ССВ: Болаларга бир ёшгача чой бериш мумкин эмас
Соғлиқни сақлаш вазирлиги «Боланинг соғлом овқатланиш ҳафталиги» доирасида бир ёшгача бўлган болаларнинг қўшимча овқатланиши бўйича тавсияларни ишлаб чиқди.
Ундан ота-оналар учун бир қатор муҳим ва керакли маслаҳатлар ўрин олган.
Хусусан:
Чақалоқ олти ойга тўлгач, шифокор тавсияси асосида унга она сутидан ташқари бўтқа, шарбат ва пюре кўринишида қўшимча озуқалар бериш мумкин. Сабаби тез ривожланаётган мурғак организмнинг эҳтиёжлари она сути билан тўла қопланмайди.
Гўдакни қўшимча таом билан она сутидан олдин озиқлантириш керак. Болага бундай егулик икки ҳафта давомида берилгач, учинчи ҳафтадан бир марталик қўкрак билан овқатлантириш ўрнига алмаштирилади. Улар таркиби сабзавот бўтқаларидан ташкил топган бўлиши лозим.
Даставвал, бўтқа оз-оздан (5-10 грамм) бериб борилади, кейинчалик керакли миқдорга аста-секин етказилади. Шуни ёдда тутиш лозимки, бу ёшдаги гўдакка бир пайтнинг ўзида иккита қўшимча таом берилмайди. Бола биринчи қўшимча озуқага кўниккач, иккинчисига ўтиш мумкин.
Кичкинтой 7 ойлик бўлгач, унга иккинчи қўшимча таом – бўтқалар (маннали, гречкали) берилиб, 2 ҳафта ичида иккинчи галдаги она сути у билан алмаштирилади. Ушбу даврда қайнатилган тухум сариғининг ярмини ҳафтасига икки марта, кейин кунора бериш мумкин.
Бола 8 ойга тўлганда таомномага учинчи қўшимча егулик сифатида қатиқ ва творог киритилади. Дастлаб, қатиқ оз-оздан (5-10 грамм) бериб борилади, кейинчалик эса керакли миқдорга аста-секин етказилади.
9-ойдан бошлаб нон (печеньелар), олмани бўлакча шаклида бериш мумкин.
10-ойликдан бошлаб гўшт қиймаси фрикаделькалар;
12-ойликдан – буғда пишган котлетлар берилади.
Болага чой бериш мақсадга мувофиқ эмас. Унинг ўрнига мева шарбати, қайнатилган сув ичирилади.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter