишсизлик нафақалари тўлаб бериш учун – 65,1 миллиард сўм;
касбга тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малака ошириш харажатларини қоплаш учун – 40,6 миллиард сўм;
янги иш ўринлари ташкил этишни назарда тутувчи кичик лойиҳаларни амалга ошириш учун тижорат банкларига ажратиладиган ресурслар учун – 125 миллиард сўм.
Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги билан биргаликда олти ой муддатда «барча учун иш» тамойили асосида қуйидагиларни назарда тутувчи «Mening ishim» буюртмалар биржаси онлайн-майдонини ишга туширади.
«Mening ishim» буюртмалар биржаси онлайн-майдонини ишга туширишни молиялаштириш Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармаси маблағлари ҳисобидан амалга оширилади.
Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги, Давлат солиқ қўмитаси, Давлат статистика қўмитаси, Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги:
2021 йил 1 июлга қадар янги иш ўринларини ташкил этиш ва аҳоли бандлигига кўмаклашиш бўйича ҳисоботларни юритиш, уларни реал вақт режимида Давлат солиқ қўмитасининг ягона интеграциялашган ахборот-ресурс базаси билан мониторинг қилишга мўлжалланган электрон дастур ишлаб чиқилишини;
уч ой муддатда аҳолининг ижтимоий эҳтиёжманд тоифаларини, жумладан, ногиронлиги бўлган шахсларни ишга жойлаштириш учун туманлар (шаҳарлар) ҳокимларининг қарори билан белгиланган иш ўринларининг энг кам сони ва иш берувчилар томонидан иш ўринлари захирага қўйилганлиги тўғрисидаги маълумотларни «Ягона миллий меҳнат тизими» идоралараро дастурий-аппарат комплексида акс эттирилишини;
икки ой муддатда ногиронлиги бўлган шахслар ҳамда тадбиркорлик субъектлари учун бандлик соҳасида интерактив хизматлар доираси кенгайтирилишини таъминлайди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter