Рамазон шукуҳи. Қадимий Бухорода таровеҳ намози (фото)
Бухорода жомеъ масжидлари сони 107 тани ташкил этади. Шундан 103 та жомеъ масжидда Рамазоннинг илк «Таровеҳ» намозлари ўқилди.
Маълум бўлишича, Бухорода 20 дан ортиқ энг йирик ва катта сиғимга эга масжидлар бор. Янгидан бунёд этилган ва 2 мингдан 5 минг нафаргача намозхонни сиғдира оладиган Қоракўл туманидаги «Қубри ота» жомеъ масжиди, Вобкентдаги «Кумушкент», Бухоро шаҳридаги «Хиёбон», Когон туманидаги «Алишер Навоий», Ромитан туманидаги «Мулло Нарзи», «Эшони пир», Жондордаги «Усто Фарҳод», «Абдужалил Туркистоний», Ғиждувон туманидаги Хўжа Абдухолиқ Ғиждувоний, «Фрешкент», Шофиркондаги «Хўжа Бадарға» номли жомеъ масжидлар шулар жумласидандир.

Биргина Ғиждувон туманидаги Хўжа Абдухолиқ Ғиждувоний масжидидаги жорий йилги Рамазоннинг илк «Таровеҳ» намозига жомеъ масжид ички ва ташқи атрофларида ўн минглаб намозхонлар тўпланишган. Шу нуқтайи назардан, Бухоро вилояти бўйича мавжуд жомеъ масжидларида салкам 20 мингдан зиёд намозхон Рамазонга шукроналик келтиришган.
Бухоро вилоят Хавфсиз туризмни таъминлаш бошқармаси жамоат хавфсизлиги бўлими жамоат тартибини сақлаш гуруҳи инспектори, капитан Азамат Наботовнинг «Xabar.uz»га билдиришича, барча жомеъ масжидларида тартиб ўрнатилган. 84 та масжиднинг катта автомобиль йўллари ёқасида жойлашганлиги инобатга олиниб, намоз вақтларида транспорт воситалари ҳаракатига вақтинча чеклаш қўйилган. Шунингдек, «Таровеҳ» намозларини тартибли ўтказиш мақсадида Ички ишлар органлари, Миллий гвардия ҳамда ёнғин хавфсизлиги хизмати ходимлари жалб этилган. Техник ҳамда санитария талаблари назорат остига олинган.


«Рамазоннинг илк кунида ўқилган «Таровеҳ» намозларида қўшни давлатлардан келган саёҳларгина эмас, балки Эрон, Покистон, Ҳиндистон, Малайзия, Туркия, Сингапур ва бошқа мусулмон давлатлардан ташриф буюрган меҳмонлар ҳам намозларга бош эгишиб, ибодатга мушарраф бўлдилар»,-деди Азамат Наботов.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter