Шавкат Мирзиёев ислоҳотлар устидан жамоатчилик назоратини кучайтириш бўйича қарор имзолади
Мамлакатимизда ижтимоий-иқтисодий соҳадаги ислоҳотлар устидан жамоатчилик назорати самарадорлигини, шунингдек, фуқароларнинг демократик ўзгартиришлардаги фаоллигини оширишга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори эълон қилинди.
Жамоатчилик фикрини таҳлил этиш, фуқароларнинг давлат ва жамият ишларини бошқаришдаги иштирокини кенгайтириш, давлат органлари ва ташкилотлари фаолиятининг янада очиқлигини таъминлаш асосида бошқарув қарорлари қабул қилинишини сифат жиҳатдан янги даражага кўтариш мақсадида, шунингдек, 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясига мувофиқ:
Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигининг қуйидаги тартибни ўрнатиш тўғрисидаги таклифи маъқулланди. Унга мувофиқ ишлаб чиқувчи-ташкилотлар томонидан Ўзбекистон Республикасининг Ягона интерактив давлат хизматлари порталида жойлаштириладиган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг лойиҳаларини жамоатчилик томонидан муҳокама қилиш натижалари Адлия вазирлигига (ҳуқуқий экспертиза учун) ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига (кўриб чиқиш учун) киритилади, бунда, қоида тариқасида, келиб тушган таклифларни кўриб чиқиш натижалари кўрсатилиши мажбурийдир.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасига уч ой муддатда Ўзбекистон Республикасининг «Жамоатчилик назорати тўғрисида»ги Қонунини қайта кўриб чиқиш тавсия этилди, бунда, шу жумладан, қуйидагилар назарда тутилади:
- халқаро амалиётда кенг тарқалган жамоатчилик назоратининг таъсирчан шаклларини жорий этиш;
- жамоатчилик назорати шаклларини амалга ошириш механизмларини батафсил регламентация қилиш, уларни амалиётда самарали қўллаш;
- давлат органлари ва ташкилотлари ҳузуридаги жамоатчилик кенгашлари фаолияти, тегишли соҳалардаги ишларнинг ҳолатини яхшилашда уларнинг роли ва самарали иштироки масалалари.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси (Р.С.Қосимов) икки ҳафта муддатда Ўзбекистон Республикаси Президентининг Фуқаролик жамияти шаклланишини мониторинг қилиш мустақил институти фаолиятини тубдан такомиллаштириш ва молиялаштиришни кўзда тутувчи қарори лойиҳасини киритади, унда, жумладан, қуйидагилар назарда тутилади:
- институт томонидан ҳар йили Ўзбекистонда фуқаролик жамиятининг ҳолати ва уни ривожлантириш тенденциялари тўғрисидаги маърузани Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Фуқаролик жамиятини ривожлантириш бўйича маслаҳат кенгашининг кўриб чиқиши учун киритиш ва шундан кейин Ўзбекистон Республикаси Президентига ахборот бериш;
- институт томонидан фуқаролик жамияти ривожланишини, жамият институтларининг давлат органлари ва ташкилотлари билан ўзаро ҳамкорлик даражасини, шунингдек, уларнинг мамлакатни социал-иқтисодий ва сиёсий-ҳуқуқий жиҳатдан ривожлантиришга, шу жумладан, 2030 йилгача бўлган даврда БМТнинг Барқарор тараққиёт мақсадларини амалга ошириш доирасида қўшган ҳиссасини баҳолаш индикаторларини ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter