Саида Мирзиёева: «Аёллар қишлоқ жойларда ресурслар етишмовчилигидан азият чекяпти...» (видео)
БААнинг Дубай шаҳрида 16—17 февраль кунлари бўлиб ўтган Бутунжаҳон аёллар форумида Ўзбекистонда гендер тенглигини таъминлаш комиссияси аъзоси Саида Мирзиёева нутқ сўзлади. Қуйидаги видеороликда ушбу жараёндан лавҳалар келтирилган.
У ўз нутқида айни вақтда Ўзбекистон тараққиётида катта ютуқлар қўлга киритилаётгани, шу билан бирга жамият янги таҳдидлар билан тўқнаш келаётганига ҳам эътибор қаратган.
«Бу жараёнларнинг барчасида аёллар энг олдинги қаторларда турибди — қишлоқ жойларда ресурслар етишмовчилигидан азият чекяпти. Шаҳарларда эса оиладаги аёллик мажбуриятларини касби билан бирга бажаришда қийинчиликка учраяпти. Давр тақозоси билан биз ҳам яхши она, ҳам яхши мутахассис бўлишимиз, жамиятимнинг олд қаторларида юриш билан бирга оиладаги молиявий барқарорлик ҳақида қайғуришимиз лозим», — дейди у.
Саида Мирзиёева Ўзбекистон ривожига катта ҳисса қўшган эски авлод вакиллари бўлмиш аёллар мамлакатдаги ҳозиргидек гендер тенглигини тасаввур ҳам қилишмаганини қўшимча қилиб ўтган. «Бугунгидек имкониятларга эгалигимиз учун оналаримиз ва бувиларимиз олдида қарздормиз. Улар эришган натижаларни сақлаб қолиш баробарида кейинги авлод қизлари учун янги марраларга етишимиз, стереотипларни енгиб ўтиб, бу ўзгаришларни кундалик ҳаётнинг бир қисмига айлантириш масъулияти елкамизда турибди», — дея қайд этган Мирзиёева.
Қайд этишича, бу йўлдаги энг қийин масала — аёлларнинг ўзларини улар энг яхшисига муносиб эканини ишонтира олишдир. «Аёлларимиз жаҳон тараққиётига ҳисса қўша олади. Вазифамиз — шунга замин яратиб бериш. Энг мушкул вазифа — аёлларимизнинг ўзларини улар энг яхшисига муносиб эканликларига ишонтиришдир. Олдимизда қийин йўл турибди, аммо бу шунга арзийди. Аёлларимизга куч бағишлаш орқали биз миллатимизга куч берамиз, инсониятни мустаҳкамлаймиз!» — дея ўз нутқини якунлаган президентнинг тўнғич қизи.
Эслатиб ўтамиз, Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди Васийлик кенгаши раисининг ўринбосари Саида Мирзиёева Дубай амирлиги шайхи Манал бинт Муҳаммад бин Рашид ал-Мактум зоти олиялари таклифига биноан Дубайга ташриф буюрганди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter