Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Қорақалпоғистонда оналар ўлими кўпайган. Бир қатор шифокорларга чора кўрилди

Қорақалпоғистонда оналар ўлими кўпайган. Бир қатор шифокорларга чора кўрилди

Фото: Соғлиқни сақлаш вазирлиги

Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан олиб борилган ўрганишлар натижасида Қорақалпоғистон Республикасининг баъзи туманларида  жорий йилнинг ўтган олти ойи якунларига кўра, оналар ўлими кўрсаткичи ўтган йилнинг шу даврига нисбатан муайян даражада кўпайганлиги аниқланган. Бу ҳақда вазирликнинг жамоатчилик билан алоқалар бўлими хабар бермоқда.

Юзага келган вазиятни атрофлича ўрганиш, мавжуд муаммолар ечимини топиш, таҳлил қилиш ва маҳаллий шифокорларга ҳомиладор аёлларга кўрсатилаётган тиббий ёрдамни янада яхшилаш юзасидан амалий-услубий ёрдам бериш мақсадида Соғлиқни сақлаш вазирлиги масъул ходимлари, Республика ихтисослаштирилган акушерлик ва гинекология илмий-амалий тиббиёт марказининг бир гуруҳ олимлари ва малакали мутахассисларидан иборат ишчи гуруҳи айни кунларда Қорақалпоғистон Республикасида бўлиб турибди. Улар томонидан оналар ўлими кўпайиши билан боғлиқ вазият синчиклаб ўрганилмоқда. Бу борада йўл қўйилган камчиликлар таҳлил этилиб, уларнинг олдини олиш юзасидан тиббиёт ходимларига услубий ёрдам кўрсатилиб, замонавий ташхис ва даволаш усулларини амалиётга қўллаш бўйича билим кўникмаларини оширишда кўмак беришмоқда.

Шу билан бирга, фаолияти давомида камчиликка йўл қўйган, ўз вазифасига совуққонлик билан қараган тиббиёт ходимларига нисбатан тегишли тартибда қонуний чоралар кўрилди. Жумладан, Қорақалпоғистон Республикаси Перинатал маркази директори А. Абидов, директор ўринбосари З. Жуманиязова ва патология бўлими бошлиғи М. Эшбаева лавозимидан озод этилди. Мазкур марказнинг реанимация бўлими бошлиғи М. Низаматдинов ва 4-туғруқ бўлими бошлиғи С. Ешмановага жарима интизомий жазо чоралари қўлланилган. Ушбу марказнинг реанимация бўлими шифокорлари Г. Сарибаева ва З. Аблакимов, Г.Танирбергеновлар, шунингдек, навбатчи акушер-гинекологи Л. Бурангулова, патология бўлими акушер-гинекологи Д. Янгибоева, 3-туғруқ бўлими акушер-гинеколог Г. Аширбекова ҳамда 1-туғруқ бўлими навбатчи дояси А. Сариеваларга эса  “хайфсан” интизомий жазо чоралари қўлланилган.

Бундан ташқари, Қорақалпоғистон Республикаси соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари Д. Бекбоева, Нукус шаҳар тиббиёт бирлашмаси бошлиғи Ж.Тарихов, Қўнғирот туман тиббиёт бирлашмаси бошлиғи Б. Жуманиязов ва Чимбой туман тиббиёт бирлашмаси бошлиғи Д. Ембергеновларга жарима жазо чоралари қўлланилди. 

Айни пайтда пойтахтдан борган мутахассислар маҳаллий шифокорлар билан ҳамкорликда оналар, болалар, ўсмирлар, фертил ёшдаги аёллар ва аҳолининг барча қатламига кўрсатилаётган тиббий ёрдамни янада яхшилаш, тиббий-профилактика, перинатал ва антенатал тиббий ёрдамни замон талаблари даражасида ташкил этиш бўйича иш олиб бормоқда.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг