Президентнинг тўнғич қизи илмий ишини кимга бағишлаганини айтди
Саида Мирзиёева М.В.Ломоносов номидаги Москва давлат университетида иқтисодиёт бўйича диссертация ёқлагани хабар қилинганди. Президентнинг тўнғич қизи бу ишини кимга бағишлаганини айтди.
«Кеча мен М.В. Ломоносов номидаги Москва давлат университетида «Минтақавий ижтимоий-иқтисодий стратегияларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш методологиясини такомиллаштириш (Ўзбекистон Республикаси материаллари асосида)» мавзуида номзодлик диссертациямни ҳимоя қилдим. Илмий раҳбарим – Владимир Львович Квинт, унинг номи барча иқтисодчиларга яхши таниш.
Ишим қабул қилинди.
Бу сўзлар ортида кўп йиллик тинимсиз меҳнат ётибди ва шу боис, бу кун мен учун ўзгача аҳамиятга эга бўлди.
Менга кўпдан кўп табриклар ва тилаклар билдирилди. Улар орасида мен учун энг муҳими — дадамнинг эътирофлари. Мен учун бу жуда қадрли, чунки ишим айнан уларга бағишланган эди.
Илм-фан йўналишида карьера қилишни истаган барчага муваффақият тилайман! Маълум вақтдан сўнг жамиятимизда олий маълумотли аёл, олима аёл, қатъий ҳаётий позицияга эга аёл камёб бўлмай қолади.
Сафимиз кенгаяди! Мен бунга ишонаман», деб ёзади Саида Мирзиёева.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter