Қозоғистондан Ўзбекистонга 500 бош сайғоқ олиб келиш режалаштирилмоқда — Азиз Абдуҳакимов

2025 йил июль ойида Ғарбий Қозоғистон вилоятида сайғоқ популяциясини назорат қилиш бўйича расмий дастур бошланган эди. Ушбу дастур доирасида 2,3 миллиондан ортиқ бошдан 460 минггача сайғоқни назоратли тарзда камайтириш режалаштирилган.
Ўзбекистон Республикаси Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги ушбу имкониятдан фойдаланиб, Қозоғистондан сайғоқларнинг бир қисмини Ўзбекистонга олиб келиш ташаббусини илгари сурди.
Вазир Азиз Абдуҳакимов ушбу ташаббус бўйича қуйидагича изоҳ берди:
«Биз Қозоғистон Республикаси Экология вазирлиги билан ҳамкорликда 500 бош ёш сайғоқни Ўзбекистонга олиб келишни режалаштирганмиз. Мутахассисларимиз уларнинг маҳаллий муҳитга мослашувини ўрганади. Бу камёб турни сақлаб қолиш йўлида муҳим қадамлардан биридир».
Ушбу ташаббус Ўзбекистонда биохилма-хилликни тиклаш ва камёб ҳайвонот турларини асраб-авайлаш йўлида катта аҳамиятга эга!
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter