Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Самарқандда маст ИИБ ходими аёл кишини уриб ҳушидан кетказди

Самарқандда маст ИИБ ходими аёл кишини уриб ҳушидан кетказди

Самарқанд шаҳри «Ҳаёт обод» маҳалласида яшовчи фуқаро Салим Саидов «Дарё» таҳририятига мурожаат қилиб, жорий йилнинг 19 октябрь куни соат 21:30 атрофида ўғли, 1998 йилда туғилган Самариддин Саматов ва рафиқаси Сурайё Ашуралиевани Ички ишлар ходими урганлиги, натижада аёли тан жароҳати олганлигини билдирди. «Дарё» мухбири Фарҳод Норбўтаев мазкур ҳолат бўйича жабрланувчи Самариддин Саматов, Сурайё Ашуралиева ва воқеага гувоҳ бўлган фуқаролар (қўшнилар) билан суҳбатда бўлди.

«19 октябрь куни соат 21:30 атрофида машғулотдан қайтаётганимда уйимиз яқинида бир маст киши сўкиниб, қўпол сўзлар ишлатиб мени чақира бошлади. Аввалига у бошқа бировни ҳақоратлаётган бўлса керак деб йўлимда индамасдан давом этдим. Бироқ, номаълум одам сенга гапиряпман деб олдимга келиб кутилмаганда менга ташланиб қолди. Ёши катта инсонга ‘ака, мени нега ураяпсиз?’ — дедим ва индамай йўлимда давом этдим, – дейди Самариддин Саматов. – Мени нима сабабдан урганлигини очиғи тушунмадим. У одамни, тўғриси, танимайман ҳам. Кўчамиздаги шовқиндан сўнг қўни-қўшнилар чиқишди. У одам уйимиз олдига келиб, мени яна ҳақоратлаб ура бошлади».

Салим Саидовнинг билдиришича, воқеа содир бўлган куни фуқаронинг кимлиги, қаерда ва нима иш қилишини билмаган. Воқеага гувоҳ қўшнилар орқали у фуқаро 42-уйда яшашини билгандан сўнг орадан икки кун ўтиб ўғли ва аёлини урган шахс Рифат Ҳасанов эканлиги, у киши ИИБда ишлашини аниқлаган.

«Кўчадаги шовқинни эшитиб ташқарига чиқсам, номаълум эркак ўғлимни ураётган экан. Ўғлимга, ‘маст экан, индамай уйга кир’ деб уни ичкарига олиб кирмоқчи бўлдим. Шу вақтда ўша фуқаро кутилмаганда чап жағимга бир мушт туширди. Кучли зарбдан йиқилиб тушдим, – дейди Сурайё Ашуралиева. – Йиқилганимдан сўнг қанча муддат ҳушумни йўқотганимни эслай олмайман. Ҳушимга келганимда урган эркак воқеа жойидан қочиб кетганлигини билдим».

Воқеага гувоҳ бўлган Сурайё Ашуралиеванинг қўшниси М.М.нинг (исмини сир сақлашни сўради) таъкидлашича, ёш бола ва аёл кишини урган Рифат Ҳасанов ўша куни маст бўлгани сабабли уни рафиқаси воқеа жойидан олиб кетолмаган.

«Кўчадаги жанжални эшитиб деразадан ташқарига қарасам, қўшнимиз Сурайё опа ўғлини уйига олиб кирмоқчи бўлаётган экан. Аммо ўша фуқаро кутилмаганда мушт тушириши натижасида Сурайё опа ҳушидан кетиб, йиқилди. Йиқилиш баробарида олдида турган Damas автомобилига бориб урилди, – дейди Сурайё Ашуралиеванинг қўшниси М.М. – Қўшнимнинг йиқилганини кўриб, очиғи, ўлиб қолди деган хавотирда ташқарига чиқдим. Чиқсам, Сурайё опа ҳушидан кетиб ётибди. Қарасам, маст ҳолатда бўлган киши қўшни 42-уйда турувчи фуқаро эканлиги, у киши ички ишлар органида ишлашини айтдим. Бу гапимни эшитган Рифат Ҳасанов воқеа жойидан қочиб кетди.

Салим Саидовнинг таъкидлашича, воқеа содир бўлган куни соат тахминан 24:00 атрофида Самарқанд шаҳридаги 4-сон Ички ишлар бўлимига мурожаат қилган. Бироқ, бўлимдаги навбатчи ходимлар аёл кишини урган фуқаро ички ишлар ходими эканлиги сабабли улар ўз ҳамкасбининг устидан қилинган шикоят аризани қабул қила олмаслигини билдирган. ИИБ ходими устидан аризани шаҳар прокуратурасига йўллаши лозимлигини айтишган.

«Менга алам қиладигани, Рифат Ҳасанов ҳеч қандай сабабсиз ўғлимни урган. Бу ҳам етмаганидек, турмуш ўртоғимга мушт тушириб, уни ҳушидан кетқазгани жаҳлимни чиқаряпти. Ички ишлар ходими дегани истаган одамини ҳеч қандай сабабсиз ураверади дегани эмаску? – дейди Салим Саидов. – Тўғриси, бу воқеа бўйича ҳеч қаерга мурожат қилмоқчи эмасдим. Қўшни экан, эртага юз кўзга тушади деб андиша қилиб тургандим. Аммо шунча гап-сўздан кейин ҳам бир оғиз кечирим сўрамагани менга алам қилди. Шу сабабли сизларга мурожат қилдим».

Воқеа содир бўлган куни Салим Саидовнинг мурожати асосида ички ишлар ходимлари Рифат Ҳасановнинг уйига боришган. Бироқ, уй эгалари эшикни очишмаган.

«Маҳалламиз участка инспектори воқеа содир бўлганидан сўнг бир маротаба келди холос. Ундан сўнг мана орадан неча кун ўтди. Аммо бирор маротаба келиб ҳолатни ўрганмади. Бунинг сабаби битта. Мени ва ўғлимни урган Рифат Ҳасанов Ички ишлар органида ишлайди. Участка инспектори эса ўз ҳамкасби устидан жиноят иши қўзғашни истамаяпти. Шунинг учун ҳам воқеани ўрганиш ишларини орқага суриб юрибди», – дейди Сурайё Ашуралиева.

Мазкур ҳолат бўйича маҳалла участка инспектори Мирзоҳид Сайдуллаев билан боғланиб, содир бўлган воқеа юзасидан маълумот беришини сўрадик. Участка инспектори бўлган воқеани тасдиқлади. Бироқ, ички ишлар ходими аёл кишини урганлиги тўғрисидаги саволимиздан сўнг Мирзоҳид Сайдуллаев ҳеч қандай маълумот бермаслигини, фақатгина ҳозирда суриштирув ишлари кетаётганлигини билдириш билан чекланиб гўшакни қўйиб қўйди.

Ушбу воқеа юзасидан Самарқанд вилоят прокуратураси матбуот хизмати ва вилоят Ички ишлар бошқармаси матбуот хизмати билан боғландик. 19 октябрь куни содир бўлган воқеани айтиб, аризачиларнинг фикрига кўра Ички ишлар ходими аёл киши ва 20 ёшли йигитни урганлигини билдирдик. Бироқ, ҳозирча прокуратура ҳам, ИИБ матбуот хизмати ҳам бу борада ҳеч қандай маълумот бергани йўқ.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг