Шифокорни урганни қамаш керак(ми?)
Россияда врачларга электрошокер тарқатишмоқда, Украинада яккакураш турларини ўргатишаяпти, Ирландияда уларга жисмоний тажовуз қилганлик учун 5 йилгача қамоқ жазоси белгиланди, Ироқда шифокорларга қурол олиб юриши учун рухсат берилди...
Жорий йил 29 январь куни Соғлиқни сақлаш вазирлиги ташаббуси билан тайёрланган «Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодексига қўшимча киритиш тўғрисида»ги қонун лойиҳаси Ўзбекистон Республикаси Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталига жамоатчилик муҳокамаси учун жойлаштирилди. Мазкур лойиҳа билан ўз хизмат вазифасини бажариб турган тиббиёт ходимига бемор ва уларнинг яқин қариндошлари томонидан ғайриқонуний равишда тажовуз қилиниши ёки уларга тан жароҳати етказилишидан иборат қилмишларни Жиноят кодексининг безорилик учун жавобгарликни кўзда тутувчи 277-моддаси билан квалификация қилиш ҳамда ушбу ҳаракатларни оғирлаштирувчи ҳолат сифатида баҳолаш таклиф этилмоқда.
Лойиҳа маъқулланса ва амалга жорий этилса, ушбу модда нафақат врачлар, умуман хизмат вазифасини адо этаётганда тажовузга учраган ҳар қандай касб эгасига нисбатан қўлланилиши мумкин. Лекин нега айнан Соғлиқни сақлаш вазирлиги бу лойиҳа билан чиқаяпти, деган савол туғилиши табиий. Биз шу савол билан вазирликка мурожаат қилдик.
Соғлиқни сақлаш вазирлигининг изоҳи
Руслан Муҳаммадиев, Соғлиқни сақлаш вазирлиги юридик бўлим бошлиғи:
Афсус билан айтиш керакки, бугунги кунда беморнинг ўлими ёки соғлиғи ҳолати ёмонлашишида бирор-бир айби бўлмаса-да, шифокорни айблаш ва унга ноқонуний тажовуз қилиш ҳолатлари кўпайиб кетмоқда. Охирги пайтларда бундай ғайриқонуний тажовуз акс этган тасвирлар ижтимоий тармоқларда кўп учраяпти.
«Таҳлиллар шуни кўрсатмоқдаки, амалдаги жиноят қонунчилигида хизмат вазифасини бажариб турган тиббиёт ходимларига нисбатан тажовуз қилиш, уларга бу жараёнда тан жароҳати етказиш учун жавобгарлик чоралари нисбатан енгил ҳисобланади. Оқибатда, хизмат вазифасини ўтаб турган тиббиёт ходимларининг соғлиғига, ҳаттоки тиклаб бўлмайдиган жароҳат етказган айбдор шахслар ҳам айрим ҳолларда ҳеч қандай жазо ўтамасдан қолиб кетмоқда. Бу эса тиббиёт ходимларида ўзларига нисбатан содир этилган тажовузлар юзасидан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга мурожаат этишдан ҳеч қандай наф йўқ, деган тушунча пайдо бўлишига сабаб бўлмоқда. Кузатувлар бундай ғайриқонуний тажовузга учраган шифокорларнинг бештадан фақат биттасигина ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга айбдорни жавобгарликка тортишни сўраб мурожаат этишаётганлигини кўрсатмоқда».
Яқиндагина Тошкент шаҳрининг Мирзо Улуғбек туманида жойлашган «Ипотека банк» биноси олдида Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати ходимига зўравонлик қилган ҳайдовчига нисбатан суд ҳукми ўқилиб, у озодликдан маҳрум қилиш жазосига тортилганлиги тўғрисидаги хабарлар оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқларда кенг тарқалди.
Ўтган йил 3 август куни водий вилоятларининг бирида М.М. тез тиббий ёрдам ходимларининг кеч етиб келганини, улар келгунга қадар бобосининг вафот этганини айтиб, тез тиббий ёрдам шифокори Ш.С.га ўртача оғир даражадаги тан жароҳати етказгани кўпчиликка маълум. Ваҳоланки, айни ҳолатда шифокор беморнинг яшаш манзилига 10 дақиқа ичида етиб борган ва борган пайтда бемор аллақачон вафот этган бўлган.
Суд ҳукмига кўра, судланувчи М.М. Жиноят кодексининг 105-моддаси, биринчи қисмида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбдор, деб топилиб, 2 йилга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган, лекин жазо шартли ҳисобланиб, 1 йил синов муддати белгиланган. Мазкур шахсга нисбатан суд ҳукми ўқилгунга қадар ҳам унга нисбатан муносиб хулқ-атворда бўлиш тўғрисида тилхат эҳтиёт чораси қўлланилган. Оддийроқ айтганда, ҳеч қандай айби бўлмаган, беморга ёрдам бериш истагида ўз вақтида етиб келган шифокорнинг соғлиғига тиклаб бўлмайдиган жароҳат етказган шахс амалда ҳеч қандай жазо ўтамаган.
Бу ерда эътиборли жиҳати нимада? Ўз хизмат вазифасини бажараётган, тегишли жисмоний ва махсус тайёргарликдан ўтган ва ёнида ўқотар қуроли ҳам бўлган ички ишлар ходимига муштумзўрлик қилган қонунбузарнинг ҳаракатлари безорилик деб баҳоланади ва айбдор суд ҳукми билан жазо ўташ учун озодликдан маҳрум этиш жойларига юборилади. Лекин худди шундай халққа хизмат қилаётган оддий шифокорнинг соғлиғига ҳеч бир сабабсиз тиклаб бўлмайдиган жароҳат етказган шахснинг ҳаракатлари безорилик, деб топилмайди ва у енгилроқ жазони кўзда тутувчи Жиноят кодексининг тегишли моддаси билан судланади ҳамда жазодан қутулиб қолади.
«Жамиятимизда кўпайиб кетаётган бундай иллатни олдини олишнинг энг асосий ва самарали йўлларидан бири сифатида юқоридаги каби ноқонуний хатти-ҳаракатлар учун жавобгарликни кучайтириш, бундай ҳаракатларни безорилик сифатида квалификация қилиш лозим, — дейди Руслан Муҳаммадиев. — Сабаби Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 2002 йил 14 июндаги 9-сонли «Безориликка оид ишлар бўйича суд амалиёти ҳақида»ги қарорининг 13-бандига мувофиқ, башарти, шахс ўз хатти-ҳаракатлари билан айни вақтда жамоат тартибини бузаётганлигини ва жамиятга нисбатан очиқдан-очиқ ҳурматсизлик қилаётганлигини ҳам яққол англаган бўлса, қилмиш безорилик сифатида квалификация қилиниши лозим».
Ташвишли статистика
Юқорида биз врачларга беморлар томонидан тажовуз бутун дунё бўйлаб у ёки бу даражада кузатилишини, унга қарши ҳар бир мамлакат ўзига яраша чоралар қўллаётганини айтдик. Аммо бу билан ҳаммада ҳам шу экан, дея қўл қовуштириб ўтириш ҳам бўлмайди.
Олий Мажлис Сенатининг Фан, таълим ва соғлиқни сақлаш қўмитаси раиси Зайниддин Низомхўжаевнинг маълум қилишича, ўтган йили беморлар томонидан шифокорларнинг даволаш натижаларидан асоссиз равишда норозилик билдириб, уларга нисбатан шахсий адовати оқибатида Республика Шошилинч тиббий ёрдам илмий марказида 30 га яқин ҳолатда ҳамда Тошкент педиатрия тиббиёт институти клиникасида 3 нафар тиббиёт ходимига нисбатан жисмоний ва маънавий зарар етказилган.
Бизда аҳолининг ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданияти даражасини, умуман ижтимоий ривожланишимизнинг бугунги даражасини ҳисобга олган ҳолда, шифокорларнинг ҳуқуқий, ижтимоий ва руҳий ҳимояси масаласига алоҳида эътибор қаратиш лозим. Бу давр тақозоси.
Танганинг иккинчи томони
Арманистонда бу тажриба амалга оширилган, яъни Жиноят кодексига қўшимча модда киритилиб, врач ўз хизмат вазифасини бажараётганда, унинг ҳаёти ва саломатлигига хавф солувчи тан жароҳати етказиш учун 2 йилдан 5 йилгача озодликдан маҳрум қилиш чораси белгиланди. Лекин бу кенг жамоатчилик томонидан норозилик билан қабул қилинди.
Аввало, нега врачлар учун алоҳида ҳуқуқий ҳимоя берилаяпти, ахир, ҳар қандай инсонга нисбатан тан жароҳати еказиш учун жавобгарлик бор-ку, деган эътироз бўлди.
Қолаверса, ўзига ёрдам бериш учун келган одамни сабабсиз уриб кетиш ғалати-ку? Вақтида келмагандир, ёрдам беролмагандир ё нотўғри даволагандир... балки умуман тизимда хатолик бордир. Шу сабабли врачларни ҳимоялашдан аввал ҳар бир фуқаронинг сифатли тиббий ёрдам олиш ҳуқуқини ҳимоя қилиш керак эмасмиди?
Мутахассислар фикри
Фурқат Тожиев, Адлия вазирлиги бошқарма бошлиғи ўринбосари:
— Лойиҳа билан Жиноят кодексининг безорилик, яъни жамиятда юриш-туриш қоидаларини қасддан менсимаслик, уриш-дўппослаш, баданга енгил шикаст етказиш жинояти учун жавобгарликни назарда тутувчи 277-моддасининг, учинчи қисмини қуйидаги қўшимча билан тўлдириш таклиф этилмоқда:
«з) ўз хизмат ёки фуқаролик бурчини бажариши муносабати билан шахсга ёки унинг яқин қариндошларига нисбатан содир этилган бўлса, —»
Бунда ушбу жиноят учун уч йилдан беш йилгача озодликни чеклаш ёхуд уч йилдан беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси берилади.
Амалиётда хизмат вазифасини ўтаётган шахсларга қилинган зўравонликка жазо унинг оқибатларига, яъни етказилган шикастга қараб берилади.
Ўз хизмат ёки фуқаролик бурчини бажараётган шахсга ўртача оғир шикаст етказиш уч йилдан беш йилгача озодликни чеклаш ёхуд уч йилдан беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан оғир шикаст етказиш эса беш йилдан саккиз йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
Яъни, ҳозирги Жиноят кодексида ушбу жиноят учун жазолар етарлича белгиланган.
Лойиҳада таклиф этилаётган жазо, назаримизда, қилинаётган жиноят даражасига мос эмас. Назарий жиҳатдан шифокорни ёки МИБ ходимини бир шапалоқ урганлиги учун (ҳозир жарима тўлайди) шахс 5 йилга қамалиб кетиши мумкин.
Шу сабабли ушбу масалани атрофлича таҳлил қилиб кўриш керак.
Обиджон Латипов, шифокор:
— Ушбу ҳужжат лойиҳаси Соғлиқни сақлаш вазирлигидан чиққани мен учун кутилмаган, аммо жуда ижобий ҳолдир.
Нега врачларни алоҳида ҳимоя қилиш керак, уларнинг бошқа соҳа вакилларидан нима ортиқ жойи бор, деган савол ўринсиз. Чунки врачнинг беморлар томонидан калтакланиши ва унга жисмоний зарар етказилиши кўчада икки инсоннинг ўзаро келишмовчилик туфайли жанжаллашиб қолишидан фарқли ҳолатдир.
Шифокор ўз рўзғори учун маҳсулот олгани бозорга харидор сифатида ёки бизнеси учун кредит сўраб банкка мурожаат қилган мижоз эмас. Шифокор хизмат бурчи юзасидан одамларга ёрдам бергани бораяпти. Агар у кечиккан ёки бирон сабаб билан беморга вақтида ёрдам бермаган бўлса, бу ерда фақат унинг айби билан бу воқеа содир бўлмаган. Врач вақтида етиб бориши учун яхши улов ва йўллар, малакали тиббий ёрдам кўрсатиши учун зарур дори-дармон ва ускуналар, билганларини адашмай тўғри қўллаши учун лозим шарт-шароит керак. Хуллас, тизимнинг тизимли муаммоларида врачни айблаб, унга қўл кўтаришни ҳеч нима билан оқлаб бўлмайди ва буни жиноятни оғирлаштирувчи ҳолат, деб баҳолаш керак.
Абдулазизхон Акрамов, шифокор:
— Врачлар хизмат вазифасига кўра инсонлар билан кўп мулоқот қиладилар. Бу мулоқот фақатгина тиббиёт муассасида эмас, ундан ташқарида ҳам рўй бериши мумкин. Масалан, шифокор беморнинг уйига боради. Ҳар хил одам бор: руҳий касал, гиёҳванд, ичкиликбоз ёки тажовузкор. Ё бўлмаса, беморлиги туфайли инжиқ, қариндошлари эса асабий... Шундай муҳитга касб тақозоси билан кириб борадиган, ҳеч бир қуролсиз ва ҳимоясиз инсонларга ҳуқуқий ҳимоя бўлиши керак.
Хулоса
Умуман олганда, жазони кучайтириш жиноятнинг камайишига хизмат қилмайди. Ушбу йўналишда фуқароларнинг ҳуқуқий маданиятини ошириш бўйича ишларни тизимли ташкил этиш лозим.
Жамоатчиликнинг шифокорларга нисбатан тўғри муносабатини шакллантириш учун ушбу масаланинг бугунги кун тартибига қўйилгани ижобий ҳолдир. Зеро, шифокорларга қарши кўтарилган қўл охир-оқибат инсоннинг ўз саломатлигига қарши кўтарилган қўлга айланиши шубҳасиздир.
Манба: insonvaqonun.uz
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter