Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Қибрайда замонавий шаҳарча барпо этилади

Қибрайда замонавий шаҳарча барпо этилади

Фото:«Norma.uz»

Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 18 апрелдаги қарорига кўра, Тошкент вилоятида қурилиш ва ободонлаштириш ишларини янада жадаллаштириш, тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар ҳисобига чет эл инвесторлари учун шарт-шароитларга эга бўлган замонавий шаҳарча ташкил этиш белгиланган.

Мазкур ҳужжатда қайд этилишича, «Super Garden» масъулияти чекланган жамиятига Қибрай тумани «Тузел» қишлоқ фуқаролар йиғини ҳудудидан шаҳарсозликнинг энг сўнгги меъёрлари асосида ана шундай шаҳарча барпо этиш учун ер ажратилди. «Invest Village» инвестиция лойиҳаси деб номланадиган мазкур объект «Super Garden» масъулияти чекланган жамияти томонидан бунёд этилади. Лойиҳа ташаббускорларининг таъкидлашича, дов-дарахтлар ўртасида бунёд этиладиган шаҳарча асосан икки қаватли коттежлардан иборат бўлади.

Шунингдек, бу ерда аҳоли учун турли тадбирлар ўтказиладиган гузар типидаги ихчам маросимлар саройи, спорт мажмуаси, теннис корти ва қатор хизмат кўрсатиш шохобчалари бўлади. Истиқомат қилувчиларнинг мазмунли ҳордиқ чиқариши учун хиёбонлар қуриш ҳам кўзда тутилган. Бундай қулайликлар табиийки, ўзига хос микроиқлим яратишга хизмат қилади.

Лойиҳага мувофиқ, замонавий шаҳарча 2021 йилнинг якунида қуриб битказилади. Унга Туркиянинг «Toleza Tekstil Sanayı lç ve Diş Tic. Ltd. Ști.» компанияси томонидан 20 миллион АҚШ доллари миқдорида тўғридан-тўғри хорижий инвестиция киритилиб, ҳамкорликда барпо этилади. «Super Garden» МЧЖ томонидан эса 5 милл. АҚШ доллари миқдоридаги маблағ ажратилади. Пировардида 100 янги иш ўринлари яратилади.

Тошкент вилояти ҳокимлиги эса «Super Garden» МЧЖга ажратилган ер участкасида хорижий инвестиция ҳисобига «Invest Village» лойиҳасини амалга ошириш учун ер участкаси тоифасини аҳоли пунктларининг ерлари тоифасига ўзгартириш бўйича тегишли қарор қабул қилади.

Инвестиция лойиҳасини амалга ошириш доирасида қуриладиган уй-жойларнинг 5 фоизи Тошкент вилояти ҳокимлигига берилади. Шу билан бирга, Тошкент вилояти ҳокимлигига «Toleza Tekstil Sanayı lç ve Diş Tic. Ltd. Ști.» компанияси ҳамда «Super Garden» МЧЖ томонидан амалга ошириладиган инвестиция лойиҳасини белгиланган муддатда фойдаланишга топширилиши бўйича тизимли мониторинг олиб бориш вазифаси ҳам юклатилган.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг