Сиз нега жимсиз?
«...Вилоятлардаги сайёр қабуллардан вақт орттириб, бир неча Меҳрибонлик уйларида бўлдик. Шароитларига гап бўлиши мумкинмас. Бироқ у ердаги аксарият тарбияланувчиларнинг ота-онаси бор. Аммо ажрашган. Тартибга кўра, ота-онаси бор болалар Меҳрибонлик уйларида бир йил қолиши мумкин, холос. Фарзанди Меҳрибонлик уйининг «тўлақонли тарбияланувчиси»га айланиши учун айрим оналар нима қилишяпти денг? Суд орқали ўзларини оналик ҳуқуқидан маҳрум этишмоқда! Чунки, собиқ эрдан нажот йўқ, онанинг моддий аҳволи танг. Бирдан бир чора – фарзандини «детдом»га топшириш. Ўзини оналик ҳуқуқидан маҳрум этиб олса, боласи Меҳрибонлик уйида бемалол юраверади... Бундайларни кўриб, «дод» деворгинг келади, рости!».
«Xabar.uz» ахборот-таҳлилий порталида берилган «Олий суд раиси ўринбосари: «Дод деворгинг келади баъзан!..» мақоласидаги бу сўзларни ўқиб, аввало, бир она сифатида юрагим оғриди.
Ижтимоий тармоқларда кенг муҳокамаларга сабаб бўлган Меҳрибонлик уйида бемеҳр ота-онасини соғиниб кун санаётган, «Бу ер яхши, аммо ўз уйимда яшагим келади, ойимни яхши кўраман» дея маржон ёшлари шашқатор болаларнинг видеоси ҳам кўз олдимдан ўтди. Шу аччиқ ва аламли кўз ёшларнинг сабабчилари эса жим... Шу жимлик уларда бир чимдим меҳр йўқлигини англатармикин?! Уларда оналик ҳисси, меҳри қачон шунчалар қақшаб улгурди экан?!
Шу ўринда мақоладаги яна бир факт: «...Судларда бекор қилинаётган никоҳлар сони: ўтган йили фуқаролик судларида 11153та никоҳ бекор қилинган! Бу – низо судгача етиб, томонлар берилган муддат, маҳалланинг аралашуви ва бошқа чоралар кор қилмагандан кейин ҳосил бўлган рақам. Ҳолат жиддий ва ташвишлими? Ҳа. Оддий арифметик ҳисоб: никоҳи бекор қилинган ҳар бир оилада биттадан фарзанд бўлса – 11153 нафар, агар икки нафардан фарзанд бўлса, 22306 бола тирик етим бўлди, дегани бу!»
Изтиробли болалик, соғинч, аччиқ кўз ёшларнинг ҳисоб-китоби, саноғими бу?! Ҳа, шунча бола оиласи бағрида ота-онасининг меҳрига, эътиборига, бошини силаб ухлатишию эркалаб уйғотишига зор дегани. Ўй-хаёлларни чунон тўзғитиб, совуқ сукут сақлашга мажбурлайдиган вазиятда айрим аёлларнинг «қилмиш»ларига алоҳида урғу берилганда жим туриш тўғри эмас.
Ёш қирққа яқинлашган кўҳликкина бир аёлни танийман. Икки фарзанди билан ҳозир ёлғиз яшайди. У бу хулосага келишдан аввал оиласини сақлаб қолиш, икки фарзандини тирик етим қилмаслик учун зуғумкор, саёқ эрининг инсофга келишини йиллар кутган. Аммо барча уринишлари бесамар кетган. Шу аёл ўзигагина аён аламли изтиробларини қалбининг туб-тубига яшириб, икки норасидасига ҳам ота, ҳам она. Салкам ўн йил ижарама-ижара сарсон бўлди.
Яқинда кредитга уй олди. Керакли жойга мурожаат қилса, унга шароитини инобатга олиб, ҳукуматимиз ёрдам беришини маслаҳат бердим. Аммо у унамади. Қисқагина қилиб «шукр қилиш керак», деди. Шу аёл болалари учун эридан бирор марта алимент ҳам талаб қилмаган, ҳозир ҳам олмайди. Аммо шу аёлнинг ёрдам сўраб бирор ташкилотнинг эшигини қоққанини ёки ҳаётидан нолиганини эшитмадим. Ота-онаси, ака-укаси яқинларига суянса керак-да дейдиганлар ҳам топилади орамизда. Биргина ҳамма қатори давлат ишида ишлайдиган синглисидан бошқа ҳеч кими йўқ.
Ёш, чиройли бўлишига қарамай кўп оғиз солганларга рўйхушлик бермаганини ҳам биламан. Фарзандини лоақал туғилган кунида бирор марта йўқлаб келишга ярамаган бағритош, бемеҳр отанинг ўрнига юмшоқ ўйинчоғу ширинликлар кўтариб кетган кунларини гувоҳи бўлганман. Аммо фарзандларида бирор марта отасига нисбатан нафрат, совуқ муносабат уйғотишга уринганини сезмадим. Истараси иссиқ шу аёлнинг қалби тубига кўмган аламлари фақат эзгуликка, меҳрга яшашга бўлган иштиёққа айланса, неажаб.
Хўш, энди ўйлаб кўрайлик, ўз боласини Меҳрибонлик уйининг «тўлақонли тарбияланувчиси»га айланиши учун суд орқали ўзини оналик ҳуқуқидан маҳрум этишдек «ташаббус»ни кўрсатаётган аёлларда ҳам қалб борми? Оналик меҳри-чи? Улар эзгуликни қандай тушунар экан? Оналарча фидойиликни-чи? Улар ҳаётда арзимаган маиший муаммоларга ўралашиб, уларни катталаштириш, муроса йўлини тескари солиш асносида гўёки ўзларини оқлаб, инсонийлик, оналик бурчини унутиб қўяётганилигини билишармикин? Шу ўринда бир ҳақиқат: ўз айбини тан олишни хоҳламайдиган инсон у эркак бўлсин, аёл бўлсин бир баҳона, албатта, топади. Юқоридаги рақамларнинг ҳар бирида «сабаб» бор. Бу «ташаббускор»ларнинг ўзига аён, виждонига ҳавола.
Иккинчи жаҳон уруши даврида тошкентлик темирчи Шоаҳмад Шомаҳмудов ва унинг хотини Баҳри ая Акрамова 17-болалар уйидан турли миллатларнинг қаровсиз ва етим қолган 16 нафар болаларини асраб олиб, таълим-тарбия беришганини инсонпарварликнинг юксак намунасини сифатида эътироф этиб, фахрланамиз. Бугун бизга нима бўляпти? Суд ота-онаси ажрашиб, Меҳрибонлик уйида тарбияланишга маҳкум болалар қисматига сабабчилардан дили оғриб куйяпти. Фахр билан қаҳр ораси шунчалар яқин экан. Энди нима қилиш керак? Ёки тирик етимлар сони кўпаяверсинми? Ёшлар иттифоқи, маҳалла, маслаҳатчилар, хотин-қизлар қўмитаси ишлаяпти, аммо эланиб-эланиб судгача етиб бораётган ажримлар, бу ажримларнинг қурбони тирик етим болалар. Шундай вазиятларда нархи қанча муросанинг, айтинг, деворгинг келади, бехосдан. Худди нархи қанча меҳрни дегандек.
Хуллас, бу борада муаммоларни таҳлил этганимиз сайин кўп нарсанинг қадрини, нархини ахтаришимизга тўғри келади. Аммо бунда жим туриш ярамайди. Жавоб, ечим битта, оилада соғлом муҳитни асраш, фарзандларимизга тўғри тарбия бериш керак деган ақидага бориб тақалаверади. Унинг қанчалик самарали усулларини қўллаш ҳар бир ота-онанинг ижобий маънодаги ижодкорлигига боғлиқ. Токи, мақсадни тўғри қўйиб унга элтувчи йўлдан адашмайлик.
Гулноза Турғунбоева
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter