Сирдарёнинг ҳам ўз «Тошкенти», «Сергели» ва «Мирободи» бор

Сирдарёнинг ҳам ўз «Тошкенти» бор. Бу «Тошкент»да Юнусобод, Чилонзор, Учтепа, Сергели, Шайҳонтохур, Яшнобод, Яккасарой ва Миробод кўчалари жойлашган. Ҳа, айнан кўчалар, туманлар эмас. Зеро, Сирдарёдаги «Янги Тошкент» бир маҳалла бўлса, ундаги кўчалар номи пойтахт туманлари шарафига қўйилган.
Маҳалла кўчаларида юраркансиз, Тошкентдан ҳам кўра Европанинг бир бурчагига келиб қолгандек бўласиз. Сардоба фожиаси рўй бериб, Оқолтин туманидаги кўп жойлар сув остида қолганда бу ерларни обод қилиш Тошкент шаҳри чекига тушди. Таъкидлаш жоиз, пойтахтликлар бу ишнинг уддасидан шараф билан чиқишди. Қўрқмасдан айтасизки «Янги Тошкент» каби гўзал маскан юртимизда ягона бўлса керак.
Ойнадек текис кўчалар, эгизакдек ясатилган уйлар, дарахтлар ва турли ижтимоий бинолар кайфиятингизни кўтаради. Энг муҳими — одамларнинг кайфияти кўтаринки. Бу ерда ҳам худди Тошкентда бўлгани сингари ўз куранти бор. Болалар ўйнагани шу ерга йиғиладилар.

Сув тошқинидан сўнг қишлоқни обод қилиш осон вазифа эмас эди. Дастлаб кўчалар лой ва балчиқдан тозаланди. Сўнгра 130 та бетон-панелли уй-жойни таъмирлаш-тиклаш ишлари бошланди. Эътиборли томони, буларнинг барчаси республика бюджети ва Тошкент шаҳар ҳокимлиги ҳисобидан бажарилди. Ҳозир «Янги Тошкент»да электр энергияси, табиий газ ва ичимлик сув таъминотидан ҳеч қандай муаммо йўқ.
Қишлоқда уйлар таъмиридан ташқари маҳалла гузари, кутубхона, болалар майдончаси ва спорт комплекси барпо этилди. Натижада 200 дан зиёд оиланинг яшаш шароити яхшиланди. Шунингдек маҳаллада Тошкент шаҳар ҳокимлиги ташаббуси билан 50 та янги иш ўрнига эга тикувчилик корхонаси ташкил этилди.

Кеча мана шу қишлоққа Президент Шавкат Мирзиёев ташриф буюрди, қурилиш ва ободонлаштириш ишларини кўздан кечирди. Аҳоли билан суҳбатлашди.
— Бу ерга келганимда вазият жуда ачинарли эди. Бу менинг уйим, жигарларим, фарзандларим, деб юрагимдан ўтказдим. Пул топиш, ташкил қилиш осон бўлгани йўқ. Худога шукр, ҳаммаси ортда қолди. Бу уйлар сизларга буюрсин. Энди бу ободликни асраб, яхши яшаб, яхши тўйлар қилинглар. Ўзи менинг энг катта мақсадим — ёшларни бахтли кўриш, — деди давлатимиз раҳбари.

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter