Шуҳрат Абдураҳмоновнинг сирли ташрифидан сўнг андижонлик журналистлар Президентга мурожаат қилишди
Шу йилнинг 21 январь куни тушдан кейин «Андижоннома» таҳририятига вилоят ҳокимлигидан хабар келди: «ҳоким Шуҳрат Абдураҳмонов қадам ранжида қилиши эҳтимоли бор, так штў...»
Кутилмаган хабардан хушёр тортган таҳририят ходимлари дарҳол тайёргарликни бошлаб юборади. Хабардан яхши гумонга борган журналистлар ўйлашдики, ниҳоят, ҳокимимизнинг қадами таҳририятга ҳам етадиган бўлди, ташриф сабаби, катта эҳтимол билан, давлат раҳбарининг 19 январь кунги ўтказган видеоселектор йиғилишида кўтарилган масалага боғлиқ, чунки унда маънавий-маърифий ишлар тизимини тубдан такомиллаштириш, бу борада давлат ва жамоат ташкилотларининг ҳамкорлигини кучайтириш масалалари танқидий муҳокама қилинган-да...
Дарҳақиқат, айтилган вақтда ҳоким келди. Бироқ журналистлар билан мулоқот қилиш тугул, ҳатто салом-алик ҳам насия бўлди.
Шуҳрат Абдураҳмонов пойтахтдан келган мартабали меҳмон билан таҳририят биноси ва унга туташ иншоотларни кўздан кечирди, ўзаро нималарнидир маслаҳатлашди, чамаи чўтлар қилишди ва... қандай тез келган бўлса, шундай шитоб билан кайтиб кетишди!
Кутилмаган хабар ва сирли ташрифдан маҳаллий журналистлар ҳанг-манг бўлиб қолаверишди, хуллас!
Андижон шунчалар ихчам ҳудудки, от етиб бормаган жойга гап етиб боради. Кўп ўтмай, ҳокимнинг сирли ва фавқулодда ташрифининг сабаби маълум бўлди. Андижонда қурилажак Президент мактабига жой қидирилиб, Андижон шаҳар ҳокимлиги ва ҳар икки таҳририят макон тутган бинога тўхталибди. Ҳадемай, бу ерда катта қурилиш ишлари бошланар экан...
Албатта, Президент мактаби қурилишини фақат олқишлаш мумкин. Бунга эътироз билдириш шаккоклик билан баробар! Бироқ маҳаллий журналистлар кўнглида хавотир ҳам йўқ эмаски, урҳо-ур, сурҳо-сур билан бошлаган ишлар натижасида таҳририят ходимлари кўчада қолмасмикан? Аччиқ тажрибалар йўқ эмас-да. Масалан, уч ойда реконструкция қилиниши кўзда тутилган Бобур номидаги вилоят ахборот-кутубхона маркази қарийб икки йилдирки, тугалланмаяпти. Ноёб китоб фонди эса техникумларнинг бирида, тиқилинч шароитда зах босган ҳолда сақланмоқда. Кутубхонадан ўқувчилар оёғи узилган, жамоанинг ишлаши учун шароит йўқ. Ёзувчилар уюшмасининг вилоят бўлими ҳам худди шундай турар жойсиз ҳолатда кун кўрмоқда.
Иккинчидан, Президент мактаби, аввало маҳобатли, қолаверса шароити бўйича дунё андозалари даражасида қурилмоғи мақсадга мувофиқ. Андижон шаҳри атрофида кўзга кўринарли бинолар қурилишига муносиб ҳудудлар кўп. Шулардан бири шаҳар чегарасидаги Ўрикзор массиви бўлиб, бу ерда халқ пулига қурилган ва меъморий ечими бўйича табиий уйғунлик касб этган «Водий фаол ёшлари» мажмуаси бир неча йилдирки, кимсасиз бир ҳолатда турибди.
Ҳокимнинг кўзга чўғдек кўринган таҳрият биноси 1972-1975 йилларда республиканинг ўша пайтдаги раҳбари, раҳматли Шароф Рашидов ташаббуси билан қурилган. Бу таҳририятнинг 50 йиллик юбилейига тўёна бўлганди. Бу йил, «Андижоннома» 100 йиллигини нишонлайди, насиб... Катта сана арафасида шундоғам қийин шароитда қолган таҳририятни биносидан мосуво этилиши эҳтимоли юзага келаётгани, жуда юмшоқ айтганда, яхши эмас. Қолаверса, бино шунчалар мустаҳакам қурилганки, уни бузишнинг ўзи жуда катта чиқим талаб этади. Ўрнига янгисини қуришни-ку айтманг...
Яна бир гап. Мўлжалланаётган бинолар вилоятнинг биринчи рақамли кўчасида бўлиб, транспорт қатновида тирбандлик даражаси ўта юқори ва ҳали бу ҳолат бартараф этилиши эҳтимоли ҳам жуда паст.
Устига-устак, таҳририят биносидан ҳозирги пайтда вилоят ахборот ва оммавий коммуникациялар бошқармаси, Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси вилоят бўлими, «Халқ сўзи» газетаси ҳамда Ўзбекистон миллий ахборот агентлиги ҳудудий мухбирлари ҳам қўним топган.
Уларнинг тақдири нима бўлади?
Хуллас, воқеалар ривожидан хавортирга тушган «Андижоннома» таҳририяти журналистлари Президентга мурожаат қилишди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter