Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Телетиббиёт орқали Туркманистон, Афғонистон ва Қирғизистондан сайёҳлар жалб қилинади

Телетиббиёт орқали Туркманистон, Афғонистон ва Қирғизистондан сайёҳлар жалб қилинади

Фото: Инновацион ривожланиш вазирлиги

Жорий йилнинг 21 май куни Инновацион ривожланиш вазирлиги ташаббуси билан Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва Тошкент Давлат стоматология институти билан ҳамкорликда навбатдаги телетиббиёт технологиясига асосланган онлайн маҳорат дарси ташкил этилди. Мазкур онлайн-тренингни тиббиёт фанлари доктори, доцент Севара Ризаева ўтказди.



Маҳорат дарси бир вақтнинг ўзида Жиззах вилоятидаги «Жиззах шифо» хусусий клиникасининг стоматолог шифокорлари ҳамда стоматология олийгоҳи талабалари учун ўтказилди. Бундан кўзланган асосий мақсад, масофадан туриб ахборот алмашуви, ортиқча вақт ва маблағ сарфламасдан керакли маълумотларга эга бўлиш, масофадан туриб даволаш, маслаҳат бериш, семинар дарсларини ўтказиш, мониторинг қилиш ҳамда тажриба алмашишдан иборат.

Теледиагностика орқали Ўзбекистон фуқаролари мамлакатдан ташқарига чиқмай, энг яхши хорижий экспертлардан консультация олишлари мумкин бўлади, беморлар вақти ва маблағи тежалади. Бу эса ўз навбатида Ўзбекистонда телетиббиётни ривожлантиришга, республикамиз тиббиёт туризми имкониятларини кенгайтиришга йўл очади ҳамда Туркманистон, Афғонистон ва Қирғизистон каби қўшни давлатлар фуқароларини Ўзбекистонга жалб қилади.

Айтиш жоизки, жорий йилнинг 17 май куни парламент қуйи палатасида инновацион ривожланиш, ахборот сиёсати ва ахборот технологиялари масалалари қўмитаси томонидан ташкиллаштирилган давра суҳбатида ҳам телемедицина институтини жорий этиш, бунда унинг ҳуқуқий асоси ҳисобланган Ўзбекистон Республикасининг «Телемедицина тўғрисида»ги Қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш, шунингдек, аҳолига, айниқса чекка қишлоқлардаги фуқароларимизга қўлай шароитларни таъминлашда «электрон поликлиника» тизимини кенг жорий этиш масалалари кўриб чиқилди.

Ҳозирда инновацион ривожланиш вазирлиги мутахассислари томонидан Қорақалпоғистон Республикасининг чекка туманларидан бири Мўйноқ туманида телетиббиётга асосланган инновацион клиника ташкил қилиш борасида ишлар олиб борилмоқда. Натижада чекка туманда истиқомат қилувчи фуқароларнинг вақти ва маблағини тежаган ҳолда ўз яшаш жойида соғлиғи бўйича керакли маълумотларни олиш имконига эга бўлади.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг