Қишлоқ аёлининг меҳнатдан бошқа ҳаёти ҳам бор...
Мен қишлоқда катта бўлганман. Онам, момом, қўни-қўшни аёллар — ҳаммаси қишлоқ аёллари. Ҳар доимгидек, уларнинг меҳнаткашлиги, тонг саҳардан туриб сигир соғиши, узоқдан сув ташиши, тандирга ўтин қалаб, нон ёпиши ҳақида айтмоқчи эмасман. Йўқ, бу сафар бошқа нарса, уларнинг юзидаги ажинлар, соғлиғи ва ўзига ажратадиган вақти ҳақида гаплашмоқчиман.
Яъни қишлоқ аёлининг меҳнатдан бошқа ҳам ҳаёти борми? Унинг бошқа ташвишлари бўлмаганида, ўзи учун нима қилган бўларди? Масалан, аёлнинг юзидан бошлайлик. Қуёш остида кўп юрадиган аёл терисини қандай парвариш қилади? Юзига крем суртадими, қуёшдан ҳимояловчи воситалардан фойдаланадими? Сочини турмаклаш, юзига ниқоб қўйиш, сартарошхонага бориш ҳақида ўйлайдими? Ёки бундай нарсалар унинг учун рўзғорнинг зарур харажатларидан кейин қоладиган, имконият бўлсагина амалга ошадиган истакларми?
Қишлоқ аёлларининг юзидаги ажинларни фақат оғир меҳнат ва ҳаёт ташвишлари билан изоҳлаб бўлмайди. Ёш, ирсият ва қуёш нурлари ҳам бунга таъсир қилади. Тиббий тадқиқотлар қуёшнинг ультрабинафша нурлари теридаги эрта қариш белгилари, ажинлар ва доғлар пайдо бўлишини тезлаштиришини кўрсатади. Очиқ ҳавода, айниқса, куннинг иссиқ пайтларида кўп ишлайдиган аёллар учун эса қуёшдан ҳимояланиш масаласи алоҳида аҳамиятга эга.
Бироқ бу ерда мен учун бошқа савол муҳим. У қуёшдан сақланиш воситасини сотиб олишни ўйлайдими ёки бунинг учун ҳам аввало рўзғорнинг бошқа эҳтиёжларини қондириши керакми?
Бу саволлар кимгадир майда-чуйда, ҳатто ортиқча туюлиши мумкин. Ахир, қишлоқда ундан муҳимроқ ташвишлар бор: уй-жой, томорқа, чорва, болалар, оила, эр, қайнона-қайнота... Аммо аёлнинг ҳаёти фақат шу ташвишлардан иборат бўлиши керакми?
Осиё тараққиёт банкининг Тожикистон Республкаси, Хатлон вилояти қишлоқларида аёллар вақтидан фойдаланишга бағишланган тадқиқоти бу ҳақда жиддий ўйлашга ундайди. Унда аёлларнинг ҳақ тўланмайдиган уй-рўзғор ишларига ва бошқа мажбуриятларга сарфлайдиган вақти ўрганилган. Бу натижаларни Ўзбекистон қишлоқ аёлларига тўғридан-тўғри татбиқ этиб бўлмайди, аммо тадқиқот минтақадаги аёллар ҳаёти учун умумий бўлган муҳим масалани кўрсатади: уй ишлари ва оилавий мажбуриятлар аёлнинг вақтининг катта қисмини, 70 фоизини эгаллайди.
Халқаро миқёсда бу ҳолат «вақт қашшоқлиги» (time poverty) тушунчаси билан ифодаланади. Гап шунчаки аёлнинг кўп ишлашида эмас. Унинг дам олиш, таълим олиш, ўз қизиқишлари билан шуғулланиш ва саломатлигига эътибор бериш учун вақти қолмаслигида.
Қишлоқ аёли тонгдан кечгача меҳнат қилиши мумкин. Аммо шу куннинг ичида ўзи учун қанча вақт топади? Унинг ўзи хоҳлаган иш билан шуғулланиши учун имконияти борми? Ёки кундалик вазифаларини бажариб бўлгач, ўзига қоладиган вақт фақат чарчоқдан ҳеч нарса қилишни истамайдиган пайтми?
***
Бир пайтлар онам ҳали ёшроқ пайтида унга қуёшдан ҳимоя қилувчи, терининг қорайишини камайтиришга ёрдам берадиган крем олиб бердим. Онам кичкинагина идишдаги кремни қўлига олиб, ҳайрон бўлиб у ёқ-бу ёғини айлантириб кўрди. Мен эса хавотиримни яширмай:
— Она, буни яна кимгадир кўнгилбўшлик билан совға қилиб юборманг, қиммат крем. Бу юзингизни қуёшдан асрайди, ўзингиз ишлатинг, — дедим.
Онамнинг ёнида ўтирган қўшни аёллардан бири эса дарров кулиб ҳазил қилди:
— Вой, шу пулга бир кило гўшт олиб келганингизда холам ҳам хурсанд бўларди, ҳам мазза қиларди, — деди.
Мана шу кичик ҳаётий воқеа мени ўша дақиқаларда кўп нарса ҳақида ўйлашга мажбур қилганди. Демак, озиқ-овқат, болаларнинг эҳтиёжлари, уй-рўзғор харажатлари биринчи ўринда турган шароитда аёлнинг ўз саломатлиги ва парвариши учун пул сарфлаши ортиқча харажатдек кўриниши мумкин.
Қолаверса, йиллар давомида бошқаларнинг эҳтиёжини устун қўйиб яшаган аёл ўз эҳтиёжларини ҳамиша ҳам зарурат деб қабул қилавермайди. У ўзига бирор нарса олишдан олдин рўзғорни ўйлайди. Шифокорга боришдан олдин уйдаги юмушларни битиришга ҳаракат қилади. Дам олишни эса ишлар тугаганидан кейинга қолдиради. Аммо бу ишлар қачон тугайди?
Албатта, қуёшдан ҳимояланиш шунчаки ташқи кўриниш ҳақида эмас. SPF воситалари терини ультрабинафша нурлар таъсиридан ҳимоя қилишга ёрдам беради. Австралияда ўтказилган машҳур Нaмбоур тадқиқотида қуёшдан ҳимояловчи кремдан мунтазам фойдаланиш терининг фотоқариш жараёнини секинлаштириши мумкинлиги кўрсатилган.
Бу ерда масала аёлнинг юзида ажин бўлмаслигида эмас. Унинг ўз саломатлигига эътибор бериш учун зарур билим, вақт ва маблағга эга бўлишида. Қуёшдан ҳимояланиш воситасини сотиб олиш имконияти ҳам, уни мунтазам ишлатишга одатланиш ҳам муайян шароитни талаб қилади. Агар аёл ўзини парвариш қилишни ортиқча харажат деб билса ёки бунга вақти етмаса, унга шунчаки кремнинг фойдасини тушунтириш билан масала ҳал бўлмайди.
Аслида, гап фақат тери парваришида ҳам эмас. Йиллар давомида оғир меҳнат қилиш, сув ташиш, кир ювиш, далаларда эгилиб ишлаш аёлнинг жисмоний саломатлигига ҳам таъсир қилиши мумкин. Масалан, 1999 йилда эълон қилинган Япония тадқиқотида қишлоқда яшовчи 60–79 ёшли аёлларнинг 41 фоизида тизза оғриғи кузатилган, Гавайида яшовчи шу ёшдаги япон аёлларида эса бу кўрсаткич 20 фоизни ташкил этган. Тадқиқот муаллифлари фарқнинг эҳтимолий сабабларидан бири сифатида турмуш тарзи ва атроф-муҳит омилларини кўрсатган. Бел оғриғи, бўғимлардаги оғриқ, доимий чарчоқ кундалик ҳаётнинг оддий қисмига айланиб қолиши эҳтимол.
Айрим аёллар эса ўзларини даволатишни ҳам кечиктирадилар: уйдаги ишлар, болаларнинг эҳтиёжлари, бошқа оила аъзоларининг юмушлари улар учун муҳимроқ бўлиб қолаверади.
Яна ўша саволга қайтамиз: аёлнинг ўзи учун қанча вақти бор?
Аёлнинг ўзи билан ўзи ёлғиз қолиши, китоб ўқиши, янги нарсаларни ўрганиши, дўстлари билан суҳбатлашиши ёки шунчаки дам олиши ҳам эҳтиёж. Аммо баъзан бу эҳтиёжлар ҳатто тилга олинмайди.
Бу ҳолатни фақат аёлнинг ўзини ўйламаслиги билан изоҳлаш тўғри бўлмайди. Унинг вақти, иқтисодий имконияти ва оиладаги вазифалар тақсимоти ҳам бунга таъсир қилади. Агар уй ишларининг асосий қисми аёлнинг зиммасида бўлса, унинг бўш вақти ўз-ўзидан пайдо бўлмайди. Агар оиланинг имконияти чекланган бўлса, ўз эҳтиёжлари учун харажат қилиш ҳам осон эмас.
Шунинг учун қишлоқ аёлларининг ҳаётини яхшилаш ҳақида гапирганда, уларга фақат соғлиғига қарашни, ўзини севишни ёки дам олишни маслаҳат бериш билан чекланиб бўлмайди. Уларнинг меҳнат шароитлари, тиббий хизматдан фойдаланиш имкониятлари, уйдаги вазифаларнинг тақсимланиши ҳам эътиборга олиниши керак. Оила аъзолари ҳам аёлнинг саломатлиги ва дам олишини рўзғор ишларидан кам бўлмаган эҳтиёж деб қабул қилиши муҳим.
Қишлоқ жойларида очиқ ҳавода меҳнат қилувчи аёлларга қуёшдан ҳимояланиш, иш шароитида саломатликни асраш ва касалликларнинг олдини олиш ҳақида тушунтириш ишларини кучайтириш зарур. Фермер хўжаликлари ва бошқа иш берувчилар ҳам ишчи аёлларнинг хавфсизлиги ва саломатлигига эътибор қаратиши керак. Лекин бунинг ўзи ҳам етарли эмас. Аёл ўзини асраш учун оиласи билан келишиши, вазифаларни бошқалар билан бўлишиши ва ўз эҳтиёжларини ҳам ҳисобга олиши мумкин бўлган муҳитга муҳтож.
Энг асосийси, қишлоқ аёли ҳақидаги тасаввуримизни ўзгартиришимиз керак. Биз кўпинча унинг меҳнаткашлиги, сабр-тоқати ва фидойилигини мақтаймиз. Аммо унинг қанча меҳнат қилиши ҳақида гапирганимизда, шу меҳнатлар орасида ўзи учун яшашга қанча вақти қолиши ҳақида ҳам ўйлашимиз керак.
Қишлоқ аёлининг ҳам гўзал бўлишга, соғлом қаришга, дам олишга, китоб ўқишга, таълим олишга ва ўз устида ишлашга ҳаққи бор. Яъни, аёлнинг қадри унинг оиласи ва атрофдагилар учун қанча иш бажариши билан ўлчанмаслиги керак.
***
Онам ўша куни қўшни аёлнинг ҳазилига индамайгина кулиб қўя қолди. Мен эса онам кичкина крем қутисини рўзғорнинг минг битта ташвиши орасида қаергадир яшириб қўйишини ва барибир ишлатмаслигини ич-ичимдан сезиб турардим. Чунки у қишлоқ аёли. У ўзини доим охирги ўринга қўйишга, ўз гўзаллигини рўзғорнинг бир кило гўштига алмашишга кўникиб қолган. Лекин мен барибир қишлоқ аёлларининг қуёшдан қорайган ва ажинлари билиниб турган юзларига боққанимда матонатни, меҳнаткашликни эмас ҳимоясиз қолган, эътибор соғинган гўзалликни кўраман, меҳнатдан бошқа ҳаёти борлигини ҳам ўйлайман...
Барно Султонова


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter