Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Танзила Нарбаева Балиқчи туманига ташриф буюрди

Танзила Нарбаева Балиқчи туманига ташриф буюрди

Фото: «Senat.uz»

2020 йил 3 октябрь куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раиси Танзила Нарбаева Андижон вилоятига ташрифи чоғида Балиқчи туманини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш ва камбағалликни қисқартириш чора-тадбирлари ижросини таъминлаш борасида амалга оширилаётган ишлар ҳолати билан танишди. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Ахборот хизмати хабар берди.

Ташриф давомида тумандаги бир қатор тадбиркорлик субъектлари фаолияти, уларнинг муаммоларини кўриб чиқди. Тадбиркорлар, аҳоли билан мулоқотда бўлди.

Жумладан, Балиқчи тумани «Мумтоз» маҳалласи ҳудудида жойлашган «Тожимаҳал Хакан Савдо» МЧЖ фаолияти ҳамда янги лойиҳаларни кўздан кечирди.

Ушбу корхона томонидан 2019-2020 йиллар мобайнида 2 млрд. 400 млн. сўм маҳаллий инвестиция киритилиб трикотаж маҳсулотларини ишлаб чиқариш фаолияти йўлга қўйилган. Йиллик ишлаб чиқариш қуввати 3 млрд. сўмни ташкил этади.

Бугунги кунда эркаклар ва аёллар учун махсус замонавий кийим-кечаклар ишлаб чиқармоқда. Ҳозирда корхонада 150 нафар иш ўрни яратилган бўлиб, шундан 30 нафари кам таъминланган оилалар ҳисобига тўғри келади.

Сенат Раиси ишлаб чиқариш жараёни билан танишар экан, ишчи-ходимларга ойлик маошларининг ўз вақтида тўланиши, шароитларга эътибор қаратди. Бундан ташқари, корхонада фаолият юритаётган аёлларга янада кенгроқ қулайлик яратиш мақсадида уларнинг фарзандлари учун шу ташкилот ҳудудида мактабгача таълим ташкилоти қуриш, унга малакали мутахассисларни жалб қилиш борасида таклиф ва тавсиялар билдирилди. Балиқчи туманида амалга оширилаётган ҳар бир ислоҳотдан аҳоли рози бўлиши кераклиги қайд этилди.

Шундан сўнг Олий Мажлис юқори палатаси Раиси Т.Нарбаева Балиқчи тумани Омонариқ маҳалласи ҳудудида жойлашган «Скортон Текстил» МЧЖ шаклидаги хорижий корхонага ташриф буюрди.

Ушбу корхона томонидан 2019-2020 йиллар мобайнида 20 млн. АҚШ долларидан зиёд миқдорда хорижий инвестиция жалб этилиб, икки ўрамли калава-ип маҳсулотлари ишлаб чиқариш фаолияти йўлга қўйилган. 2020 йил сентябрь ойида иш бошлаган мазкур корхонанинг йиллик ишлаб чиқариш қуввати 10300 тонна бўлиб, 100 фоиз экспорт қилинади.

Кўриниб турибдики, ушбу корхонанинг ишлаб чиқариш маҳсулотлари эвазига туманнинг экспорт салоҳияти сезиларли даражада ортади. Ҳозирда корхонада 450 нафар иш ўрни яратилган, шундан 90-100 нафари кам таъминланган оилалар ҳисобига тўғри келади.

Навбатдаги манзил – Балиқчи тумани «Қумтепа» МФЙ. Мазкур ҳудудда ташкил этилаётган иссиқхона лойиҳаси Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 19 февралдаги «Лимончилик тармоғини янада ривожлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори, қолаверса, Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 20 декабрдаги қарорида кўрсатиб ўтилган мавжуд ер ва сув ресурсларидан самарали фойдаланиш, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштиришни кўпайтириш, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш ва экспорт ҳажмларини янада ошириш, коронавирус пандемияси даврида аҳолига янги иш ўринлари яратиш мақсадида Андижон вилояти ҳокимининг ташаббуси билан ташкил этилган.

Ушбу ҳудудда янги лойиҳадаги лимончиликни ривожлантириш мақсадида 44.6 га ер майдонига замон талабларига мос келувчи иссиқхоналар ташкил этилмоқда.

Мазкур ер майдонида лимончиликни ташкил этиш учун 41 та лойиҳа ташаббускорлари танлаб олинди. Ҳар бир ташаббускор учун 1,0 га ер майдони ажратилиб берилган. 1 та лойиҳанинг умумий қиймати 1 млрд. 450 млн.сўм. шундан, 1.1 млрд.сўм банк кредит маблағлари, 350 млн.сўм ташаббускорнинг ўз маблағлари ҳисобидан амалга оширилади ва 10 та янги иш ўрни яратилади.

Яна бир жиҳат. Балиқчи туман ҳокимлиги ташаббуси асосида ногиронлиги бўлган шахслар, якка-ёлғиз ва боқувчисини йўқотганлар уй билан таъминланган. Ана шундай эзгу ишлар, хусусан, 20 та уй-жой ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳоли қатламига топширилган.

Сенат Раиси туманга ташрифи чоғида «Яккатол» МФЙда жойлашган ушбу хонадонларда бўлди. Хусусан, сурункали касаллиги билан диспансер назоратида турадиган Х.Солиева билан мулоқот қилиб, унинг дардига қулоқ тутди. Саломатлигини муҳофаза қилиш, ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш борасида амалга оширилаётган ишларга устувор аҳамият қаратиш зарурлигини билдирди.

Шу билан бирга, туман ҳокимлигининг бу каби ташаббуси эътиборга молик эканини қайд этиб, ногиронлиги бўлган шахсларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг ҳақ-ҳуқуқларини таъминлаш ва манфаатларини муҳофазалаш, реабилитация хизматини ривожлантиришга қаратилаётган эътибор, бу аввало, инсон манфаатларини муҳофазалашнинг муҳим омили эканлигини таъкидлади.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг