Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Қулай шаҳар муҳити — аниқ ечимлар орқали: мутасаддилар муҳим лойиҳалар билан танишди

Қулай шаҳар муҳити — аниқ ечимлар орқали: мутасаддилар муҳим лойиҳалар билан танишди

Фото: Тошкент шаҳар ҳокимлиги

Тошкент шаҳар ҳокими Шавкат Умрзоқов Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясининг жамоат хавфсизлиги ва қонун устуворлиги масалалари бўйича департаменти бошлиғининг биринчи ўринбосари Азиз Азимов, шаҳар бошқармалари, мутасадди идоралар ва туман ҳокимликлари раҳбарлари билан биргаликда замонавий, хавфсиз ва ҳаммабоп жамоат маконларини яратишга қаратилган лойиҳалар билан танишди.

Аввало, пойтахт ҳовлиларидаги болалар ва спорт майдончаларига ўрнатиш учун таклиф этилаётган жиҳозлар намуналари кўздан кечирилди. Конструкцияларнинг сифати, хавфсиз қопламаси, жиҳозларнинг узоқ муддатга чидамлилиги, шунингдек, имконияти чекланган болалар ва катталар учун шароитлар яратишга алоҳида эътибор қаратилди.

Мутасаддиларга замонавий хавфсизлик, сифат ва инклюзивлик талабларига жавоб берадиган жиҳозлар ўрнатилишини таъминлаш топширилди. Болалар ва спорт майдончалари номига қурилган объектлар эмас, балки барча аҳоли бемалол фойдалана оладиган тўлақонли масканлар бўлиши керак.

Навбатдаги манзил Юнусобод тумани бўлди. Бу ерда Янгишаҳар ва Амир Темур кўчаларининг айрим участкаларида 24/7 форматидаги ҳудудни барпо этиш ишлари давом этмоқда.

Объектда ободонлаштириш, пиёдалар йўлакларини ташкил этиш, сервис объектларини жойлаштириш, ёритиш, кўкаламзорлаштириш, хавфсизликни таъминлаш ва ҳудуддан кеча-ю кундуз фойдаланиш масалалари ўрганилди. Аниқланган камчиликлар юзасидан аниқ чора-тадбирлар ва уларни бартараф этиш муддатлари белгилаб олинди.

Учинчи манзилда Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримов номидаги илмий-маърифий ёдгорлик мажмуасига туташ ҳудудни комплекс ривожлантириш ва уни очиқ жамоат боғига айлантириш ишларига старт берилди.

Бу ишлар Президент Администрацияси раҳбарининг топшириқлари доирасида амалга оширилмоқда. Асосий вазифа — боғни одамлар учун очиқ, ўзаро боғланган ва қулай масканга айлантиришдан иборат.

Лойиҳа доирасида қуйидагилар кўзда тутилган:

— боғга киришни чеклайдиган панжарали тўсиқларни олиб ташлаш;
— қулай кириш йўлакларини ва ягона пиёдалар йўналишлари тармоғини яратиш;
— ногиронлиги бор шахслар, кексалар, болали оилалар ва болалар аравачаси билан келувчилар учун тўлақонли тўсиқсиз муҳитни шакллантириш;
— яшил майдонларни сақлаб қолиш, соя-салқин сайр ҳудудлари ва сокин ҳордиқ учун жойлар яратиш;
— замонавий ёритиш, навигатсия ва хавфсизлик воситаларини ўрнатиш.

Амалга оширилаётган ишларнинг бош мақсади шунчаки жиҳозлар ўрнатиш ёки айрим ҳудудларни ободонлаштириш эмас, балки аҳоли ҳар куни фойдалана оладиган ҳаммабоп, хавфсиз ва қулай маконлар яратишдир.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг