Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Қайта тикланаётган назорат постлари масаласига ИИВ изоҳ берди

Қайта тикланаётган назорат постлари масаласига ИИВ изоҳ берди

Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги ахборот хизмати раҳбари Шоҳрух Ғиёсов вилоятларнинг чегара ҳудудларида назорат постлари қайта тикланаётгани ҳақида тарқалган хабарларга муносабат билдирди.

«Охирги вақтларда ижтимоий тармоқларда вилоятларнинг чегара ҳудудларида қайта тикланаётган «пост»лар ҳақида маълумотлар тарқатилиб, нима сабабдан бундай ишлар амалга оширилаётганлиги тўғрисида саволлар кўпайиб бормоқда.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 19 майдаги «Ўзбекистон Республикаси йўл хавфсизлигини таъминлаш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги 377-сон қарорига мувофиқ, республика ҳудудида мавжуд бўлган 133 та йўл-патруль хизмати стационар постлари ва патруль-пост хизмати постларидан 74 тасининг фаолияти тугатилиб, бугунги кунда улардан 59 таси ўз ишини давом эттирмоқда.

Шу билан бир қаторда, юзага келган тезкор ва криминоген вазиятни инобатга олган ҳолда, ўрнатилган тартибда, Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги раҳбарияти билан келишган ҳолда, Қорақалпоғистон Республикаси Ички ишлар вазири, Тошкент шаҳар ва Тошкент вилояти Ички ишлар бош бошқармалари ва вилоятлар ички ишлар бошқармалари бошлиқлари томонидан йўл-патруль ва патруль-пост хизмати постларини вақтинча ташкил этиш ва тугатиш тартиби мавжуд.

Юртимизда режалаштирилаётган нуфузли сиёсий ва байрам тадбирларига тайёргарлик кўриш ва ўтказиш жараёнида хавфсизликни таъминлашни самарали ташкил этиш мақсадида, айрим ҳудудларда вақтинчалик йўл-патруль ва патруль-пост хизмати постлари ташкил этилмоқда.

Фуқароларимиздан ушбу хавфсизлик нуқтаи назаридан амалга оширилаётган муҳим вазифаларни тўғри қабул қилишларини ҳамда ижтимоий тармоқларда турли номақбул фикрларни тарқатмасликларини сўрайди», дейилади ИИВ ахборот хизмати хабарида.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Президент топшириғи билан фаолияти тўхтатилган назорат постлари яна тикланаётгани ҳақида хабар берилган эди.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг