Раҳм айланг, эркаклар!
Шу кунларда ижтимоий тармоқларда Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика университети 3-курс талабасига декан ўринбосари тегажоғлик қилиб, сўнг уни деразадан итариб юборгани ҳақида хабарлар омма эътиборини тортмоқда.
Шифокорлар эса деразадан йиқилган талаба қизга тос суяги синиши, гематомалар ва мия чайқалиши ташхисини қўйишган. У ҳали бери оёққа туролмаслиги айтилмоқда. Ижтимоий тармоқни кузатар эканман, Муштарий Комилова педагогика унверситетида ўтказилган тадбирларда фаол иштирок этиб юрган, ўтган йили олийгоҳда ўтказилган «Йил талабаси» танловида ғолиб бўлгани ҳақидаги маълумотни ўқиб қолдим. Демак, бу қиз истеъдодли келажаги порлоқ кадр бўлиши шубҳасизлиги унинг ушбу ҳаракатларида акс этиб турибди. Талаба қизга қилинган бу зўравонлик келажагига, яъни қизнинг номусига ёмон таъсир қиладиган ҳолат бўлди деб ҳисоблайман.
Атрофимизда бундай ҳолатлар тез-тез учраб турибди, лекин кўпини биз билмаймиз, ўшандай зўрлик қурбонига айланаётган хотин-қизларнинг ҳолати оиласида ёки ўзининг ички сири бўлиб ташқарига чиқмай қолиб кетяпти. Натижада мана шундай кўнгилсиз воқеалар авж олаяпти. Бундай дейишимга сабаб Тошкент вилояти Олмалиқ шаҳар ҳокимлиги Хотин-қизлар қўмитасида, ундан сўнг эса Маҳалла ва оилани қўллаб қувватлаш бўлимида ишладим. Юқоридаги сўзимда айтгандай жабр зўравонликларга учраётган хотин-қизларнинг ҳаётини кўриб гувоҳига айланганман. Шундай воқеалардан бир нечтасини мисол қилиб келтирмоқчиман.
Б. билан Ш. оила қуриб 3 нафар фарзандли бўлишган. Оилада фарзандлар катта бўлгач уларга сарф этадиган харажатлар сони ҳам кенгайиб бораверади. Оилада моддий етишмовчилик ортиб бораётганидан хуноб бўлган Б. бор аламини ожиза аёлидан олиб, уни тинмай ҳақоратлар, шахсиятига тегадиган гаплар билан жанжаллар чиқарарди. Лекин сабрни одати деб билган Ш. ҳаммасини ичига ютди. Бироқ эр бундан фойдаланиб аёлининг бошига чиқади, уйдан тунда совуқ сув қуйиб Ш.ни ҳайдаб соладиган одат чиқарди. Сабр косаси тўлган Ш. уч нафар фарзандларини олиб ота ҳовлисига кетиб қолди. Б. эса аёли ва уни уйдагиларига яна бир бор зўравонлигини кўрсатиш мақсадида қайнотасига пичоқ ўқталди, аёлига мушт билан тарсакиларни қаторлаштириб ташлади. Суд хукмида томонларни яраштириш учун муҳлат берилганда Ш. ва унинг отаси норасида болаларнинг келажагини ўйлаб Б.ни кечиришди, аёл ўз эрини, қайнота куёвни қаматди деган тамға олишдан ор қилишди.
И. билан Д. нинг уч нафар фарзандлари бор Д. ишдан тунги вақтларда келади. И. ҳам ёш авлодга сабоқ беради, чарчайди, толиқади. Ишдан келиб турмуш ўртоғини тунгача ухламасдан кутиб ўтира олмайди. Бундан ғазабланган Д. аёли уйқусираб эшик очганидан дарғазаб бўлиб, уйдаги идиш, қўлига илинган нарсани отиб жанжал чиқарарди. И. ҳам бундай жанжаллардан безор бўлиб турмуш ўртоғига ишламай уйда ўтириши мумкинлиги шунда уни кўнглидагидай кутиб олиши учун имконият бўлиши ҳақида айтганда эр бунга кўнмайди, «ҳам ишни эплайсан, ҳам оилани, дунёда битта сен ишлаётганинг йўқ», деган жавобни қайтаради. Бу ҳаётий мисол. Нима, аёлнинг жони қирқтами, ҳурматли эркаклар? Унинг ҳам вақтида дам олгиси турмуш ўртоғидан ширин сўзларни эшитгиси келади, дегинг келади.
Ю. иккинчи фарзанди – қизини дунёга келтирганда турмуш ўртоғи Ш. бу бола мендан эмас деб ҳақоратлади, уйдан ҳайдади. Ю. икки фарзанди билан ота ҳовлисига борди. Эрининг айтган гапи тухмат эканлигини исботлади. ДНК текшируви фарзандни отаси Ш. эканлигини кўрсатиб берди. Лекин Ш. гапида туриб олиб, никоҳи қонуний ажрим бўлмасдан туриб шаръий никоҳ билан бошқа бир аёлга уйланди, икки норасида болани ота бўлиб келажагини, тақдири ўйлаб ҳам ўтирмади. Бир оила пароканда, болалар эса умрбод руҳий мажруҳ бўлди.
Азиз эркаклар, жон йигитлар, ожизани тепкилаш, кучсизнинг устидан кулиш на динимизда бор ва миллий қадриятларимизда. Аёлнинг қалбини юксалтиринг, ҳимоя қилинг ва ожизаларга фақат меҳр ва мурувват кўрсатинг. Шунда миллатимиз янада кучлироқ, элимизнинг маънавий олами бутун бўлади.
Лобар ШОМУРОДОВА, журналист
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter