«Нексия-2» каналга қулади. Тўрт кишининг жасади топилди, бир киши қидирилмоқда
Сирдарё вилояти Ширин шаҳрида фожиали ҳодиса содир бўлди.
Вилоят ИИБ ахборот хизматининг хабар беришича, 2024 йил 17 июн куни соат 13: 00 ларда, «Нексия-2» машинаси Ширин шаҳар М.Улуғбек маҳалласини Нуробод маҳалласи билан боғлаб турувчи Жанубий Мирзачўл канали устидаги кўприкдан ўтаётиб бошқарувни йўқотган.
Оқибатда машина каналга тушиб кетган ва унинг ҳайдовчиси ҳамда 4 нафар йўловчи ҳодиса жойида чўкиб кетган.
Сирдарё вилояти ФВБ фавқулодда қутқарув гуруҳи ғаввослари томонидан олиб борилган тезкор қутқарув ишлари давомида ҳайдовчи ва 3 нафар йўловчининг жасадлари ҳамда «Нексия-2» топилиб, сувдан олиб чиқилган.
Ҳозирда қутқарув гуруҳи ғаввослар томонидан машинада бўлган яна бир йўловчини қидириб топиш чоралари кўрилмоқда.
Қайд этилишича, ҳолат юзасидан Сирдарё вилояти ИИБ тергов бошқармаси томонидан Жиноят кодексининг 266-моддаси (Транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш) 3-қисми «а» банди билан жиноят иши қўзғатилган. Ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter