Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Саида Мирзиёева: ОТМда талаба қизларга нисбатан шилқимлик — жиддий муаммо

Саида Мирзиёева: ОТМда талаба қизларга нисбатан шилқимлик — жиддий муаммо

Фото: «Uz.sputniknews.ru»

Бугун ижтимоий тармоқларда Тошкент давлат педагогика университетида декан ўринбосари ўз хонасида 3-курс талабасини «зўрламоқчи» бўлгани, қиз қаршилик кўрсатгандан сўнг уни деразадан «итариб юборгани» ҳақида хабарлар тарқалди.

Масс-медиа фонди Васийлик кенгаши раиси ўринбосари Ўзбекистон Республикаси Гендер тенглигини таъминлаш бўйича комиссияси аъзоси Саида Мирзиёева бунга ўз муносабатини билдирди.

«ОТМда талаба қизларга нисбатан харассмент (шилқимлик) — жиддий муаммо, Педагогика университети талабаси билан шу кунларда содир бўлган воқеа бунинг яққол далилидир.

Бу ҳақда Nemolchi.uz интернет ОАВ хабар қилди.

Менимча, қиз-аёлларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи бундай ОАВ фаолияти — катта муваффақият ҳамда адолатсизлик ва cексизимга тоқат қилишни истамайдиганларнинг сўнгги умидидир. Фонд ушбу йўналишда фаолият юритаётган бундай оммавий ахборот воситаларини олқишлаши ва моддий жиҳатдан қўллаб-қувватлашини таъкидламоқчиман.

Лекин жамоатчиликка ошкор этилаётган бу каби ҳолатлар денгиздан томчи эканини барчамиз англаб турибмиз. Албатта, бу ҳақда очиқ гапиришга жазм қилган қизларнинг жасорати ва қатъияти таҳсинга сазовор. Бироқ тазъйиқ ва ноҳақлик ҳақида баралла гапира олмай, дарду ҳасратини машъум кабинетлар ҳамда хотирасининг узоқ бурчакларига дафн этганлар қанча! Жабрдийданинг ўзини айблаб, терговни «ёпти-ёпти» қилиб юборилган ҳолатлар қанча! Қанчадан-қанча жиноятчилар ожизани муросага кўндиргани ёки қўрқитиб қўйгани учун сувдан қуруқ чиққан?

Айни кунларда бу ҳақда тинимсиз ўйлаяпман. Биз бу борада Сенат, Бош прокуратура, ИИВ ва ОАВнинг ҳаракатини бирлаштирадиган йирик лойиҳага муҳтожмиз. Айбдорлар жавобгарликдан қоча олмаслиги учун бундай ҳодисаларнинг ҳар бири жамоатчиликка ошкор қилиниши шарт. Зўравонлик қурбонлари уларнинг нидосини эшитадиганлар ва ёрдам берадиганлар борлигига ишончи комил бўлиши, зўравонлар эса жазо муқаррар эканлигини англаши зарур.

Шунда нафақат ўқишдан ҳайдаш ёки бошқа баҳоналар билан ОТМ талаба қизларига таҳдид қилишга, балки исталган бошқа жойда ҳам лавозим ва мавқеини суистеъмол қилиш билан қонунни бузишга йўл қўйилмайди», — деб ёзади Саида Мирзиёева.

Аввалроқ Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика университетининг 3-курс талабасини декан ўринбосари ўз хонасида зўрлашга урингани, сўнг қаршилик кўрсатгани учун деразадан итариб юборгани ҳақида хабар берилганди. Ҳолат прокуратура томонидан ўрганилаётгани айтилганди.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг