Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Сенаторлар алкогол ва тамакини чеклайдиган қонунни нега рад этишди?

Сенаторлар алкогол ва тамакини чеклайдиган қонунни нега рад этишди?

Бугун ўз ишини бошлаган Сенатнинг йигирма еттинчи ялпи мажлисида «Алкоголь ва тамаки маҳсулотларининг тарқатилишини ҳамда истеъмол қилинишини чеклаш тўғрисида»ги қонун рад этилган.

Мазкур Қонун «Алкоголь ва тамаки маҳсулотларининг тарқатилиши ҳамда истеъмол қилинишини чеклаш тўғрисида»ги, «Жамоат жойларида чилим ва электрон сигареталар чекишни чеклаш тўғрисида»ги ва бошқа қонунлардаги нормаларни ўз ичида мужассамлаштиради. Шу сабабли уларни ўз кучини йўқотган деб топиш назарда тутилганди.

Бироқ ялпи мажлисда Сенат аъзолари қонуннинг асосий тушунчаларига аниқлик киритиш зарурлиги, коллизион нормалар мавжудлиги, ҳуқуқни қўллаш амалиёти чуқур ўрганиб чиқилмагани боис уни рад этиш ҳақида қарор қабул қилган.

Рад этиш учун асосий сабаблар сифатида қатор масалалар келтириб ўтилган. Жумладан:

  • алкоголь ва тамаки маҳсулотларини истеъмол қилишнинг зарари тўғрисида тарғибот-ташвиқот ҳамда профилактика ишлари фақатгина вояга етмаганлар ўртасида олиб борилиши;
  • бундай маҳсулотларни сотиш ва истеъмол қилиш 21 ёшга тўлмаган шахслар учун тақиқланиши, натижада 18 ёшдан юқори ва 21 ёшга тўлмаган шахслар қатлами четда қолаётгани.
  • «носвой», «тамакили снюс» ва «никотинли снюс» тушунчалари чекилмайдиган тамаки маҳсулотлари доирасига киритилгани.

Бунда «носвой» тушунчасининг мазмуни алоҳида хатбошида очиб берилган, бироқ бошқа янги турдаги чекилмайдиган тамаки маҳсулотлари «тамакили снюс» ва «никотинли снюс» тушунчалари очиб берилмаган, уларнинг бир-биридан фарқи баён этилмаган.

Қонунда фақатгина Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган табиий ва кўпикланадиган виноларнинг рекламасига қайси ҳолларда йўл қўйилиши баён этилган. Бироқ 2022 йил 7 июндаги «Реклама тўғрисида»ги қонуннинг 39-моддасида табиий ва кўпикланадиган винолар билан бирга пиво рекламасига ҳам йўл қўйилиши белгиланган. Бу эса нормалар коллизиясини келтириб чиқармоқда. Шунга кўра қонуннинг тегишли нормасини «Реклама тўғрисида»ги қонунга мувофиқлаштириш кераклиги айтилган.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг