Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Сурхондарёда шифокор аёвсиз дўппосланди

Сурхондарёда шифокор аёвсиз дўппосланди

Сурхондарёда уч нафар фуқаро шифокорни калтаклади. Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати ҳолат юзасидан муносабат билдирди

Аниқланишича, 27 октябрь куни соат 15:20 да Ангор тумани тиббиёт бирлашмасининг травматология бўлимида ит тишлаган беморни тиббий кўрикдан ўтказаётган шифокор Ж.Э.нинг ҳузурига 3 нафар фуқаро саломатлиги тўғрисида маълумотнома ёзиб беришини сўраб келган.

Шифокор уларга қабулидаги беморга ёрдам кўрсатаётганини, маълумотномани эса шундан сўнг ёзиб беришини айтган. Бундан норози бўлган фуқаролар шифокор Ж.Э.ни аёвсиз дўппослаб, унга жиддий тан жароҳати етказган.

Ўтказилган тиббий текширувлар давомида шифокор Ж.Э.га бош мия ёпиқ жароҳати, оғиз пастки лаб юмшоқ тўқималари лат ейиши, ўнг сон юмшоқ тўқималари лат ейиши ва тери ости гематомаси, қорин бўшлиғи аъзолари лат ейиши, кучли қонталаш ташхиси қўйилган.

Ҳозир тиббиёт ходимига тажовуз қилган ушбу фуқароларга нисбатан Ангор тумани ички ишлар бўлими томонидан терговга қадар дастлабки суриштирув ишлари олиб борилмоқда.

«Охирги пайтларда беморлар ва уларнинг яқинлари томонидан ўз хизмат вазифасини бажараётган шифокор ва ҳамшираларга нисбатан куч ишлатиш ва тажовуз қилиш ҳолатлари тез-тез кузатилмоқда. Шундан келиб чиқиб, мамлакатимизда тиббиёт ходимлари фаолиятига тўсқинлик қилганлик учун қонунчиликда тегишли жавобгарлик белгиланиши кун тартибидаги муҳим масалага айланди. Ангор туманида содир бўлган юқоридаги ҳолат эса мазкур жараённи янада жадаллаштириш зарур эканини яна бир бор кўрсатди», дейилади муносабатда.

Қўшимча қилинишича, 2019—2022 йиллар давомида Ўзбекистонда 290 га яқин ҳолатда тиббиёт ходимларига нисбатан турли шаклдаги тажовузлар қилинган.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг