Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

«Тақиқланган сайтларга кирганингиз учун 310 000 сўм жарима!»

«Тақиқланган сайтларга кирганингиз учун 310 000 сўм жарима!»

Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги фирибгарликнинг янги тури бўйича интернет фойдаланувчиларини огоҳлантирди.

Сўнгги пайтларда фуқароларимиз томонидан порнографик фото ва видео маҳсулотларни тарғиб қилувчи интернет ресурсларидан фойдаланиш жараёнида бошқа шу каби ресурсларга автоматик тарзда ўтиб кетиш орқали «Ўзбекистон Республикаси ИИВ Кибержиноятларга қарши кураш бўлимидан билдиришнома» сарлавҳаси остида сизиб чиқувчи ойнада фойдаланувчининг тақиқланган сайтларга киргани сабабли гўёки ИИВ томонидан у 200 000 сўм (айрим ҳолларда 300 000 сўм) миқдорида жаримага тортилгани ва «Webmoney» электрон тўлов тизими орқали давлат ҳисобига тўловни амалга оширилиши лозимлиги, акс ҳолда қурилмада сақланган контактларга фойдаланувчининг порнографик фото ва видео маҳсулотлар жойлаштирилган интернет ресурсларидан фойдалангани ҳақида ҳодиса баёни ҳамда фойдаланувчига жаримани тўлаши талаби билан SMS-хабар юборилиши ҳақида маълумот пайдо бўлмоқда. Шу билан бирга, фойдаланувчиларнинг интернет веб браузери блокировка ҳолатига тушиб қолмоқда, деб хабар бермоқда ИИВ ахборот хизмати.

Фото: ИИВ ахборот хизмати

Ички ишлар вазирлиги ушбу ҳолатлар юзасидан қуйидагиларни маълум қилди:

  • Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги таркибида «Кибержиноятларга қарши кураш бўлими» номи билан фаолият юритувчи бўлим ёки бўлинма мавжуд эмас;
  • «Webmoney» тўлов тизимида Ўзбекистон Республикаси ИИВ таркибий ва ҳудудий тузилмалари электрон ҳамёнларига эга эмас.

Шунга мувофиқ, фуқаролардан интернет тармоғидан фойдаланаётганда бу каби салбий ҳолатларга дуч келмаслиги учун фирибгарларнинг алдовига ишониб қолмасликка чақирилган.

Бугунги кунда юқорида таъкидлаб ўтилган ҳолатлар юзасидан суриштирув ишлари олиб борилаётганлиги маълум қилинган.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг