Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Раҳбарлари «қилт» этмаса... Шаҳрисабздаги «муаммоларга кўмилган» қишлоқ ҳақида (видео)

Раҳбарлари «қилт» этмаса... Шаҳрисабздаги «муаммоларга кўмилган» қишлоқ ҳақида (видео)

Фото: Видеолавҳадан скриншот

Ижтимоий тармоқларда Қашқадарёнинг Шаҳрисабз тумани «Пахтакор» ҚФЙ Нушкент қишлоғидан қилинган видеомурожаат кенг тарқалмоқда.

Қишлоқ аҳолисининг муддаоси нима?

Қайд этилишича, бу қишлоқдаги «саноғи йўқ» муаммолардан туман ҳокимлигининг ҳам, вилоят ҳудудий электр тармоқлари ва вилоят ҳокимлигининг ҳам хабари бор, бироқ улар тарафидан кўриладиган чорадан дарак йўқ.

Биринчидан, қишлоқ аҳолиси мунтазам равишда электр энергияси билан боғлиқ муаммолардан азият чекади. Минг нафардан кўпроқ аҳоли истиқомат қилувчи қишлоққа атиги битта трансформатор хизмат қилар экан. У қайта-қайта таъмирдан чиқарилавергани билан узоққа бормайди — «нагрузкани» кўтара олмайдию, «пақ» этиб портлаб, қишлоқ аҳолисини бир неча кунлаб электр энергиясисиз қолдиради.

Яна бир жиддий муаммо: қишлоқ болалари қиш мавсумида совуқда, баҳорда лойда, ҳаволар исигач чангда, қийин шароитларда бир неча чақирим наридаги мактабга қатнайди...

Тоза ичимлик суви, табиий газнинг йўқлиги сингари бир неча ўн йиллардан буён қишлоқ аҳолисини қийнаб келаётган муаммоларни Шаҳрисабз тумани ҳокимлиги мутасаддилари ўрганишни исташмайди. Бу ерда ҳатто, қишлоқ врачлик пункти ҳам йўқ.

Қишлоқ аҳолисининг айтишича, саналганлари — муаммоларнинг бир қисми холос.

Раҳбарлари «қилт» этмаса...

Шу қишлоқда туғилиб ўсган журналист ёзади:

Бу гапларнинг барчаси рост. Бир неча маротаба ўзим ҳам ижтимоий тармоқларда, интернет сайтларида ёздим. Лоақал бирор раҳбар қилт этмади.

Бугунги кун амалдорларида масъулият йўқ. Танқидни юмшоқ пахтадек қабул қилади. Лекин бажарилмаган топшириқ учун оғзининг шалоғи чиқиб, сўкишни бошлайди. Технократ раҳбарлар ҳануз яшаяпти.

Ушбу муаммони ҳам бефарқ қолдириши аниқ. Ёки келгуси йилги дастурга киритгани билан масалани ёпиб юбора қолади. Амалий натижа кутиш ёзда қор кутгандек гап.

Мен қишлоқда шахсий кутубхона қуриш масаласида қилган мурожаатим ҳам эътиборсиз қолдирилди.

Бу муаммоларнинг ҳали ўндан бири. Таълим, соғлиқни сақлаш, йўл қурилиши, ичимлик суви, маҳалла-кўй масалалари, ишсизлик, ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш, маиший хизмат кўрсатиш масканлари барпо этиш кабиларни четга суриб турамиз. Бу — сайёҳлик даражаси вилоятда энг юқори бўлган ҳудуд учун оғирлик қилади.

Бу қишлоққа бирор раҳбар боришга ҳам чўчиса керак.

Қолган гапларни масалага эътибор қаратилгач айтаман...

Шаҳрисабз тумани ҳокимлиги нима дейди?

Ижтимоий тармоқларда кўтарилган масалага Шаҳрисабз тумани ҳокимлиги ахборот хизмати қуйидагича муносабат билдирди:

Ушбу видеолавҳада Шаҳрисабз тумани «Пахтакор» маҳалла фуқаролар йиғинига қарашли Нушкент қишлоғида электр энергияси билан боғлиқ муаммо мавжудлиги, бундан ташқари қишлоқнинг ички йўллари ҳам таъмирга муҳтожлиги кўрсатиб ўтилган.

Шаҳрисабз туман электр тармоқлари корхонаси ва туман ободонлаштириш бошқармасининг расмий маълумотларига таяниб, биз қуйидагиларни маълум қиламиз.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2016 йил 23 ноябрдаги ПҚ-2661, 2018 йил 18 январдаги ПҚ-3480-сонли қарорларига асосан туман электр тармоқлари корхонасининг 2020 йилда амалга оширадиган манзилли дастурига кўра тумандаги Нушкент қишлоғида 2020 йил мобайнида 0,4 кВли жами 1,0 кмлик ЭУТ тармоқ ётқизилиши ва ушбу ҳудуддаги трансформаторни жорий таъмирдан чиқарилиши белгиланган.

Шунингдек, Шаҳрисабз туманида 2020 йилда таъмирланиши белгиланган объектларининг маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан тумандаги қишлоқ аҳоли пунктлари кўчаларини жорий таъмирлаш бўйича режалаштирилган дастлабки манзилли дастурига кўра, Шаҳрисабз туманидаги Нушкент қишлоғининг 1,0 кмлик ички йўлларни асфальтга ўтказиш белгиланган.

Яна эътироз...

Шаҳрисабз тумани ҳокимлиги ахборот хизмати муносабати ижтимоий тармоқлардаги эътирозни оширди: «Тезкорлик яхши, лекин муносабат ҳам шунчаки ўтган аср услубида, «жавоб бериш керакми, мана сенга» қабилида битилган ҳисоботдан бошқа нарса бўлмабди. Жўяли бўлса ҳам майлига эди», дейилади эътирозда ва ҳақли саволлар қўйилади:

— Муаммоси тилга олинган йўналишдаги бирор масъул шу қишлоққа бориб, одамлар дардини тингладимикан? Мавжуд вазиятни қачон охирги марта бориб, ўз кўзи билан кўришган экан? Тегишли сектор раҳбарлари қачонгача ҳисобот учун ишлашни йиғиштиришади?

Қашқадарё вилояти ҳокими Зойир Мирзаев имкон қадар халқ муаммоларини тинглашга, уни яхшилашга, муаммоларни тубдан ўрганишга ҳаракат қилаётган бир пайтда туман масъуллари хонадан чиқмасдан туриб, мурожаатларни кўриб чиқяпти, керак бўлса, жавоб ҳам ёзиб юборяпти. Одамларга юпатувчи сўз эмас, масаланинг ичига кириб борилиши керак эмасми?..

Бу мавзуга яна қайтамиз.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг