Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Саргардон фермер: Қўлида қарор бор, шартнома ҳам, лекин ер йўқ?!

Саргардон фермер: Қўлида қарор бор, шартнома ҳам, лекин ер йўқ?!

Фотоколлаж: «Xabar.uz»

«Xabar.uz»дан: куни кеча таҳририятимизга Навоийнинг Хатирчисидан бир одам ташриф буюрди: Абдураҳмон Муртазоев. Унинг ҳорғин чеҳраси, умид аломатлари тарк этаёзган нигоҳи-ю эгик қаддига қараб, адолат қидира-қидира топгани қўлидаги бир даста қоғоз эканини илғаш қийин эмасди.

Гаплашдик. Саккиз йилки бир муаммога ечим тополмай ҳалак бўлаётганини куйиб-пишиб баён қилди. Бормаган жойи, кирмаган мансабдор қолмабди ўзиям! Туман прокуроридан тортиб, вилоят ҳокимигача, сайёр қабул пайтида ҳатто Бош прокурорга дардини тўкиб солибди. Катта мансабдорлар ўша пайтнинг ўзидаёқ унинг муаммосини зудликда ҳал этишни тегишли мутасаддиларга топширган бўлса-да, масала «бажарамиз, хўп» деган гапдан нарига ўтмабди. Йўқ, муаммо унчалар катта эмас, нари борса, туман ҳокими даражадасида ҳал этиладиган масала. Боз устига қўлида суд қарори ҳам бор. Шунга қарамай, турли «ўйинлар»-у юқорига ёлғон ҳисоботлар бериш орқали вазият хастпўштланяпти экан.

Гап орасида Абдураҳмон Муртазоев ўзи дуч келган ноҳақлик хусусида вақтида республика миқёсидаги газетада мақола чиққани, оммавий ахборот воситасида урилган бонг ҳам муаммо ечимга, тўғрироғи, туман ҳокимига таъсир қилмаганини афсус билан қайд этди.

Ўша мақолани топиб, ўқидик. Биноийдек ёзилган. Шикоятчининг муаммосини қайта ёзиш нима-ю ҳамкасбимизнинг шу мавзуда беш ой аввал чоп этилган мақоласини қайта босдик нима? Бу — икки ўн беш – бир ўттиздек гап.  Зеро, шикоятчи ўша, муаммо ўша, манзил ўша...

Шуниси маъқул.

***

Хатирчи тумани «Кариз араб» маҳалласида яшовчи Абдураҳмон Муртазоев 1999 йили 10 гектар ерда пахта ва ғалла йўналишидаги «Муҳриддин» фермер хўжалигини ташкил этди. Ўзи қишлоқда ўсган эмасми, ўн йилдан ортиқ давр мобайнида шартномавий режага асосан ғалла, пахта етиштирди. Ернинг мелиоратив ҳолати яхши эмаслиги, қолаверса, ўзи ва оиласида чорва моллари боқиш истаги кучлилигини инобатга олиб, фермер хўжалигини чорва ва парранда боқишга йўналтиришга ҳаракат қилиб, туман ҳокимлигига бир неча бор мурожаат этди.

Унинг мурожаатлари инобатга олиниб, 2009 йил 16 ноябрда туман ҳокимининг қарори билан чорвачилик ва паррандачилик йўналишидаги фермер хўжалигига айлантирилди. У фойдаланиб келаётган ер майдонидан чорва озуқаси экинлари экиш ва яйлов сифатида фойдаланиш белгиланди. Энди чорвачилик билан шуғулланаман, аҳоли дастурхонини гўшт-сут маҳсулотлари билан тўкин этишга ҳисса қўшаман, шу билан бирга, оилавий шароитларимни ҳам яхшилаб оламан дея қилган орзулари узоққа чўзилмади.

Э йўқ, бе йўқ, орадан бир йил ўтиб, яъни 2010 йил 8 ноябрда туман ҳокими қарори билан у раҳбарлик қилаётган «Муҳриддин» фермер хўжалиги билан ер участкасини узоқ муддатга ижарага бериш шартномаси бекор қилинди. Туман ҳокимлиги захирасига қайтарилган ер майдони зудликда – орадан 6 кун ўтиб, 2014 йил 14 ноябрда (якшанба куни?!) туман ҳокими қарорига асосан «Мустақиллик» фермер хўжалигига қўшиб берилди. Абдураҳмон Муртазоев нима гаплигини сўраб тегишли ташкилотларга мурожаат қилди. У ердагилар эса оптимиллаштириш туфайли шундай бўлди деган мантиқсиз жавобни беришди. Оптимиллаштириш эса ғаллачилик, пахтачилик йўналишидаги фермер хўжаликларига татбиқ этилганини, унга тегишли ер майдонида чорва озуқаси экинлари экилишини айтса, кўрганлар кўрмаганга, эшитганлар эшитмаганга олишди. Ана шундан бери Абдураҳмон Муртазоев туман ҳокими томонидан чиқарилган ушбу қарорнинг асоссизлигини исботлаш учун идорама-идора сарсон-саргардон. Ҳокимлик ва бошқа мутасаддилар уни қониқтирадиган жавоб беролмаганидан кейин судга мурожаат қилишга мажбур бўлди.

Навоий вилоят хўжалик судининг судьяси У. Эшқобилов раислигида 2014 йил 26 сентябрда бўлиб ўтган суд мажлисида «Муҳриддин» фермер хўжалиги раҳбарининг ер участкасини ижарага олиш ҳуқуқидан ихтиёрий воз кечиш тўғрисида аризаси олинмагани туфайли туман ҳокимининг 2010 йил 8 ноябрдаги Қ-1080-сонли қарори ҳақиқий эмас деб топилди. Табиийки, ушбу қарор қонуний кучга киргандан кейин ер эгасига қайтарилиши керак. Лекин туман ҳокимининг 2010 йил 14 ноябрдаги Қ-1336-сонли қарори билан ана шу контурдаги ер «Мустақиллик» фермер хўжалигига қўшиб берилган. Ушбу қарор ҳали ҳам кучида. Шунданми ёки бошқа сабабми, суд қарори ҳалигача бажарилмасдан келинмоқда. Абдураҳмон Муртазоев эса бундан норози бўлиб, мурожаат қилишдан тўхтагани йўқ.

– 2017 йил сентябрь ойида республика Бош прокурорининг сайёр қабулида бўлиб, ушбу масалани қонуний ҳал этилишига ёрдам беришини сўрадим, – дейди Абдураҳмон Муртазоев. – Шундан сўнг прокуратура органлари аралашуви туфайли 2018 йил 12 январда узоқ муддатли ижарага олиш шартномаси тузилди, 2018 йил 25 январда эса ер участкасига бўлган ҳуқуқнинг давлат рўйхатидан ўтказилганлиги тўғрисидаги гувоҳнома ҳам берилди. Бироқ ҳалигача ердан дарак йўқ...

– «Муҳриддин» фермер хўжалигига тегишли ер майдони туман ҳокимнинг тегишли қарорига асосан бизга қўшиб берилган, – дейди «Мустақиллик» фермер хўжалиги раҳбари Низомиддин Собиров. – Шундан бери бу ерда ғалла, пахта етиштирамиз. Қолаверса, 2019 йил ғалла ҳосили учун шу ердаги 3,5 гектар майдонга шартнома ҳам туздик. Тез кунларда ғалла уруғини ерга қадаймиз. Ушбу ерни ҳокимлик захирасига қайтарганимиз йўқ...

Ана, холос. Туман ҳокимлиги ҳали «Мустақиллик» фермер хўжалиги балансидаги ерни бошқа бировга бериш тўғрисида шартнома имзолаган. Ваҳоланки, ҳокимлик, туман ер ресурслари ва давлат кадастр бўлими масъуллари суд қарорининг ижро қилиш, қолаверса, тегишли ташкилотлардан келган хатларга жавоб бериш мақсадида «Муҳриддин» фермер хўжалиги билан шартнома тузишдан олдин ер кимга тегишли эканлиги билан қизиқиши керак эмасмиди? Мантиқан олиб қараганда, битта ерга туман ҳокимлиги 2 та фермер хўжалиги билан шартнома тузяпти. Бири чорва озуқаси экинлари экиш учун бўлса, иккинчиси ғалла? Қонун ва қарор амалдаги ижроси билан кучли.

Сал аввал таъкидланганидек, 2018 йил 12 январда ҳоким ва «Муҳриддин» фермер хўжалиги раҳбари ўртасида йўқ ерга тузилган шартноманинг 1.1 бандида 2018 йил 8 ноябрдан бошлаб 5 йил муддатга 10 гектар ер майдони фермер хўжалигига ажратиш белгиланган. Ҳужжатлаштириш ишлари шундай чигаллаштирилгандан кейин шартноманинг бу банди бажарилишига эса ҳеч ким кафолат бера олмайди. Яна ўша эски ҳаммом, эски тос. Ёз-ёз, югур-югур...

Суд қарори бажарилмаётганидан бир томон норози бўлса, иккинчи томон келган текширувчиларга тушунтириш бериш билан овора. Кўриб турганингиздек, 8 йилдан бери давом этиб келаётган ушбу низоли ҳолат қонуний ечим топишидан ҳар икки фермер бирдек манфаатдор. Ушбу муаммо қачон ва қандай ҳал этилади, бу мутасаддилар эътиборига ҳавола!

Бахтиёр Тошназаров, «XXI asr» газетаси мухбири
(мақола мазкур газетанинг 2018 йил, 40-сонида босилган)

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг