Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Сурхондарё вилояти солиқ бошқармаси «Нексия-3» ўрнига «Equinox» сотиб олгани очиқланди

Сурхондарё вилояти солиқ бошқармаси «Нексия-3»   ўрнига «Equinox»  сотиб олгани очиқланди

Иллюстратив фото.

Сурхондарё вилояти давлат солиқ бошқармаси Молия вазирлиги рухсат берган «Нексия-3» ўрнига «Equinox» сотиб олгани аниқланди. Бу ҳақда ДСҚ матбуот хизмати хабарида маълум қилинган. 

«Ижтимоий тармоқларда Сурхондарё вилояти Давлат солиқ бошқармаси томонидан 349 млн. сўмга «Equinox» русумли хизмат автомашинаси харид қилинганлиги борасида хабарлар тарқалди.

Ушбу ҳолатга зудлик билан ойдинлик киритиш мақсадида Давлат солиқ қўмитаси томонидан тўпланган дастлабки маълумотларга кўра, Сурхондарё вилояти Давлат солиқ бошқармаси балансидаги 2013 йилда ишлаб чиқарилган «Нексия-2» русумли автомашина эскириб яроқсиз ҳолга келиб қолганлиги сабабли унинг ўрнига бир дона хизмат автомашинаси харид қилишга рухсат сўраб, 2020 йил 2 октябрдаги 23-31631-сонли хат билан Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигига мурожаат қилган.

Ушбу мурожаатга Молия вазирлиги 2020 йил 9 октябрда ЕС 8724-сонли жавоб хати йўлланган. Унга кўра, Бошқарма балансидаги «Нексия-2» русумли автомашинасини ўрнатилган тартибда сотиб, ўрнига белгиланган лимит доирасида Солиқ органларини ривожлантириш жамғармаси маблағлари ҳисобидан бир дона «Нексия-3» автомашинаси харид қилишга розилик билдирган.

Ўзавто дилери «Авто-центр-Қашқадарё» билан Сурхондарё вилояти Давлат солиқ бошқармаси ўртасида 2020 йил 30 сентябрда 3-250-2020-1563UA-сонли шартнома тузилиб унга асосан бир дона Equinox русумли автотранспорт воситаси харид қилинган» дейилади хабарда.

Ҳолат юзасидан хизмат текшируви ўтказиш тўғрисида Давлат солиқ қўмитаси раисининг буйруғи қабул қилинган.

Хизмат текшируви давомида аниқланган маълумотлар қўшимча равишда эълон қилинади.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг