Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

 Пул дардида руҳий ҳимоясиз инсонларни томошага айлантирманг

 Пул дардида руҳий ҳимоясиз инсонларни томошага айлантирманг

Фото: Сунъий интеллект

Сўнгги вақтларда ижтимоий тармоқларда руҳий ҳолати оғир, психологик ҳимоясиз ёки интеллектуал жиҳатдан заиф инсонлар иштирокида контент тайёрлаш хавотирли даражада кучаймоқда. Бу ҳолатга шунчаки оддий блогерлик ёки “хайп” деб қарамаслик керак. Бундай контентлар жамиятнинг ахлоқий ва ҳуқуқий чегаралари емирилаётганининг белгиси. Энг оғир жиҳати шундаки, инсоннинг оғриғи аудиторияга айлантирилмоқда. Руҳий изтироб  кўнгилочар маҳсулот сифатида истеъмол қилинмоқда. 

Бугун айрим контент муаллифлари руҳий носоғлом инсонларни камера орқали провокация қилмоқда, уларнинг ҳолатини масхара объектига айлантирмоқда, эмоционал беқарорлигидан монетизация воситаси сифатида фойдаланмоқда, ижтимоий тармоқ алгоритмлари учун “томоша” ишлаб чиқармоқда.

Бу эса жамият онгида хавфли нормани шакллантирмоқда. Яъни инсон қадри эмас, кўришлар сони муҳим. Хайп учун бир инсоннинг ҳуқуқи поймол бўлмоқда, дарди масхара қилинмоқда. Бу масалага фақат ахлоқий эмас, ҳуқуқий ва сиёсий нуқтаи назардан ҳам қараш вақти келди.  Чунки  Конституциямизда ҳам инсон қадри олий қадрият сифатида белгиланган. Инсон шаъни, қадр-қиммати ва шахсий ҳаёти дахлсизлиги давлат ҳимоясидадир. Шундай экан ўз ҳаракатларини тўлиқ англай олмайдиган, психологик жиҳатдан ҳимоясиз, руҳий касаллик белгилари мавжуд инсонларнинг видеоларини тарқатиш ва монетизация қилиш жиддий ҳуқуқий баҳони талаб қилади. Айниқса розиликсиз тасвирга олиш, оммавий масхара қилиш, шахсни қадрсизлантирувчи материал тарқатиш, кибербуллинг элементлари қонунчилик нуқтаи назаридан таҳлил қилиниши шарт. Бу ахборот хавфсизлиги масаласидир.

Мутахассисларнинг фикрига кўра, руҳий ҳимоясиз инсонлардан контент жамиятнинг эмоционал муҳитини бузади. Аудитория бора-бора раҳмсизликка, мазахни табиий қабул қилишга, инсон дардини томоша сифатида кўришга ўрганиб қолади. Бу эса ижтимоий онгнинг деградациясига олиб келади. Давлат ахборот сиёсати нуқтаи назаридан ҳам бу хавфли тенденция. Чунки жамиятда агрессия, оммавий мазах маданияти, психологик зўравонлик оддий ҳолга айланса ижтимоий ишонч ва фуқаролик муҳитига таъсир қилади. Ҳуқуқий давлатнинг асосий белгиларидан бири ҳимоясиз қатламни ҳимоя қилиш қобилиятидир. Агар жамият руҳий носоғлом инсонни “контент” сифатида истеъмол қила бошласа, давлат институтлари бу ҳолатга муносабат билдирмаса, платформалар монетизацияни чекламаса, бу ҳуқуқий давлат принципларига ҳам, инсонпарварлик тамойилларига ҳам зид ҳолатга айланади. Шу нуқтаи назардан, Болалар омбудсмани, Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институтлар, Киберхавфсизлик маркази, Ахборот ва оммавий коммуникациялар соҳасидаги мутасадди органлар мазкур ҳолат юзасидан аниқ ҳуқуқий механизмлар ишлаб чиқиши керак.

Қонунчиликда руҳий ҳимоясиз инсонларнинг тасвиридан фойдаланиш, уларни оммавий мазах объектига айлантириш, блогерлик орқали психологик эксплуатация қилиш, монетизация мақсадида инсон қадрини поймол қилиш ҳолатларини ҳуқуқий баҳолаш масалалари кун тартибига чиқиши керак.
Чунки бу ерда гап фақат одоб-ахлоқ, этика ҳақида эмас, инсон ҳуқуқлари ҳақида кетяпти.

Ахир мамлакатнинг цивилизация даражаси жамиятнинг энг кучсиз инсонга муносабати билан ўлчанади. Руҳий азобдаги инсондан аудитория йиғишни медиага қиёслаб бўлмайди. Бу энди инсоний чегараларнинг емирилиши. Агар бугун жамият бу ҳолатга бефарқ қараса, эртага ҳар қандай ҳимоясиз инсон камера олдида “контент”га айланиши мумкин. Инсон қадри ҳар қандай томошадан, шоудан, рекламадан устун бўлган жамиятгина ҳақиқатан ривожланган жамият ҳисобланади.

Маҳфуза Йўлдошева

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг