Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Содиқ Сафоев: «Шунча йил «Ўзбек модели» деб юрдик, бу нотўғри бўлди...»

Содиқ Сафоев: «Шунча йил «Ўзбек модели» деб юрдик, бу нотўғри бўлди...»

Фото:«Xabar.uz»

Бугун Олий Мажлис Сенатининг 21-ялпи мажлисида «Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили» Давлат дастурининг 2019 йил иккинчи чорагидаги ижроси юзасидан Вазирлар Маҳкамасининг ҳисоботи ҳам тингланди.

Мавзу доирасида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати раисининг биринчи ўринбосари Содиқ Сафоев маъруза қилди.

У ўз нутқида инвестиция муаммолари, бюрократия, молиявий масалаларга эътибор қаратди, дея хабар бермоқда «Xabar.uz» мухбири.

Сенат раиси ўринбосари фикрича, Ўзбекистонда сармоя киритувчи инвесторлар билан ишловчи консалтинг компаниялар тармоғини ривожлантириш зарур.

«Четдан келадиган инвестор бюрократияни ёқтирмайди, вазирликларга боргиси келмайди. Улар билан ишловчи консалтинг компанияларни ривожлантирмоқ зарур. Узоққа бормайлик, қўшни Қозоғистоннинг ўзида 700 та худди шундай компания бор. Бу компаниялар инвесторлар билан ишлашда жуда муҳим ва қулай тузилма», — деди Сафоев.

Сенат ўринбосари шунингдек, молия соҳасидаги муаммоларни ҳам танқид қилди.

«Қўшни Қозоғистон шу вақтга қадар валютасини уч марта девалвация қилди. Бизда эса тескариси, миллий валюта қадрини сунъий ушлашга ҳаракат қилинди. Улкан салоҳиятга эга республикамизнинг иқтисодий қудратли давлатлар ичида 125-ўринга тушиб кетгани жуда ачинарли. Аҳолининг учдан бир қисми қишлоқ хўжалигида ишлайди, бу эса қолоқ соҳа. Миллионлаб ҳамюртларимиз хорижда ишлаб юрибди. Бизда меҳнат унумдорлиги йўқ, масалан, бу борада Жанубий Кореядан 10 баравар орқада қолиб кетганмиз. Кўп йиллар «Ўзбек модели» деб юрдик, бу нотўғри бўлди...», — деди сенатор.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг