Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Серсавол кичкинтойга қандай жавоб берасиз?

Серсавол кичкинтойга қандай жавоб берасиз?

Фото: сунъий интеллект

Болалар кичиклигида жуда кўп саволлар беради. Баъзида саволлари шу қадар мураккаб бўладики, аксарият ота-оналар жавоб бера олмайдилар ёки қисқа, мазмунсиз жавоб билан қутилиб қўя қоладилар. Мана шунақа пайт болалар китоблари ёрдамга келади.

Болалар берадиган қизиқ саволларни қаранг:

Подшоҳ қандай пайдо бўлади, мен ҳам истасам подшоҳ бўла оламанми?

Нега кимдур автобусда юради, кимдур машина ҳайдайди?

Нега кўл балчиқ эмас?

Ким харитада мамлакатларни бўлиб чиққан?

Нега биз ўзбекмиз?

Сиз кичкина бўлганингизда мен қаерда эдим?

Нега дарахтларнинг оёғи (илдизи)  бўлса-да бир жойда тураверади?

Нега динозаврлар ҳозир йўқ?

Сўзларни ким ўйлаб топган?

Бир қарашда боланинг бундай саволларига жавоб берса бўлади, яъни шунчаки, лекин бу чиндан яхши, саводли, қизиқ ва ҳақиқий жавоб ҳисобланадими?

Болалар китобини излаётганимда, ёзаётганимда кичкинтойнинг мана шу каби саволларидан биттасига жавоб бера олишини истайман. Шунда ота-она учун ҳам, бола учун ҳам фойдали бўлади, деб ўйлайман.

Китоб ота-она ва бола орасидаги суҳбатга сабабчи бўлиши керак. Бу ерда энг муҳими, суҳбат ота-онага муҳим эмас, балки болани қизиқтирадиган мавзуда бўлиши керак.

Шунинг учун “ёмон бўлсанг, жазосини оласан” мавзудаги китобларни ёқтирмайман. Чунки бола ёмон бўлиш ниятида хато қилмайди ёки қизиқишлари ёмонлик устига қурилган бўлмайди, бу ота-онанинг дарди. Бола фақат ва фақат дунёни, одамларни, ўзини билишга қизиқади. Шу йўлда саволлари ва қизиқишлари чексиз бўлади. Катталар фарзандларининг шундай саволларига тўғри жавоб беришса, бола учун нафақат манфаатли, улар нима яхши ёки ёмон эканлигини англайди.

Сизнинг ҳам фарзандингиз қизиқ, ноодатий ёки ғалати саволлар берганми? Шундай пайтда сиз қандай йўл тутасиз?

Динара Мўминова, болалар ёзувчиси

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг