Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Президент қарори билан шрот ва шелуха сотадиган барча корхоналар тугатилди

Президент қарори билан шрот ва шелуха сотадиган барча корхоналар тугатилди

Фото: «Betakrorbuxoro.uz»

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев бугун, 19 январь куни «Ёғ-мой тармоғини жадал ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорни имзолади. Ҳужжат матни ЎзАда келтирилган.

Унга кўра, ёғ-мой маҳсулотларини ишлаб чиқаришнинг ресурс базасини кенгайтириш, ёғ-мой корхоналаридаги асбоб-ускуналарни модернизация қилиш, уларни ишлаб чиқариш жараёнини назорат қилиш ва ҳисобини юритишнинг замонавий тизимлари билан жиҳозлашни назарда тутувчи Ўзбекистон Республикаси ёғ-мой тармоғини жадал ривожлантириш бўйича «йўл харитаси» тасдиқланади.

Шунингдек, шрот ва шелухани сотиш бўйича «Озуқа ем таъминоти» МЧЖ корхоналари тугатилиб, кейинчалик саноатда қайта ишлаш учун мўлжалланган экстрактли пахта ёғи биржа савдолари орқали фақат «Ўзпахтаёғ» АЖ корхоналарига сотилиши ҳақидаги тартиб белгиланади.

2019 йил 1 январга қадар муддатга ўсимлик ёғини ишлаб чиқарувчилар импорт ёғ-мой хом ашёси асосида ишлаб чиқарилган ҳажмлар бўйича қўшилган қиймат солиғи тўлашдан озод қилинади.

«Ўздонмаҳсулот» АЖ икки ой муддатда омухта ем ишлаб чиқаришни кенгайтириш бўйича, жумладан, омухта ем ишлаб чиқариш юзасидан амалдаги қувватларни инвентаризациядан ўтказиш, омухта ем ишлаб чиқариш учун бозордаги эҳтиёж ва мамлакатда мавжуд бўлган ресурс базасини ўрганиш, чорвачилик, паррандачилик ва балиқчилик секторлари бўйича омухта ем тайёрлашнинг илмий асослантирилган рецептураларини ишлаб чиқиш, маккажўхори ва бошқа бошоқли дон экинларидан, шунингдек, ёғ-мой, ун маҳсулотлари, спирт ва пиво ишлаб чиқаришдаги чиқиндилардан омухта емнинг замонавий саноат ишлаб чиқаришини ташкил этишни назарда тутувчи ҳукумат қарори лойиҳаси киритилади.

Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги, Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги ҳамда Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги бир ой муддатда чигитни қайта ишловчи ёғ-мой корхоналарини чигитни юклаш, қабул қилиш, сақлаш ва қайта ишлаш жараёнини реал вақт режимида кузатиш, жумладан хом ашё, ярим тайёр ва тайёр маҳсулотларни ўлчаш ва ҳисобини юритиш имконини берувчи автоматлаштирилган тизимлар, чигит, пахта ёғи, шрот ва шелухани ташийдиган юк автомашиналарининг ҳаракатланишини реал вақт режимида мониторинг қилиб бориш учун уларни замонавий GPS трекерлар билан жиҳозлаш бўйича чоралар кўради.

Қарорга кўра, «Ўзпахтаёғ» АЖ Тошкент шаҳар, Шота Руставели кўчаси, 8-уй манзили бўйича жойлаштирилади.

Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосарлари З.Т.Мирзаев, Н.С.Отажонов ва С.Р.Холмуродов зиммасига юкланди.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг