Президент йиғилиши: мажбурий тиббий суғурта жорий этилади
Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 9 ноябрь куни соғлиқни сақлаш тизимига бағишланган видеоселектор йиғилиши ўтказди. Бу ҳақда президент матбуот хизмати хабар берди.
Йиғилишнинг энг муҳим жиҳатларини эътиборингизга ҳавола қиламиз:
- Кейинги икки йилда 6 та янги илмий-амалий тиббиёт маркази ташкил этилиб, уларнинг сони 16 тага етди. Уларнинг 10 та филиали иш бошлади. Туман ва шаҳар шифохоналарида 306 та янги ихтисослашган бўлимлар, 1 минг 200 та тез тиббий ёрдам шохобчаси очилди.
- 2018 йилда тиббиёт соҳасига давлат бюджетидан 2017 йилга нисбатан 40 фоиз кўп маблағ ажратилди. Келаси йил соҳага қарийб 30 фоиз кўп маблағ йўналтириш режалаштирилган.
- Жорий йилнинг ўтган даврида Президентнинг Виртуал қабулхонасига тиббиёт соҳасига доир 45 мингдан зиёд мурожаат келиб тушган.
- Бирламчи тиббий-санитария ёрдами тизими, туман марказий шифохоналарининг моддий-техника базаси ва малакали кадрлар билан таъминланиш даражаси талабга жавоб бермайди. Оқибатда ҳудудлардаги беморлар катта маблағ сарфлаб, Тошкент шаҳрига келишга ёки чет давлатларга боришга мажбур бўлмоқда.
- 2018 йилнинг ўтган даврида гепатит, ўпка сили билан касалланиш сони республика бўйича 20 фоизгача камайган бўлса-да, Қорақалпоғистон Республикаси, Бухоро, Навоий, Қашқадарё, Наманган, Сирдарё ва Жиззах вилоятларининг айрим туманларида камаймаган.
- Тошкент, Самарқанд, Андижон каби йирик шаҳарларда “тиббиёт хаб”ларини барпо этиш бўйича вазифалар топширилди.
- Камҳаракатлилик ва нотўғри овқатланиш оқибатида Ўзбекистон аҳолисининг ярми ортиқча вазнга эга, одамларимизнинг 46 фоизи қон таркибида меъёрдан ортиқ холестерин мавжуд, 31 фоизида қон босими юқори.
- Президент Шавкат Мирзиёев Ўзбекистонда 2025 йилгача соғлиқни сақлаш тизимини ривожлантириш бўйича концепция лойиҳасини пухта ишлаб чиқиш юзасидан кўрсатмалар берди.
- Соҳани молиялаштиришнинг амалдаги смета усули эскиргани, тиббиёт муассасалари қанча бемор даволанганига қараб эмас, койка-ўринлар сонига қараб молиялаштириб келинаётгани қайд этилди.
- Бугунги замон талаблари ва хориж тажрибасидан келиб чиқиб, синов тариқасида мамлакатимизнинг 14 та ҳудудида биттадан тиббиёт бирлашмасини аҳоли жон бошига ва стационар шароитда даволанганлар сонига қараб молиялаштириш бўйича топшириқ берилди.
- 2021 йилдан бошлаб юртимизда ҳам мажбурий тиббий суғурта тизимини босқичма-босқич жорий этилади.
- Бунда Жанубий Корея, Сингапур, Германия каби давлатлардан халқаро консультантларни жалб қилган ҳолда, тегишли қонун ва қонуности ҳужжатлари ишлаб чиқилади.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter