Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Тошкент вилояти ҳокимлиги «Sea Breeze» лойиҳасини ўз йўналиши доирасида назорат қилмоқчи

Тошкент вилояти ҳокимлиги «Sea Breeze» лойиҳасини ўз йўналиши доирасида назорат қилмоқчи

Тошкент вилояти ҳокимлиги «Sea Breeze» курорт мажмуаси қурилишига доир баёнотини эълон қилди.

Қайд этилишича, вилоятнинг Бўстонлиқ тумани Ўзбекистондаги энг салоҳиятли туризм ҳудудларидан бири бўлиб, 2024 йилда туманга 12 миллиондан ортиқ сайёҳ ташриф буюрган (қарийб 300 минг нафари хорижлик).

Туризмни ривожлантириш орқали даромадларни ошириш Тошкент вилоятининг ўсиш нуқталаридан бири бўлиб, маълум қилинишича, ўтган йили Бўстонлиқда туризм экспорти 325 миллион АҚШ долларини ташкил этган.

«Бу кўрсаткич ҳудуднинг бугунги кундаги қабул қилиш имкониятидан 4 баробар юқори. Сайёҳлар оқими ўсиб бораётгани, мавжуд меҳмонхона ва дам олиш масканлари етарли эмаслиги эса қатор ноқулайликларга сабаб бўлмоқда», – дейилади расмий баёнотда.

Шу муносабат билан, «Sea Breeze» курорт мажмуаси лойиҳаси доирасида Чорвоқ сув омбори бўйида 577 гектар ер майдони ва унга туташ 3 минг гектарлик ҳудудда кенг қамровли ишлар режалаштирилган. Дам олиш масканлари, чўмилиш ҳавзалари, спорт майдончалари, савдо ва сервис марказлари шулар жумласидан. Шунингдек, халқаро фестиваллар, концертлар ва анжуманлар ўтказишга хизмат қилувчи майдонлар ҳамда икки қирғоқни боғловчи кўприк қурилади.

Таъкидланишича, лойиҳа амалга оширилиши натижасида 10 мингдан зиёд иш ўрни яратилиши, туризм экспорти 500 миллион АҚШ долларга етиши, чет эллик сайёҳлар оқими эса йилига 5 миллион нафаргача кўпайиши кутилмоқда.

«Алоҳида таъкидлаш жоизки, ҳудуд аҳолисига очиқлик ва ҳисобдорликни таъминлаш мақсадида вилоят ҳокимлиги лойиҳа доирасида тегишли мажбуриятларни ўз зиммасига олади.

Хусусан, лойиҳа амалга оширилишининг барча босқичлари экология, қурилиш, кадастр ва санитария соҳалари бўйича вилоят тузилмалари томонидан тизимли назоратга олиниши таъминланади.

Ер участкаларини ажратиш, ижарага бериш ва қайта расмийлаштириш бўйича барча жараёнлар тасдиқланган мастер-режа асосида, экологик талаблар инобатга олинган ҳолда ва очиқ мониторинг шароитида амалга оширилиши назорат қилинади.

Вазирлар Маҳкамаси қарорида белгиланган тартибда ердан фойдаланиш ҳуқуқига эга бўлган барча фуқароларга компенсациялар тўланади», – дейилади ҳокимлик баёнотида.

Шунингдек, вилоят ҳокимлиги мазкур ҳудудда қонунбузарлик, табиатга зарар етказиш ёки жамият манфаатларини зид бўлган ҳар қандай уринишларга нисбатан қатъий чоралар кўрилишини таъкидлайди.

Манба: t.me

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг