Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Санкт-Петербургда Алишер Навоий юбилейи муносабати билан «Навоийхонлик кечаси» ўтказилади

Санкт-Петербургда Алишер Навоий юбилейи муносабати билан «Навоийхонлик кечаси» ўтказилади

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 19 октябрдаги «Буюк шоир ва мутафаккир Алишер Навоий таваллудининг 580 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида»ги қарорига асосан, Ўзбекистонда ва хорижда бир қатор тадбирлар, илмий анжуманлар ўтказилмоқда.

Ўзбекистон маданий меросини ўрганиш, сақлаш ва оммалаштириш бўйича Бутунжаҳон жамияти ташаббуси, Эрмитаж ва Россия Фанлар академияси Шарқ қўлёзмалари институти кўмагида Санкт-Петербург шаҳрида буюк шоир ва мутафаккир Алишер Навоий таваллудининг 580 йиллиги муносабати билан «Навоийхонлик кечаси» ташкил этилади.

Ҳазрат Навоийнинг 580 йиллиги ҳамда қамал даврида ўтказилган адабий анжуманга 80 йил тўлиши муносабати билан ўтказилаётган тадбирда ўзбекистонлик ва россиялик олимлар буюк мутафаккир ҳаёти ва ижоди юзасидан янги тадқиқотлари бўйича илмий мунозаралар олиб борилади. Шоир ғазалларига бағишланган қўшиқлар ижро этилади.

Шунингдек, Россия Фанлар академияси Шарқ қўлёзмалари институти фондлари ва Россия Миллий кутубхонасида сақланаётган Навоийнинг ноёб қўлёзмалари кўргазмаси, «Ўзбекистон маданий мероси жаҳон тўпламларида» туркумига оид китоб-альбомларнинг тақдимоти ўтказилади. Тадбирлар Россия Фанлар академиясининг Шарқ қўлёзмалари институти ва Эрмитаж театрида бўлиб ўтади.

– Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев «Буюк шоир ва мутафаккир Алишер Навоий таваллудининг 580 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида» қарорни имзолаган эди. Мазкур илмий-бадиий кечанинг қайта тикланиши давлатимиз раҳбари томонидан илгари сурилган ташаббуснинг халқаро илмий ва маданий ҳамжамият томонидан қўллаб-қувватланаётганини англатади. Қамалдаги Ленинградда Навоийхонлик кечаларининг ўтказилганлиги буюк шоир тараннум этган тинчлик ва инсонпарварлик ғояларига юксак садоқат рамзидир. Бутунжаҳон жамияти номидан Давлат Эрмитажи ва Россия Фанлар академияси Шарқ қўлёзмалари институти раҳбарияти ва жамоасига, шунингдек, Ўзбекистон ҳукумати ва Eriell Group ва Enter Engeneering компанияларига ушбу муҳим тарихий тадбирни қўллаб-қувватлагани учун миннатдорчилик билдираман, — дея фикр билдирди Ўзбекистон маданий меросини ўрганиш, асраш ва оммалаштириш бўйича Бутунжаҳон жамияти раиси Фирдавс Абдухолиқов.

Россия Фанлар академиясининг Шарқ қўлёзмалари институти директори Ирина Попова 80 йил аввал Ленинградда Навоийхонлик кечалари қандай ўтказилгани ҳақида маълумот берди. Бадиий кечада таниқли фан ва маданият арбоблари – академик Орбели ва профессор Бертолс, Борис Пиотровский, Всеволод Рождественский, Николай Лебедев ва бошқалар иштирок этишган. Ирина Федоровна ўз маърузасида ушбу тарихий бадиий кечаларни якунлаган академик Орбелининг сўзларидан иқтибос келтирди: «Биз албатта ғалаба қозонамиз, сўнгра юбилейни улуғвор ва тантанали равишда нишонлаймиз. Умид қиламанки, немис тўплари жўрлигида ўтаётган ушбу учрашув барчанинг хотирасида қолади. Нима бўлганда ҳам, шеърият яшайди ва ғалаба қозонади. Келинг, унинг жозибали дунёсига шўнғиймиз ...».

Тадбирда Ўзбекистон Қаҳрамони Иброҳим Ғофуров, Эрмитаж директори Михаил Пиотровский, Алишер Навоий номидаги Тил ва адабиёт институти ректори Шуҳрат Сирожиддинов, Россия Фанлар академияси Шарқ қўлёзмалари институти директори Ирина Попова, навоийшунос Султонмурод Олим каби таниқли олимлар, шоирлар, навоийшунослар иштирок этмоқда.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг