Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Сен дўстимсан, аммо менинг йўриғим бошқа!

Сен дўстимсан, аммо менинг йўриғим бошқа!

Ўй-фикрларимиз кучи бизнинг мутлақ назорат ўрнатадиган ягона нарсамиз. Бу кучдан самарали фойдаланиш, натижага эришиш учун ёрқин-равшан фикрлашимиз керак. Аниқ фикр юритадиган кишилар ҳеч кимга ўзлари ҳақида ўйлашга йўл бермайдилар...

Муваффақиятли одамларга эътибор берганмисиз? Улар муайян тафаккур тизимига риоя қилишади, бу эса аниқ қарорлар қабул қилиш имконини беради. Мазкур инсонлар ахборот ва бирор муайян масала хусусида ўзгаларнинг фикр-мулоҳазаларини жамлайди, аммо якуний таҳлилни «пишитгач», қарор қабул қилиш ҳуқуқини ўзларида қолдиради.

Ёрқин-равшан фикр юритишнинг иккита хулоса чиқариш тури мавжуд: индукция ─ бунда зарурий, аммо етарли бўлмаган далиллар асосидаги ахборотлар ёки маълум далиллар воситасида мантиқий қоидаларга асосланиб хулоса қилинади.

Равшан мулоҳаза юритувчи киши ҳамиша иккита муҳим қадам ташлайди. Биринчиси: у ишониб бўлмайдиган уйдирма ва миш-мишлар, далилларни ажратиб олади. Иккинчиси: далилларни иккига – муҳим ва номуҳимга ажратади. Муҳим далил шуки, улардан ўз мақсадини амалга оширишда фойдаланиш мумкин. Қолган барча далиллар ҳеч нимага арзимайди!

Ачинарли томони шундаки, кўпгина одамлар ўз мулоҳазаларида ишга алоқаси бўлмаган ва аҳамият касб этмайдиган овозалар ҳамда далилларга асосланишади. Бу уларни тушкунликка, муваффақиятсизликка етаклайди. Аниқ фикр юритувчи кишилар эса сохта фикр, сабрсизлик, худбинлик, қўрқув ва таваккалчиликка асосланган мулоҳазалар фойдасиз, ҳатто улардан хулоса чиқариш, уларни якуний умумлашма сифатида қабул қилиш хавфли деб ҳисоблашади.

Аниқ-равшан фикрлайдиган инсон «айтишларича, шу...» деб бошланадиган бемаъни гап-сўзларга эътибор бермайди, чунки бундай ахборот қуруқ сафсатадан иборат эканини яхши билади. У яна шунга ишонадики, ўзини масъул шахс деб ҳисобласа, ҳеч қачон ишончли асосларга таянмаса, ўз мулоҳазаларини ҳаммага дастурхон қилиб ёймайди. «Кўпчилик шундай деб ўйлайди» – ишонинг, бундай фикр юритиш бефойда.

Аниқ фикр юритувчи киши «бошқаларга яхшилик истовчилар»дан олинган «жўяли маслаҳат» ҳамиша эътиборга сазовор эмаслигини билади. Чунки маслаҳат-ўгитларга ўй-мулоҳаза юритмасдан ёндашиш ҳамиша товон тўлашга дучор қилади-да!

Равшан фикр юритувчи энг маъқул маслаҳат берувчининг ҳис-туйғуларини ҳам ҳисобга олмайди. Уларнинг таъсиридан қочишга ҳаракат қилади, бу фикрларни қунт билан мантиқ ва онгли муҳокама «чиғириғи»дан ўтказади.

Жеймс Б.Дьюк мактабни тамомламаган ва ёзишни билмас эди. Аммо у ўзида ёрқин-равшан фикрлаш қобилиятини ривожлантирди, бу эса дунёдаги энг бадвлат одамлардан бирига айлантирди. Дьюк ўз-ўзи билан арзимас масалалар хусусида тортишишга вақт сарфлаб ўтирмасди. У ихтиёрида далиллар тўплангандан сўнг қарор қабул қилишга тезлик билан киришар эди.

Бир куни Дьюик эски дўстини учратиб қолди. Дўсти унинг тамаки сотишга мўлжалланган икки мингта дўкон очиши ҳақида эшитиб, бундан ҳайратга тушди.

– Биз шеригим билан, ─ деди у, ─ бор-йўғи иккита дўконнинг даҳмазаларига зўрға чидаб келяпмиз-у, сен икки мингта дўкон дейсан! Бу хато, Дьюк.

– Хато дейсанми? ─ хитоб қилди Дьюк. ─ Мен ҳаётимда жуда кўп хатоларга йўл қўйдим, аммо менга ёрдам берган ягона омил шуки, битта хатога йўл қўйсам, ҳеч қачон тўхтаб қолмайман, уни муҳокама қилиб ҳам ўтирмайман. Мен шунчаки олдинга қараб қадам ташлайман. Бир эмас, бир нечта қадам ташлайман. Қисқаси, сен дўстимсан, аммо менинг йўриғим бошқа!

Шундай қилиб, Дьюк яна олдинга одимлади ва тамаки маҳсулотлари дўкони тармоғини очди. Бу эса ҳар куни миллионлаб даромад келтирди. У бир неча миллион долларни университет очиш учун қолдирган эди – ҳозир Дьюк номида университет бор! Бу унинг зудлик билан аниқ қарорлар қабул қилиш қобилияти туфайли жамғарган бойлигининг унча катта бўлмаган бир қисми эди, холос. Аммо Дьюк қарорларининг ҳаммаси ҳам тўғри эмасди. Ютуқ эса яна ва яна олдинга қадам қўйишда эди!

Элберт Хаббард раҳбарни «бир олам қарорлар қабул қиладиган, аммо улардан айримлари тўғри бўлган қарорлар эгаси» деб таърифлаган эди.

Ўз-ўзидан аёнки, равшан-ёрқин тафаккурнинг ажратиб бўлмас аломати жуда катта миқёсда ўз-ўзини тартибга солишдир. Тез ва тўғри қарор қабул қилиш қобилияти, бу ─ муваффақиятнинг барча соҳадаги тамал тошидир ва уни қатъий ички интизомсиз эгаллаш мумкин эмас.

Бошқаларга қулоқ солиб ўтириб, вақтингизни сарфламанг. Ўзингиз қарор қилинг ва олға қадам ташланг!

(Наполеон Хилл китобидан)

 

 

 

 

 

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг