Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Прописка тез тиббий ёрдам учун тўсиқ эмас

Прописка тез тиббий ёрдам учун тўсиқ эмас

Фото: Соғлиқни сақлаш вазирлиги

Соғлиқни сақлаш вазирлиги ижтимоий тармоқлар орқали тез тиббий ёрдам кўрсатишда прописка сўралаётгани ҳақидаги чиқиш ва мурожаатларни ўрганиб чиқди. Вазирликнинг жамоатчилик билан алоқалар бўлими бу борада «Xabar.uz»га қуйидагиларни маълум қилди.

Маълумки, тез тиббий ёрдам хизматининг асосий вазифаси фуқаронинг ҳаётига хавф туғдирадиган ҳолатларда биринчи тиббий ёрдамни кўрсатишдир. Ушбу тиббий ёрдам барча ҳолатларда – бемор Ўзбекистон фуқаросими ёки чет эллик меҳмонми, бундан қатъий назар бепул кўрсатилади.  Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 40-моддасида ҳам «Ҳар бир инсон малакали тиббий хизматдан фойдаланиш ҳуқуқига эга», дея қатъий белгилаб қўйилган.


– Тез тиббий ёрдам чақириқларида чақириқ манзилга етиб борганда, албатта, беморнинг рўйхатга олинган манзили тўғрисидаги маълумот сўралади. Бу мавжуд меъёрий ҳужжатларда белгиланганидек, чақириқ қоғозидаги «рўйхатга олинган манзили» графасини тўлдириш учун амалга оширилади, – дейди Тошкент шаҳар тез тиббий ёрдам станцияси бўлим мудири Насиба Маҳмудова. – Чунки эртаси куни ҳар бир тез тиббий ёрдам хизматига мурожаат қилган бемор тўғрисида айнан рўйхатда турган манзили бўйича тегишли бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасалари, яъни поликлиникаларга маълумотлар етказилади. Бу эса тез тиббий ёрдам хизматига мурожаат қилган беморни кейинчалик поликлиниканинг умумий амалиёт шифокори ва патронаж ҳамшираси назорати остида бўлишини – ўзаро интеграцияни таъминлайди. Тез тиббий ёрдам хизмати беморга фақат симптоматик, яъни касалликнинг белгиларини бартараф қилишга қаратилган муолажаларни бажарса, поликлиникалар эса мана шу касалликнинг қайталанмаслигига қаратилган даво чораларини амалга оширади.

Насиба Маҳмудова
Тошкент шаҳар тез тиббий ёрдам станцияси бўлим мудири

Шунингдек, беморнинг яшаш манзили унинг тегишли тартибга кўра дислокация асосида қайси муассасага госпитализация қилинишини белгилайди. Мақсад барча шифохоналарда бемор ўринлари чекланганлиги боис беморларни шифохоналар бўйича бир хил тақсимланиш орқали уларни самарали даволанишини таъминлашга эришиш ҳисобланади.

– Тошкент шаҳрига меҳмон бўлиб келганлар ва муайян жойда вақтинчалик рўйҳатда турувчиларга Тошкент шаҳрида доимий пропискаси бўлган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари билан тенг тартибда тиббий ёрдам кўрсатилади. Бу масалада қонунчилигимиз инсонийликнинг шу даражада чўққисига чиққанки, ҳаттоки прописка уёқда турсин, шахснинг фуқаролиги ҳам тез тиббий ёрдам кўрсатиш жараёнида аҳамиятга эга эмас. «Фуқаролар соғлиғини сақлаш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонунининг 29-моддасига кўра, энг кўп тарқалган касалликлар, шикастланиш, заҳарланиш ва шошилинч ёрдам талаб этиладиган бошқа ҳолатларни даволаш давлат соғлиқни сақлаш тизими муассасаларида бепул ва ҳар қандай чекловларсиз кўрсатилади. Ҳаёти ёки соғлиғи учун хавфли ҳолатда бўлган шахсга шошилинч ва (ёки) кечиктириб бўлмайдиган тиббий ёрдам кўрсатишни асоссиз равишда рад этиш Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 591-моддасига мувофиқ, тегишли маъмурий жавобгарликни келтириб чиқаради. Беморга жойида ёрдам кўрсатилгач, шифохонага олиб бориш талаб қилинадиган ҳолатлар мавжуд бўлса, Соғлиқни сақлаш вазирлигининг тегишли ҳужжатларига асосан тез тиббий ёрдам ходими беморни Тошкент шаҳрида жойлашган шифохоналарга олиб бориши лозим, – дейди Соғлиқни сақлаш вазирлиги юридик бўлими бошлиғи Руслан Муҳаммадиев.

 Руслан Муҳаммадиев
Соғлиқни сақлаш вазирлиги юридик бўлими бошлиғи

Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, тез тиббий хизмат кўрсатишда прописка билан боғлиқ масалаларнинг рўкач қилиниши қонунбузарлик ҳисобланади.

 

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг